ҲАСАДЧИ БИЗДАН ЭМАС.

Ҳасад Аллоҳ зарари тегмайдиган, дини ва дунёси учун фойдали қилиб берган неъматни ундан кетишини исташдир. Ёки ўша кишининг шундай неъматга эриша олмаслигини хоҳлашдир.
Ҳасад барча уламоларнинг иттифоқига кўра ҳаром ва оғир гуноҳдир. Ҳасад тоат-ибодатларни йўққа чиқаради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом айтдилар:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِىَّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ
« إِيَّاكُمْ وَالْحَسَدَ فَإِنَّ الْحَسَدَ يَأْكُلُ الْحَسَنَاتِ كَمَا تَأْكُلُ النَّارُ الْحَطَبَ »
яъни: “Ҳасаддан жуда эҳтиёт бўлинглар. Чунки ҳасад олов ёғочни егани каби яхшиликларни ейди”, (Имом Ибн Можа ривояти).
Ҳасад кишини ёмон ишларга бошлайди. Ҳасадчи ёлғон, ғийбат, сўкиш ва сўкинишдан қутила олмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:"لا يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَا لَمْ يَتَحَاسَدُوا".
яъни: “Инсонлар бир-бирларига ҳасад қилмагунларича яхшиликда давом этадилар”, (Имом Табароний ривояти).
Ҳасадчи қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларидан маҳрум бўлади. У зот:
لَيْسَ مِنَّا ذُو حَسَدٍ وَلَا نَمِيمَةٍ وَلَا كِهَانَةٍ وَلَا أَنَا مِنْهُ ثُمَّ تَلَا قَوْله تَعَالَى
وَاَلَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ ، وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا فَقَدْ احْتَمَلُوا بُهْتَانًا وَإِثْمًا مُبِينًا
яъни: «Ҳасадчи, чақимчи, фол очувчи биздан эмас, мен ундан ҳам эмасман”, дедилар ва ушбу оятни: “Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар”», (Имом Аҳмад ривояти).
Ривоят қилинишича: Яъни: “Олти тоифа киши ҳисоб-китобсиз дўзахга тушади: 1) адолатсиз бошлиқлар; 2) миллатчи араблар; 3) мутакаббир деҳқонлар; 4) ёлғончи тижоратчилар; 5) ҳасадчи олимлар; 6) бахил бойлар” (Имом Дайламий ривояти).
Ҳасад бировга зарар беришга бошлайди. Шу боис Аллоҳ таоло шайтондан паноҳ сўрагандек ҳасадчилардан ҳам паноҳ сўрашни ўргатади:
وَمِنْ شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ
яъни: «ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан» (Фалақ сураси, 5-оят).
Муоз ибн Жабар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
عَنْ مُعَاذِ بن جَبَلٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:
"اسْتَعِينُوا عَلَى إِنْجَاحِ الْحَوَائِجِ بِالْكِتْمَانِ، فَإِنَّ كُلَّ ذِي نِعْمَةٍ مَحْسُودٌ"
Яъни: “Ишларингиз муваффақиятли якунланишини истасангиз, уларни сир тутинг. Чунки ҳар бир неъмат эгасининг ҳасадчиси бордир” (Имом Табароний ривояти).
Ҳасадчи ҳар доим куйиб-ёнади, бировларни кўра олмайди. Шу боис доимо унинг қалбида ғам, алам бўлади. Аллоҳнинг ҳикматларини англамайди.
Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳасадчи бўлма, калтафаҳм қоласан. Ҳасадчи ҳар доим маҳрумдир. Чунки у ҳеч қачон муродига эриша олмайди, балки душманига унинг мақсадига етишишида ўзи билмаган ҳолда кўмаклашиб юборади. Шу боис ҳасадчининг косаси оқармайди”.
Ҳасад ҳаром амал, шу боис ундан узоқ туриш керак. Ҳасад сенинг дунёингга ва динингга фойда келтирмайди. Ҳасаддан душманга зарар эмас, фойда келади. Лекин сенинг динингга зарар бўлади. Ҳасадинг туфайли Аллоҳнинг ғазабига дучор бўласан. Сен ҳасад қилаётиб, гўё Аллоҳ бировга берган неъматни нодонлик билан ёмон кўргандек бўласан. Бунинг оқибатида гуноҳкорга айланасан.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳасаддан асрасин!
Абдурахмон Отабаев,
Наманган тумани "Мирхомид" жоме
масжиди имом-хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022