Қоронғи режим
Image
Logo

ФИТНА ҚОТИЛЛИКДАН ҲАМ ОҒИР ГУНОҲ...

ФИТНА ҚОТИЛЛИКДАН ҲАМ ОҒИР ГУНОҲ...

“Фитна” деганда динда фитнага тушишни кўзда тутишган. Яъни фитнани иймон ҳақиқатларига, ислом хислатлари, сифатлари ва фарзларига бепарво бўлишдан сақланиш, деб талқин қилишган. Aйрим уламолар эса Aллоҳ таолонинг китоби ва Ҳазрати Расул акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига хилоф ишларнинг вужудга келиши энг катта фитна деб айтишади.

Аҳолиси тинч осуда ҳаёт кечириб турган одамлар орасидан ҳаловат ва тинчликни кўтарилишига сабаб бўладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари аслида одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир, ёмон оқибатларга олиб келадиган гуноҳдир. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг бир эмас икки жойида бу маънони таъкидлаган:

“Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир”.  (Бақара сураси/ 217. Тафсири Ирфон).

Бугунги ижтимоий тармоқ фаоллари орасида фитначилик ҳаракатлари ҳам кўп учрайди. Бу қисмни мавзумизга доир бандларнинг энг долзарбларидан бири дейиш мумкин.

Фитна ўзи нима, келинг бу ҳақда ҳолат тақозосидан келиб чиқиб батафсилроқ гаплашамиз: Ҳанафий мазҳабининг кўзга кўринган йирик олимларидан имом Зайнуддин Биргивий раҳимаҳуллоҳ “Тариқат ул-муҳаммадия” асарида исломий одоб-ахлоқ, хусусан қалб ҳасталиклари борасида қатор сўз юритар экан қирқ саккизинчи ўринда “Фитна” ҳақида алоҳида тўхталган. Имом Муҳаммад Ходимий асарни шарҳлар экан қуйидагиларни айтади:

Маънавий иллатлардан яна бири фитначиликдир. Фитна деб одамларни изтироб, ихтилоф, машаққат ва балога гирифтор қилишга айтилади. Масалан халқни боғийликка ташвиқ қилиш, подшога қарши чиқишга тарғиб қилиш, ваъз айтишда тингловчиларнинг савиясини ҳисобга олмасдан тушунмовчилик келтириб чиқарувчи мураккаб тилда гапириш каби ҳолатлар умуммаънода фитнага мисол бўлади.

Қалбидан дин ташвиши, уммат ғами ўчиб, иши фақатгина уламоларни, мусулмонларни айбларини қидириш, уларни ғийбат қилиш бўлган кимсаларнинг ушбу найрангларига нисбатан хушёр бўлмасак, оқибати жуда ҳам хатарли бўлиши мумкин. Аллоҳ асрасин

Фитнага аралашган одам ундан чиқиб кетиши қийин экан. Чунки фитна одатда жозибадор бўлади, унга қизиққанларни дарров жалб қилиб олади. Мўмин киши ҳар қандай оғир бўлмасин фитнадан қочиш керак. Зотан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан қочишни иложини топган одам қочсин, деганлар.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг динида собитқадам қилсин, фитна-фасод балосидан ўзи барчамизни асраб, икки дунё саодатини насиб қилсин! Амин!

 

Муҳибуллоҳ Ҳудойбердиев,
Тўрақўрғон тумани бош имом хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг