
Ҳар бир солиҳ амални икки дунёда самараси бордир.
Мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурларига бир киши ўз фарзандини олиб келиб: «Ҳазрат, шу ўғлимга бир насиҳат қилсангиз, кун бўйи асал егани еган. Тугаб қолса, “Олиб келинг” деб жанжал қилиб, ҳоли жонимга қўймайди. Онаси иккаламиз қанча панду насиҳат қилмайлик, ҳеч кор этмаяпти”, дея шикоят қилди. Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) бир оз ўйланиб туриб: “Фарзандингизни бир ойдан кейин олиб келинг”, деди. Ҳалиги киши бир ойдан кейин яна Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурларига келди. Шунда Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) унинг ўғлини ёнларига ўтқизиб, бошини силадилар-да: “Ўғлим, эсли-ҳушли бола экансан, асалнинг кўпи ҳам зарар, шунинг учун ота-онангга қулоқ солиб, рухсат беришган вақтдагина егин, хўпми?” деди. Бола эса: “Хўп бўлади”, деб жавоб берди. Шунда боланинг отаси:
– Тақсир, бир нарса сўрасам? – деди.
– Марҳамат.
– Шу бир оғиз насиҳатингизни ўтган ой келганимизда айтсангиз бўлмасмиди? Бир ой куттирмоқдан муддао нима?
– Сизлар келган куни эрталаб асал еган эдим. Асалнинг қуввати ва таъсирини ҳали яхши билмай туриб, “Асал ема”, деб насиҳат қилишдан тийилдим, чунки сўзимнинг таъсири бўлмай қолиши мумкин эди. Шу боис сизларни қайтариб юборгач, бир ой давомида ўзимни асал емоқдан тийдим. Иншааллоҳ, фарзандингизга бу насиҳат энди фойда беради», – дея жавоб бердилар.
Бу ривоятда ҳар бир мусулмон учун катта сабоқ ва ўрнак, амалий фойда бор.
Мусулмон киши ҳаёти давомида ҳар қандай солиҳ амал бажарса, унинг самарасини бу дунёда ҳам олади. Дунёдаги самараси инсонларни орасидаги муҳаббат, шу инсонга нисбатан эҳтиром бўлса охиратдагиси албатта, Аллоҳ ҳузурида улуғ савобларга мушарраф бўлади.
Инсонларни табриклаш ва уларнинг қалбига хурсандчилик етказиш Ислом динимиз назарида энг катта қурбат, яъни Аллоҳга яқин қилувчи ва фарз амаллардан кейин турадиган, Аллоҳга севимли бўлган ва Роббимиз хуш кўрадиган амаллардандир. Бундай амаллар гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлади ва жаннатга йўл очади. Ушбу улуғ неъматлар, савоблар ҳақида башорат берилган муборак ҳадиси шарифларни ўқиб ўрганган инсон беихтиёр бутун вужуди ила эзгулик қилиб, кишилар қалбини қувончга тўлдигиси келади.
Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ким биродарига уни хурсанд қилиш учун яхши кўрган нарсасини берса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни мамнун қилади”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Имом Табароний Ҳасан ибн Алидан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон биродарингга хурсандчилик улашиш гуноҳлар кечирилишини вожиб қиладиган амаллардандир”, дедилар.
Демакки мусулмон инсонга бошқа бир мусулмон яхши сўз айтадими ё ки хурсанчилик кунларида табриклайдими буни ажри бор.
Каъб ибн Молик: «Баланд овозда “Эй Каъб ибн Молик, табриклайман”, деяётган овозларни эшитдим. Одамлар мени табрикладилар. Мен Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўришни истаб чиқдим. Одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб келиб, мени тавбамнинг қабул бўлгани билан табриклардилар. “Аллоҳ тавбангни қабул қилгани билан табриклаймиз”, дейишди. Шунда масжидга кирдим, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) атрофларида одамлар ўтиришарди. Талҳа ибн Убайдуллоҳ туриб келди ва мени қучоқлаб табриклади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Суннати Набавий бизни гўзал табрик ва чиройли дуо сўзларидан фойдаланишга буюради. Мусулмон киши уни пухта ўрганиши ва муносиб вақтда айтиши лозим.
Ботиров Баҳодир,
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022