ФАРЗАНДЛАРИМИЗ - КЕЛАЖАГИМИЗ

Маълумки, фарзанд неъмати Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъмат бўлиб, ҳар бир ота-она бу неъматни қадрига етиб, ҳаққини адо қилиши зарурдир. Динимизда фарзанд тарбиясига катта аҳамият берилган бўлиб, уни фарзанд ҳатто дунёга келмасидан олдин бошлаш керак экани бир қанча китобларимизда баён қилинган.
Муқаддас динимиз отанинг зиммасига фарзанди дунёга келишидан олдин бир қанча вазифаларни юклаган бўлиб, уларнинг баъзисини баён қиламиз:
- Бўлажак фарзанд учун одоб-ахлоқли, дину диёнатли она танлаш. Чунки фарзанд тарбиясига отадан кўра онанинг таъсири кўпроқ экани барчамизга маълум. Сабаби – оталар кўпроқ вақтларини оиласининг моддий таъминоти учун кўча-кўйда ўтказадилар. Фарзанд эса кўпроқ онаси билан уйда қолади. Фарзанд ким билан кўпроқ мулоқотда бўлса, табиийки ўшанинг таъсири катта бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада “Сизлар ўз нутфангизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар. Ўзингизга муносибларга никоҳланинглар!” деб, марҳамат қилганлар. (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Демак, фарзанд одоб-ахлоқли бўлиши учун унинг биринчи суҳбатдоши бўлмиш – онасини ҳусни хулқли ва солиҳасини танлаш отанинг бурчи экан.
- Эр-хотинлик муомаласидан олдин ота ҳадиси шарифда келган дуони ўқиши керак. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Агар сизлардан бирингиз ўз аёлига яқин келишни хоҳласа: “Бисмиллаҳи, Аллоҳумма жаннибнаш шайтона ва жаннибиш шайтона маа розақтанаа” десин. Шундай муомаладан кейин Аллоҳ уларга фарзанд тақдир қилган бўлса, ўша фарзандга шайтон ҳеч қачон зарар бера олмайди” (Имом Бухорий ривоятлари).
Уламоларимиз айтадиларки, “бисмиллоҳ” билан бўлган фарзандни шайтон маълум миқдорда васваса қилиши мумкин, лекин ҳеч қачон уни буткул ўзига бўйсиндира олмайди. Демак, фарзандни шайтон васваса қилмаслиги учун отанинг ҳиссаси жуда катта экан.
- Ҳомиладор бўлган онага ҳалолдан едириш – отанинг зиммасидаги фарзанд учун бажариши керак бўлган вазифалардан биридир. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом “Қайси гўшт ҳаромдан улғайса, жаҳаннамга киришга лойиқ бўлади” деганлар (Имом Термизий ривоятлари).
Маълумки, ҳомила она озуқасидан ривожланади. Шунинг учун онанинг луқмаси ҳомилага албатта таъсир қилади. Шундай экан, ҳомиладор она истаган нарсасини ота олиб келишда биринчи навбатда ҳалол эканига эътибор қаратиши айни муддаодир.
Ҳозирги кунда фарзандларимиз мактабдан таътилга чиққан вақтларидир. Мана шу пайтдан ҳам унумли фойдаланиб, ёшларимизни касб-ҳунар, тил курслари каби фойдали тўгаракларга йўналтиришимиз – айни муддаодир. Шу билан бирга таътил пайтида фарзандларимиз кимлар билан дўстлашяпти ва бўш вақтларини кимлар билан ўтказяпти шуларга ҳам алоҳида эътибор бериб қўйишимиз керак бўлади.
Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзиларнинг фарзандлари, хоссатан, мактаб ёшидаги йигитлар вақтларининг аксарини интернет ва компьютер ўйинлари клубларида ҳар хил ножўя ўйин ўйнаб, инсоннинг қалби ва имонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб ва тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан суҳбат ўтказиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар.
Ислом динида “илм” деганда “диний” ва “дунёвий” илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда “Сизларнинг энг яхшингиз – бу дунёсини деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга малол келтирмаганидир” дейилган. Ушбу таълимотларга жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.
Илоҳим, фарзандларимиз ҳам буюк бобокалонларимиз изидан давомчи бўлиб, дунёга машҳур олимлардан бўлишалрини насиб қилсин.
Шукрулло ТУРСУНОВ
Наманган шаҳар “Абу Ҳанифа” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022