Инсон - азиз мукаррам зот

Роббимиз жалла ва ъало Қуръони Каримнинг Исро сурасининг 70 оятида,
"Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик". дейди.
Аллоҳ таоло қуруқликда от- уловлар, машиналар ҳамда, денгизда ҳам кемалар қайиқлар билан инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Бу ҳам Роббимиз одам боласини азизу мукаррам қилганидандир. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир.
Юқоридаги ояти каримада Аллоҳ таоло “Инсонни азиз ва мукаррам қилдик” – деди. Тафсир китобларида инсоннинг қайси неъматлар туфайли мукаррам эканлиги тўғрисида кўпгина мисоллар келтирилган
Баъзи муфассирлар мазкур оятни шарҳлаб, инсонга ато этилган неъматларни иккига тақсим қилганлар:
- Жисмоний неъматлар. Бунга мисол қилиб, сиҳат-саломатлик, яхши таом, чиройли либос, фаровон турмуш кабилардан иборат бўлиб, бу неъматлар барча бандаларга баробар берилаверадиган нарсалардир.
- Руҳоний ёки маънавий неъматлар. Бунга мисол қилиб, имон, ислом, рушду ҳидоят, ахлоқ, инсофу тавфиқ каби ижобий сифатлардан иборат бўлиб, бу неъматлар фақат Аллоҳ таолонинг иноятига мушарраф бўлган бандаларигагина насиб бўлади.
Аллоҳ таоло Ўзининг бу неъматларини зикр қилишидан мақсади – ҳар бир инсон ўзига ато этилган беҳисоб неъматларига шукр қилсин, бу нарсаларнинг қадрига етиб, уларни фақат хайрли ва фойдали ишларга сарф этсин, деган маънодадир.
Лекин бу неъматларининг жавобгарилиги ҳам бор. Қиёмат куни ҳар бир берилган афзаллик ва неъматлардан сўралади. Ҳисоб-китоб қилинади.
Роббимиз инсонни ақл ва идрокда бутун махлуқларидан мукаррам айлаб, унга Ердаги ҳамма нарсани бўйсундириб қўйди. Унга икки йўл – ҳидоят, имон йўлини ва залолат, куфр йўлини кўрсатиб қўйди.
Инсон вужудидаги моддий тараф маънавий томонидан устунлик қилса, Ҳақни танимай қолади, фаросат, ақл-идрок кўзи беркилади ва маънавий хасталикка учрайди. Бу хасталикни даволашнинг бирдан-бир йўли эса илоҳий тарбия чашмаларидан қониб сув ичиш, яъни пайғамбарлар воситасида инсониятга юборилган ваҳийларга суяниш, уларни ўрганиб,қатъий амал қилишдир.
Роббимиз таборака ва таоло Ўзи яратган ҳар бир мавжудотга муайян вазифани юклаган. Улар хоҳ наботот олами бўлсин, хоҳ ҳайвонот дунёси бўлсин, зиммаларига юклатилган илоҳий хизматни адо этадилар. Инсон ҳам ўзига топширилган омонатга мувофиқ Аллоҳ таолога тоат-ибодат қилиш ва Уни таниш вазифасини адо этишга даъват қилинган.
Роббимиздан бизга раҳм қилишини, гуноҳларимизни кечиришини, тоқатимиз етмайдиган нарсаларни бизга юкламаслигини, ернинг устида ҳам, ернинг остида ҳам, қиёмат куни ҳам бизни муҳофаза этишини, дунё ва охиратда бизга яхшиликлар беришини ҳамда бизни дўзахдан узоқ қилишини умид қилиб, ёлвориб сўраймиз.
Солимхон Юсупов,
Наманган тумани “Мулла Сайфиддин” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022