ФИТР САДАҚАСИ ҲИКМАТИ

Садақаи фитр иккинчи ҳижрий санада жорий қилинган. Бошқа садақалар молдан қилинса, бу садақа киши бошидан қилинади.
Ушбу садақа нима учун шариатимизда жорий қилинганининг сабаби, ҳикмати ушбу ривоятдан очиқ-ойдин кўриниб турибди. Рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш бўлсин, мискинлар учун таомланиш бўлсин деб жорий қилинган.
Рўзадор одам рамазон ойида рўза тутар экан, гоҳида билиб-билимай турли гаплар оғзидан чиқиб кетган бўлиши, шунингдек, баъзи ноқулай амаларни қилиб қўйган ва шу сабабдан кўнгли ғаш бўлиб юрган бўлиши мумкин. Ана ўша ғашликларни ювиб юбориш учун садақаи фитр тўлаш жорий қилинган.
Аллоҳ таоло: «Батаҳқиқ, ким Закотла покланса ва Роббиси исмини зикр қилса нажотга эришур», деган. Касир ибн Абдуллоҳ у отасидан, отаси бобосидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу оят ҳақида сўралган эди. «Фитр садақаси ҳақида нозил бўлган», дедилар». Ибн Хузайма ривоят қилган.
Шарҳ: Юқорида зикр қилинган оят фитр садақасининг фарзлиги ҳақидадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан баён қилингандан кейин ҳеч қандоқ гапу сўзга ўрин қолмайди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр Закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиши ва мискинлар учун таомланиши бўлсин учун фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул Закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бир садақа бўлур». (Абу Довуд, Ибн Можа ва ал-Ҳоким ривоят қилган ва «саҳиҳ», деган)
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадиси: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлардан ҳар бир қул ва ҳур, эркак ва аёл, катта ва кичикка бир соъ тамр ёки бир соъ арпа миқдорида фитр закотини фарз қилиб, уни одамлар ҳайит намозига чиқишидан олдин адо этишни буюрдилар». ( Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ва яна Ҳанафия мазҳаби бўйича фитр садақасини Рамазон ҳайитидан бир ёки бир неча кун олдин бериш жоиз:
«Абдуллоҳ ибн Умар фитр закотини уни олувчиларга берар, одамлар фитр садақасини ҳайитдан бир ёки икки кун олдин бериб қўяр эди». ( Имом Бухорий ривояти).
Уламолар тарафидан фитр садақасининг жуда ҳам кўп ҳикматлари ва фойдалари келтирилган. Буларнинг баъзиларини эътиборингизга ҳавола қилишлик билан чекланамиз:
Биринчи ҳикмати ва фойдаси фитр садақаси рамазон рўзасини хато ва камчиликлардан поклайди. Шунинг учун Вакеъ ибн Жарроҳ «Рамазон ойининг фитр садақаси худди намознинг саҳв саждасига ўхшайди. Намознинг вожиб амали тарк бўлган вақтда саҳв саждаси намозни тўғрилагандек, фитр садақаси рўзанинг камчиликларини тўғрилайди» дейди. Лекин бирор узр билан рўза тутолмаган кишилар ҳам, рўза тутиш вожиб бўлмаган ёш болаларга ҳам фитр садақасини бериш вожиб бўлади.
Иккинчи ҳикмати ва фойдаси ҳайит кунида камбағал ва мискинлар, етим ва бечораларни хурсанд қилиш, уларнинг очликларини кетказиб, ҳақиқий байрам кайфиятини уларга беришдир. Шунинг учун ҳам фитр садақасини ҳайит куни тонг вақтида бериш вожиб бўлади. Аммо, рамазоннинг аввалида, олдиндан берса жоиз. Ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак. Намоздан кейинга қолса ҳам соқит бўлмайди. Ҳаттоки, зиммасига вожиб бўлгандан сўнг инқирозга учраб камбағал бўлгандан кейин ҳам фитр садақа соқит бўлмайди.
Фитр садақаси қуйидаги тўрт нарсанинг қиймати баробарида чиқарилади. Улар: буғдойдан ярим соъ (2 кг), арпадан бир соъ 94кг), майиздан ярим соъ(2кг) ва хурмодан бир соъ (4кг)дир.
Эслатиб ўтамиз: Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2024 йилги Фитр садақасининг миқдори қуйидагича белгиланди. Унга кўра буғдойдан —
14 000 сўм; арпадан — 20 000 сўм; майиздан — 110 000 сўм; хурмодан — 180 000 сўм. Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини бериши мумкин бўлади.
Ҳусниддин ТАДЖИБАЕВ,
Наманган шаҳридаги “Бахоуддин Нақшбандий” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022