ФОЙДА ИЗЛАМАЙ СЕВДИМ – РАМАЗОН!

Ҳақиқий иймон эгаси шариат кўрсатмаларидан бирор рағбат ёки фойда изламайди. “Роббимнинг буйруғи” деб адо этаверади. Рамазон рўзаси ҳам ана шундай ибодатлардандир. Бироқ уламолар мўминларнинг ушбу ибодатни бажаришда муҳаббат ва шижоатлари янада ошиши учун оят ва ҳадисларга асосланиб рўзанинг ҳикмат ва фойдаларини изоҳлаб беришга ҳаракат қилишган.
Аслида рамазон – тана учун ташналик ва тийилиш ойи. Шу билан бирга рамазон – руҳ учун тўкин-сочинлик, байрам ойи ҳамдир. Инсон нон билан эмас, иймон билан тириклигини ҳис этмоғи керак. Чунки мўмин инсон тетиклигини таом билан эмас, тақво билан ўлчамоғи зарур. “Мен рўза сабаб ҳолсизман” деб баҳона қилиб, одатий хайрли ишларингиздан тўхтаманг, уларни сусайтирманг, унда рўзадан кўзланган мақсадлар тўлалигича ҳосил бўлмай қолади. Аксинча, агар рўза талаб қилгандек тутилса борми, эзгу ишларда рағбатингиз, жидд-у жаҳдингиз ошганини кўрасиз.
Жисм заифлашгандек туюлади, бироқ саломатлик сари йўл олган бўлади. Замонавий тиббий татқиқотларга кўра рўза тутиш билан инсоннинг ичаклари, ошқозони ва бошқа аъзолари касаллик келтириб чиқарувчи турли зарарли моддалардан покланади. Бадан ортиқча намликдан халос бўлади. Араб диёрларида энг машхур шифокорлардан бўлган Ҳорис ибн Калда ўз изланишларидан келиб чиқиб қуйидагича хулоса қилган: “Ошқозон касалликлар уйидир. Парҳез барча давонинг бошидир”. Барча ишда умматига муаллим бўлган суюкли Росулуллуоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам рўзанинг жисмимиз учун энг катта фойдасини 14 аср аввал ўзларининг бир ҳадиси шарифларида баён қилиб қўйган: “Рўза тутинглар, соғлом бўласизлар”.
Демак жисм заифлашганда руҳ қувватланиб, кучга кирар экан бундан фойдаланиб қолмоқ керак. Одатда заиф кучлига бўйсунади. Танада ҳукмронликни даъво қилаётган нафсимиз заифлашганида уни яхшиликларга, фойдали ишларга одатлантириб олиш лозим бўлади.
Нафсимизни доимо ёмонликка рағбатлантириб, йўлдан оздириш пайида юрадиган шайтонни мағлуб қилишда ҳам рўзанинг фойдалари беқиёс. Бу борада Росулуллуоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам муттафақун алайҳ ҳадисда: “Албатта, шайтон одам боласининг қон томирида юради. Унинг юрадиган йўлларини очлик билан торайтиринглар” дея таълим берганлар. Руҳи қувватли банданинг қалби юмшоқ бўлади, қалби юмшоқ киши инсониятга меҳр-мурувват туйғулари билан яшайди, бу туйғулар соҳибини ночор қариндош, ўксик яқинларнинг ғамини аритишга ундайди. Юсуф алайҳиссаломдан: “Нега оч юрасиз? Ахир дунё бойликлари устида бўлсангиз?” деб сўралганида: “Тўқ бўлсам, очларни унутиб қўйишдан қўрқаман”, деб жавоб берган эканлар.
Аллоҳим барчамизнинг бу ойда қилаётган нафл амалларимизни фарз ибодат ўрнида, фарз ибодатларимизни эса етмиш, балки ундан зиёда даражада ажрлар ато этган ҳолда Ўз даргоҳида қабул қилсин.
Нуриддин Хамрақулов,
Учқўрғон тумани “Саттибой ҳалфа” жоме
масжиди имом ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022