Қоронғи режим
Image
Logo

ИСЛОМ ИЛМУ-МАЪРИФАТ ДИНИДИР

ИСЛОМ ИЛМУ-МАЪРИФАТ ДИНИДИР

Бугунги кунда бутун дунёда инсон онги ва руҳини эгаллаш учун мафкуравий курашлар кундан – кунга авж олиб бормоқда. Ана шундай бир замонда айрим “мутаассиб” кучлар ўзларининг исёнкор ва бузғунчи ғояларини бизнинг диёримизга ҳам киритишга уринмоқдалар. Энг ачинарли томони, бундай разил кимсалар ўзларининг ғаразли ва қабиҳ мақсадларига етишиш учун, инсониятни фақат эзгулик, меҳр-оқибат ва покликка чақирадиган, ота–боболаримизнинг қон–қонига сингиб кетган муқаддас динимизни ўзлари учун қалқон қилиб олганидир. Шундай экан биз мана шу юрт фарзанди сифатида, шу муқаддас динни холис эътиқод қилувчиси сифатида, бундай ёвуз кучларга қарши турмоғимиз зарур. Шундай экан динимизга ёт бўлган бундай оқимларнинг келиб чиқиши, диёримизга кириб келиши сабаблари, уларининг ботил даъволари ва бу даъволарининг мутлақо асоссиз эканлиги ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

Бундай оқимлар – охиратни эмас, дунё ғамини еган, дарду – хаёллари обрў, мансаб, ҳокимият бўлган, на динда на дунёда ўз ўринларини топа олмаган бир гуруҳ ғаразли кимсаларнинг ўйлаб топган уйдирмаларидир. Бизнинг диёримиз азалдан дину – диёнат, илму-маърифат майдонида улкан ютуқларни қўлга киритганлиги ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, бу борада диний уламоларимиз эришган ютуқлар таҳсинга сазовордир. Буни бутун дунё муҳаддислари имоми дея тан олинган Имом Бухорий, аҳли сунна вал жамоа мазҳабидаги улкан таълимот, “Мотуридия таълимоти” асосчиси Имом Мотуридий, Ҳанафий мазҳабининг асосий китоби бўлган “Ҳидоя” муаллифи Бурхониддин Марғилоний, тасаввуф илмида бутун дунёга машҳур бўлган Яссавий ва Нақшбандийлар мисолида кўришимиз мумкин. Афсуски, ана шундай зотларнинг хоки ётган замин узоқ йиллар мустамлакачилик зулмини тотди. Аҳли илмлар, маърифатпарвар инсонлар қатл қилинди, узоқ ўлкаларга сургун қилинди. Истиқлол сабаб,динимиз, миллий қадриятларимизга бўлган эътибор биринчи қатордаги вазифа қилиб белгиланди, масжиду – мадрасалар очилди. Узоқ йиллар иймон булоғига ташна халқимиз масжидларга отландилар. Бу вақтда халқимиз диний илмдан анча вақт узоқлашиб кетганидан бир гуруҳ ғаламислар ўз ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланиб қолдилар. Шу сабабли халқимиз ҳақ билан ботилни, дин билан террорни ажратолмай қолдилар. Натижада инсонлар ўртасида динга бўлган ишонч сўна бошлади. Бу тажовуз нафақат халқимиз ва давлатимизга, балки муқаддас динимизга ҳам уюштирилган катта ҳужум бўлди десак муболаға бўлмайди. 

Бундай фирқа ва оқимларнинг вакиллари муқаддас динимизга бидъату – хурофотлар киритишдан, пок шариатимиз ҳукмларини ўз мақсадалари йўлида ўзгартиришдан ҳам қўрқмадилар. 

Биз бутун дунёни, ҳеч қандай ҳизб ёки, террор билан эмас, балки илму – маърифат билан ислоҳ қилган алломалар авлодимиз. Шундай экан биз эшитган ҳар-бир сўзимизни диндан дея қабул қилмайлик, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек текшириб кўрайлик. Бизни озгина ёшлигимиздан ва диний тушунчамиз камлигидан фойдаланмоқчи бўлаётган бир гуруҳ ватангадоларнинг пуч ақидаларига, сохта ваъдаларига, оят ва ҳадислар маъноларини ўзларича таъвил қилиб айтаётган ширин сўзларига ишониб қолмайлик, балки уларнинг мақсад-муддоаларини, келиб чиқиши кимлигини, бу жанобларни ислом оламида нечоғлик “нуфуз”га эга эканлиги ва замонамизнинг етук алломалари улар ҳақида айтаётган фикрларини ўрганиб чиқайлик. Шундагина биз, шу муқаддас заминга содиқ, ватан ва халқ фойдаси учун хизмат қиладиган ҳақиқий фарзанд, муқаддас динимизни турли тажовузлардан асраб-авайлайдиган ҳақиқий мусулмон эканлигимизни исботлаган бўламиз. 

Маҳмуджон Рустамов,
Учқўрғон туман “Эшондедахон” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг