ГИЁҲВАНДЛИК – УМР ЗАВОЛИ..

Инсон дунё ҳаётда яшар экан, яхшиликка интилиб, ёмонликдан қайтиб яшашга ҳаракат қилади, лекин “яхшилик” ва “ёмонлик” тушунчаларига ҳар ким ҳар хил таъриф беради. Баъзилар яхши деб ҳисоблаган ишлар бошқалар наздида ёмон, ёки аксинча бўлади. Ислом дини таълимотида нимаки яхши деб буюрилган бўлса, у яхши, нимаки ёмон деб қайтарилган бўлса ўша нарса ёмондир. Динимиз аҳкомлари инсонни дини, жони, ақли, насли ва саломатлигига, умуман айтганда, ҳаётига зарар етказишга сабаб бўлувчи барча нарсаларни ёмон деб ўша нарсалардан қайтарган, қайтарибгина қолмасдан, балки ҳаром деб эълон қилган. Булардан бири гиёҳванд моддалардир. Зеро, гиёҳвандлик инсоният келажагининг кушандасидир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан ким ёмон - мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар бунга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, дили билан...», деганлар. (Имом Бухорий ривоят қилган)
Бу хадиси шарифда келган «мункар иш» дегани, «ёмон иш» деганидир. Бугунги кунимизда гиёҳвандлик ёмон ишларнинг ҳам энг ёмонидир.
Муқаддас динимиз таълимоти нафақат инсон ҳаётининг руҳий ва маънавий камолотига эътибор берибгина қолмай, айни вақтда унинг жисмоний жиҳатларини ҳам қамраб олган. Уламоларимиз руҳий ва моддий ҳаётни худди нарвоннинг икки устинига ўхшатишган, яъни икки тараф баробар тенг бўлишига эътибор бериш зарурлиги айтилади. Инсоннинг эътиқоди кучли, мустаҳкам бўлиши билан бирга тани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларга бардош бера оладиган бўлмоғи лозим.
Гиёҳвандлик нафақат кишиларни кучсиз, заиф ва бечораҳол қилади, балки оилаларга, одоб-аҳлоққа, умуман инсон ҳаётининг барча соҳаларига таҳдид солади ва уни издан чиқаради, охир-оқибат уни ҳалок қилишгача олиб боради.
Гиёҳвандликка қарши кураш оммавий бўлиши лозимлигини янада чуқурроқ англаб етишимиз учун қуйидаги ҳадиси шарифни яхшилаб ўрганмоғимиз лозим бўлади.
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан, у киши Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: «Аллоҳнинг ҳадди - чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа ташлаб, жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга ҳожатлари тушса, юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар: «Юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиз (кемадаги жой)дан бир жойни тешиб олсак, қандоқ бўларкин», дедилар. Агар уларни истаклари ила қўйиб қўйсалар, ҳаммалари ҳалок бўлурлар. Агар уларнинг қўлларидан тутсалар, улар ҳам, бошқалар ҳам - ҳаммалари нажот топурлар». Имом Бухорий ривоят қилган.
Бугунги кунимизда гиёҳвандлик қилаётганлар, ул моддаларни етиштириб, ишлаб чиқараётганлар, ташиётганлар, сотаётганлар —барча-барчалари ҳаммамизнинг ҳаёт кемамизни тагидан тешиб ғарқ этишга ҳаракат қилаётган жоҳиллардир. Агар кўплашиб уларнинг қўлидан тутмасак, ҳаммамиз бараварига ғарқ бўлиб, ҳалокатга учрашимиз турган гап.
Ҳа, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарурдир.Бу ишда ҳар ким қўлидан келган ҳиссасини қўшмоғи матлубдир. Билиб туриб бепарво бўлишга ҳеч ҳаққимиз йуқ.
Билолхон Инамов ,
Чуст тумани “Мавлоно Лутфуллоҳ”
жоме масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022