Қоронғи режим
Image
Logo
ЭЙ РОББИМ, ЯХШИ ЗУРРИЁД БЕР!

ЭЙ РОББИМ, ЯХШИ ЗУРРИЁД БЕР!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда, Оли имрон сурасининг 38 ва 39 оятларида шундай марҳамат қилади: "Шу чоқда Закариё Роббига дуо қилиб: «Эй Роббим, менга Ўз ҳузурингдан яхши зурриёт бергин. Албатта, сен дуони эшитувчисан», деди. Меҳробда намоз ўқиб турганида, фаришталар унга: «Албатта, Аллоҳ сенга Аллоҳдан бўлган калимани тасдиқловчи, бошлиқ, шаҳвати тийилган, солиҳлардан бўлган Набий, Яҳёнинг башоратини бермоқда», дедилар".

Анбиё сурасининг 89-оятида эса шундай дейилади: "Ва Закариёни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Эй Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма,Сен, Ўзинг ворисларнинг энг яхшисисан», деган эди". Яъни, Закариё алайҳиссаломнинг чин дилдан қилган дуолари қабул бўлди. Аллоҳнинг фаришталари келиб у кишига суюнчилик хабарини етказдилар. Аллоҳ Закариё алайҳиссаломга ўғил фарзанд беришни ирода қилди.

Улуғ пайғамбарнинг ушбу ажиб дуоларида фарзанд илинжида юрган азизларимизга гўзал таълимот бор. Яъни, у зот алайҳиссалом Аллоҳга нола қилар эканлар, покиза зурриёд сўрадилар. Ваҳоланки, ёшлари ушанда тарих китобларида келишича юздан ошган, фарзанд умид қилиш мумкин бўлмаган ёшда эди. Табиийки, аёлларида ҳам бола кўриш учун салоҳият бўлмаган. Лекин Аллоҳнинг инояти бирла, фаришталар хушхабар берганидек, раҳнамо, фаҳш ишлардан тийилган, Яҳё исмли солиҳ фарзанд берилди. Шунинг учун ҳам уламолар, фарзанд кўришни истаган одам одамларга пешво бўладиган, Аллоҳ қайтарган ишлардан ўзини тийган, хулқи пайғамбарларга монанд солиҳ зурриёд сўраб илтижолар қилсин, дейдилар.

Айтмоқчи бўлганимиз, бугунги кунда тирноққа зор бўлиб, фарзанд кўриш учун турли чораларни излаётган келин-куёвларимиз юқорида зикр қилинганидек, пайғамбарларнинг суннати ўлароқ, ушбу маъсур дуоларни, имкон бўлса арабийсини топиб ўқисалар, иншааллоҳ, Аллоҳ енгиллик беради. Фақат ихлос ва ишонч мукаммал бўлса бас.

Илҳомжон Юнусов,
Косонсой тумани "Бузрукхўжа"жоме
масжидининг имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг