Қоронғи режим
Image
Logo

ФИТНАЛАРДАН САҚЛАНАЙЛИК.!

ФИТНАЛАРДАН САҚЛАНАЙЛИК.!

“Фитна” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, бир қанча маъноларни англатади. Фитна имтиҳон ва синовдир. Унинг гуноҳ, куфр, бузғунчилик, уруш, ёндириш, чалғитиш маъноларида ҳам ишлатилади.

Истилоҳда эса, фитна сўзи кўпинча турли-туман тарғибот-ташвиқотлар орқали кишиларни диндан қайтариш ёхуд муайян юртда ҳар хил ниқоблар остида ижтимоий парокандаликни келтириб чиқариш тушунилади. Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳ ҳисобланиб, шуниси билан хатарлики, у келганда асл моҳияти кўпчиликка ошкор бўлмайди, одамлар алданиб қолиб, нотўғри ташвиқотларга учиб қоладилар. Унинг келиши “қиличнинг қинидан чиқиши”, яъни парокандалик, бошбошдоқлик, қирғинбарот урушларнинг бошланиши, кетиши эса “қиличнинг қинга солиниши”, яъни урушнинг барҳам топиб, тинчлик ҳукмрон бўлишидир.

Бугунги кунда атрофимизда содир бўлаётган ҳодисаларни кузатар эканмиз, нотинчликлар, халқ орасида пайдо бўлаётган турли хил таҳликаларнинг асл сабабчиси мана шу фитналар эканлигига иқрор бўламиз. Айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган, асоссиз, таги пуч гаплар, ялтироқ шиорлар, баландпарвоз мақсадлар қанчадан қанча одамларни ўз домига тортмоқда. Ўзининг мустақил фикрига эга бўлмаган кишилар “фалончи бундай деяпти, пистончи бундай деяпти” деган сўзлар билан фитналарни оқламоқчи бўладилар. Уларнинг сўзлари қанчалик жозибадор бўлмасин меваси аччиқ, натижаси аянчлидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳаёт вақтларида пайдо бўлмаган, аммо келажакда вужудга келиши мумкин бўлган, халқ ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига раҳна соладиган бузғунчиликлар ҳақида огоҳлантирган эдилар. Кўплаб ҳадиси шарифларда фитнага тушиб қолишдан сақланишликка, унга аралашмасликка ва ундан йироқ бўлишга чақирилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳодан ривоят бўлган ҳадисда шундай марҳамат қилинади: “Келажакда фитналар бўлади. У фитналар келганда, ўтирган тургандан яхшидир, юрган тургандан яхшидир, юрган югургандан яхшидир. Ким унга қизиқиб интилса,  уни ўзига тортиб олиб ҳалок қилади. Ким ундан қочиб қутуладиган жой топса, ўша ердан паноҳ топсин. (фитнага аралашмасин)”. (Муслим ва Бухорий ривояти) Демак, фитнага яқиндан ё узоқдан аралашаган ҳар қандай инсон албатта, қандайдир зарар кўриб, гуноҳкор бўлар экан. Кимдир фитнада шахсан ўзи қатнашса, кимдир тили билан унинг ривожига ҳисса қўшар экан.

Мамлакатимиз мусулмонлари ҳам бу хатарли фитналар зарбасидан омонда қолишаётгани йўқ. Мустақиллигимиздан сўнг жонажон юртимизда ҳам турли бузғунчи фирқа ва оқимлар халқимизнинг бирлигию тинчлиги, эътиқод софлигига таҳдид қилиб, қўпорувчилик ва бузғунчилик ҳаракатларини содир этдилар. Ачинарлиси шундаки, бундай ишлар маълум доиралар манфаати йўлида динни ниқоб қилиб олган, асл мақсади ҳукмронлик бўлган манфур кишилар томонидан амалга оширилмоқда. Натижада муқаддас динимизга, мусулмонларга бўлган ишонч сўниб, унинг ўрнини қўрқув, ваҳима, ишончсизлик эгалламоқда. Ҳозирги ғоялар кураши даврида осойишталигимизни, диний ибодатларимизни бемалол бажараётганимизни кўролмайдиган бузғунчилар барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда, халқимиз орасига фитна уруғини сочиш, бир-бирига қарши гиж-гижлаш, ўзаро ишончсизликни келтириб чиқаришга уринмоқдалар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ушбу офатлардан саломат бўлиш учун динимизни мукаммал ўрганишимиз, ҳақни ботилдан ажрата билишимиз шунингдек, ҳар бир сўзимизни шариат ва ақл тарозисида ўлчаб гапирмоғимиз лозим.

Боситхон Юнусов,
Янгиқўрғон тумани "Исҳоқ ҳожи" жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг