Қоронғи режим
Image
Logo

ФИТНА - ЭНГ ЖИРКАНЧ ЁМОНЛИК

ФИТНА -   ЭНГ   ЖИРКАНЧ  ЁМОНЛИК

Тарихга  назар ташласак, ҳар қандай кўнгилсиз воқеа-ҳодиса замирида, албатта, фитналар уюштирилганига гувоҳ бўламиз. Одам алайҳиссалом давридан то Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларигача, саодат асридан бугунги кунгача кузатилган ҳар қандай уруш  қонли тўқнашувларга албатта фитналар сабаб бўлгандир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир», деб марҳамат қилган (Бақара сураси, 191-оят). Тинч  ҳаёт кечириб турган одамлар орасидан ҳаловат ва тинчлик кўтарилишига сабаб бўладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари аслида одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир, ёмон оқибатларга олиб келадиган гуноҳ эканини асло унутмаслик зарур.

Ҳадиси шарифларда ҳам фитна қаттиқ  қораланади. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Яқин орада фитналар бўлади. Ўша чоғда ўтириб олган одам тик тургандан яхшироқдир. Ўрнида жим тик турган эса, юраётган одамдан яхшироқдир. Яёв юрган эса, тез-тез юраётган одамдан яхшироқдир. Ким ўша фитналарга эътибор берса, уни фитна ўзига тортиб олади. Кимки қутулишга жой топса, ўша жойда фитнадан ҳимоялансин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу муборак ҳадисда Набий алайҳиссалом киноя билан ҳам фитнага аралашиб қолишдан қаттиқ қайтармоқдалар.

Демак, фитнага қўшилиш учун ҳаракатга тушгандан, унга қўшилмай жим туриш яхши экани айтилмоқда

Бу иллат жамиятда илдиз отар экан, унга аралашган одам дарҳол чиқиб кетиши қийин. Чунки фитна одатда жозибали бўлади, унга қизиққанларни дарров ўзига жалб қилади. Мўмин киши ҳар қандай оғир бўлмасин, фитнадан қочиши шарт.

Улуғларимиз бундай деганлар: “Маънавий иллатлардан яна бири фитначиликдир. Фитна деб одамларни изтироб, ихтилоф, машаққат ва балога гирифтор қилишга айтилади. Масалан, халқни давлатга қарши чиқишга тарғиб қилиш, ваъз айтишда тингловчиларнинг савиясини ҳисобга олмасдан тушунмовчилик келтириб чиқарувчи мураккаб тилда гапириш каби ҳолатлар умуммаънода фитнага мисол бўлади.

Бугун фитналар шу қадар чуқур илдиз отяптики, бундай ҳолатда мўмин-мусулмон киши зийрак ва ҳушёр бўлиши қатъий талаб этилади. Ижтимоий тармоқларда, интернет сайтларида тирноқ остидан кир қидиришни “касб қилиб олган” касларнинг динимизга, Ватанимизга тош отишлари Ойша онамизга фитна уюштирганларникидан кам эмас.

Шундай экан, бугун ўзи мўмин ҳисоблаган, шу азиз диёрнинг фуқароси бўлган киши ҳар қандай фитнага дуч келса, аввало, мазкур ояти карима ва ҳадиси шарифга мурожаат қилиши, ақл билан иш тутиши зарур.

Яратган Роббимиз  барчамизни фитналардан асраб, омонда бўлишимизни насиб қилсин

 

Кенжабек Солиев,
Чуст туман "Ғойиб Эронлар" жоме
  масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг