Қоронғи режим
Image
Logo

ҒАЗАБ ВАҚТИДА ҚИЛИНГАН БИРГИНА ХАТО..

ҒАЗАБ ВАҚТИДА ҚИЛИНГАН БИРГИНА ХАТО..

       Эрта тонг билан уйдан чиққан киши кўчаларни айланиб юрган пайтида дўкондан чиройли манзара тасвири туширилган  уй жиҳози сотиб олди. Уйга олиб келиб меҳмонхонага қўйди. Сўнг ўзи ишга жўнаб кетди. Уйда аҳли аёли билан тўрт ёшли фарзанди қолган эди. Онаси уй юмушлари билан овора бўлиб боласига эътибор бера олмади. Бола эса қўлида рангли қалам билан жиҳоз қўйилган жойга келди ва уни буяй бошлади. Ишни якунлаб ота уйга қайтиб келгандан кейин не кўз билан карасинки жиҳозни барча жойи бўяб ташланган эди. Ўзини қўлга ололмаган ота аввало аёлига ташланиб уни уришиб койиди. Сўнг тўрт ёшли фарзандига ўшқириб уни калтаклади. Бу ҳам етмагандай фарзандини ўнг қўлини столнинг бир оёғига, чап қўлини эса бошқа бир оёғига маҳкам қилиб боғлаб қуйди. Бола дод-фарёд қилар, қаттиқ чинқираб йиғлар эди. Онаси бўлса боласига ёрдам бергиси келар, лекин эрининг ғазабидан қўрқиб фарзандининг олдига бора олмас эди. Орадан бироз вақт ўтгандан сўнг боланинг овози тиниб қолди. Она болам ухлаб қолди, деган ўйда фарзандининг олдига борганда не кўз билан кўрсинки мурғаккина қўллари ипнинг қаттиқ боғланганидан қорайиб, кўкариб кетган, ўзи эса беҳуш ётар эди. Шу пайтда она бор овозича қичқириб юборди. Бошқа хонада дарғазаб бўлиб ўтирган ота бирпасда ўғлининг олдига етиб келиб қўлларини арқондан бўшатди. Ва елкасига опичлаб олиб яқин ўртадаги шифохонага боришди. Шифокорлар болани аҳволини кўриб, уни икки қўлини дарҳол кесиб ташлаш кераклигини айтишди. Ғазаб сабабидан бир хато туфайли боланинг мурғакгина қўллари кесилди.

        Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, арзимаган нарса учун боласини калтаклаган ота фарзандини бармоқсиз қўлларини кўрганда қалбидан қандай ҳаёллар ўтар экан? Кўча-кўйда фарзандларининг қўлларидан тутиб сайр қилиб юрган оталарни кўрганида ўзи ғазаб ҳолатида қилиб қўйган ишидан қалбида виждон азоби қанчалик алангаланишини ўша инсоннинг ўзи ва яратган Роббимизнинг ўзига аён. Бунга ўхшаш ҳолатлар кўплаб топилади. Ачинарлиси, ҳаётда баъзи бир ота-оналарни кўча-кўйда, уйларида фарзандларини бўлар-бўлмасга калтаклаётганини эшитамиз. Аслида бу ишлари нотўғри эканлигини билишмайди. Агар уларга насиҳат тарзида бу ишни қилманг, оқибати ёмон бўлади десангиз, улар сизга урсам ўзимни фарзандимни ураман сиз аралашманг деган оҳангдаги сўзларига гувоҳ бўламиз. Шунинг учун ҳам бизлар фарзандларимизни тарбиялашда миллий қадриятларимизга, ислом дини кўрсатмаларига амал қилишимиз керак бўлади. Агар ёш бола бирор-бир инсондан меҳр-муҳаббат кўрса бу ишни ҳеч қачон ёдидан чиқармайди.

        Имом Муслим ўзларининг “Саҳиҳи Муслим ” китобларида қуйидаги ҳадисни келтирадилар. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу ёшликларида бўлиб ўтган бир гўзал воқеани эсга оладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда бомдод намозини ўқидим. Намоз тугагандан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ташқарига чиқдилар. Болалар у кишини ўраб олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни ҳар бирини юзини муборак қўллари ила силаб қўйдилар. Сўнг мени юзимга ҳам муборак қўлларини теккиздилар. У зотнинг қўлларидан жуда ҳам бир хушбўй ҳидни топдим. Худди атторнинг хушбуйлик солинган идишидан қўлларини чиқарганлари каби хушбуй ҳид таралиб турар эди.

        Эътибор беринг: Ёшгина бола Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан бўлган меҳрни ёдидан чиқармаган. Шунинг учун бизлар ҳам Аллоҳ берган фарзанд деб аталмиш неъматни қадрига етишимиз ва уни одобини гўзал қилишимиз, келажакда уни ўзи учун ҳамда яшаб турган жамиятига фойда келтирувчи қилиб тарбиялашимиз лозим. Аллоҳ барчамизнинг кўзларимизни фарзандларимиз ила қувонтирсин .

                                                               Расулхон Қосимов,
Чуст тумани “Уста Ўринбой” жоме
масжиди имоми-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг