Қоронғи режим
Image
Logo

Ҳалол меҳнати билан касб-ҳунар қиладиган киши эл орасида қадрлидир.

Ҳалол меҳнати билан касб-ҳунар қиладиган киши эл орасида қадрлидир.

Ҳалол меҳнати билан касб-ҳунар қиладиган киши эл орасида қадрли ҳисобланади. Бундайларни Аллоҳ ҳам хуш кўради. Буни Расулуллоҳ  (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир хадиси муборакларида: "Албатта, Аллоҳ таоло (ҳалол) касб-ҳунарли кишини севади", деган сўзлари билан тасдиқлаганлар. Яратганнинг севган бандаси бўлиш Аллоҳнинг бирлигига эътиқод қилган, эзгулик истовчи миллионлаб инсонларнинг асрлар давомидаги орзуси эканини хаммамиз яхши биламиз.       Демак, ҳар биримиз шунга ҳаракат қилишимиз лозим. Зеро, ҳар қайси инсон бировга мухтож бўлмаслиги, ўз ҳалол меҳнати орқали уй эҳтиёжларини қондириши лозим.   

      Бу тўғрида  муҳтарам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: "Ким тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват кўрсатиш мақсадида ҳалол  ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат куни Аллоҳ таолога юзи ёруғ ҳолда йўлиқади" (Имом Байҳақий  ривояти). 

    Шу ўринда Абдулқдир Бедилнинг байтларидан бирини эслаб ўтиш мақсадга мувофиқдир:

Инсоннинг қиммати эмас сийму зар,

Инсоннинг қиммати илм ва ҳунар.

         Азиз ёшларимизга Президентимизнинг, элу юртнииг ишончи катта.  Бунга  жавобан ҳар бир комилликни эгаллаган ёшларимиз бу ишончга содиқлигини намоён қилиши керак. Бу нималарда акс этади? Авввало, ўқиш ва  касб-ҳунар эгаллашга катта иштиёқ ва иҳлос, илмга зўр чанқоқлик билан боришлари лозим. Бўш вақтларида компютер хоналарида замонавий илм-фан ютуқларини, интер­нет орқали жаҳондаги янгиликларни ўзлаштириб олишлари, ўз мутахассисликлари бўйича қўшимча маълумотларга эга бўлишлари керак. Зеро, дангасалик қилиб юрган  ўқувчи ёки талаба билимларининг тури, ҳажми оз, заковатинипг даражаси ҳам паст бўлиши табиий.

       Чукур фикр қилсангиз, одам дунёдаги ҳамма яхши нарсаларга эга бўлса-ю, лекин ўзи меҳнат қилмаса, у бахтли бўла олмаслиги ҳаёт тажрибасида кўриниб турган оддий хақиқатдир. Эзгу мақсадларга эришишнинг энг муҳим омили бўлган касб-ҳунар, меҳнатсеварлик туфайли мамлакатимизнинг гуллаб-яшнашига муносиб хисса қўшишимиз мумкин. Шунинг учун хам касб-ҳунар, меҳнатсеварлик тарбиясида, аввал айтилганидек, меҳнат таълими ва касбга йўналтриш жараёнларининг  ўрни катта.

     Динимизда инсон ўз ризқини ҳалол йўл билан топишга буюрилган. Бақара сурасининг 172-оятида бундай марҳамат қилинади: "Эй имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, унга шукр қилингиз». Бошқа бир оятда эса, ўша ҳалол ризқни нопок йўллар билан ейишдан қайтарилади: "Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!" (Нисо, 29).

    

      Юқоридаги фикрларнинг исботи сифатида  буюк муҳаддис ватандошимиз Имом Бухорий ҳазратлари: "Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва булмагай", дея уқтирганлар.

     Хулоса  қилиб айтганда, ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун унга тааллуқли илмни мукаммал билмоқ керак. Касбига муҳаббати бор инсон ўз меҳнатидан чарчамайди, балки роҳатланади, касби туфайли атрофдагиларга ёрдами тегса, ўзини бахтли ҳисоблайди. Шунинг учун бўлса керак, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) "Одамларнинг яхшиси кишиларга фойда етказгани", дедилар. Қайси замонда бўлмасин, ҳалол йўл билан жамиятга фойда етказган киши Пайғамбаримизнинг "яхшилар" деган таърифига муносиб бўлади.

 

                                   Абдусаломхон Тожихўжаев,
Чуст  туман "Имомқулбой" жоме
масжиди имом-хатиб
и

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг