Қоронғи режим
Image
Logo

ИНСОН МУКАРРАМ ЗОТДИР.

ИНСОН МУКАРРАМ ЗОТДИР.

Мусулмон одам инсон тўғрисида бир неча ҳақиқатларга эътиқод қилиши лозим.

  1. Инсон энг афзал ва энг шарафли махлуқдир.

Бу эътиқоднинг ҳақлигини содиқ хабар ҳам, соғлом ақл ҳам тасдиқлайди.

Аллоҳ таоло «Исро» сурасида қуйидагиларни айтади: «Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (70-оят).

Аллоҳ таоло – борлиқдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан афзал қилиб яратган Зот. Ана ўша Зот ушбу ояти каримада одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда: «Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик».

Аввало, одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузилиши азизу мукаррамликдан далолат бериб туради. Бошқа махлуқотларда бу шакл, бу мутаносиблик ва бу каби аъзолар йўқ. Сўнгра Аллоҳ таоло одамни Ўз қўли билан яратиб мукаррам қилди. Ўз руҳидан жон пуфлаб улуғлади. Бундай шарафга ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас. Шу боисдан ҳам инсон азизу мукаррамдир. Аллоҳ таоло яна одам боласини Ўзи берган ақл билан мукаррам қилиб қўйди. Ақли билан инсон бошқа ҳамма махлуқотлардан устун туради. У Аллоҳ берган ақл ила турли тадбирлар қилади, нарсалар ишлаб чиқаради, бошқа махлуқотларни ўз фойдасига ишлатади. Буларнинг ҳаммаси инсонни Аллоҳ азизу мукаррам қилиб қўйганининг намуналаридир.

Инсон мавжудотлар ичида энг улуғи эканлиги ва бутун борлик инсонга хизмат қилиш учун яралганлиги ҳақида Қуръони каримда ҳам жуда кўп оятлар бор.
Жумладан “Жосия” сурасининг 12-13 оятларида:
Яъни: “Аллоҳ кемалар Ўз амри билан сузиши, ҳамда (у кемаларда) Унинг фазли (ризқи)дан исташларингиз учун ва шукур қилишларингиз учун сизларга денгизни бўйин сундириб куйган зотдир. У ўз тамонидан сизларга осмонлардаги ва ердаги барча нарсаларни бўйунсундирди. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун аломатлар бордир”.

Ҳадиси шарифда Ислом инсоний тушунча чегараси ичида бўлган ўз атрофидагиларга мунис меҳрибон ва ҳожатларини чиқарувчи инсонларнигина ҳурматлайди жумладан:
“Сизлардан ҳеч бирингиз токи ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқа биродарига ҳам яхши кўрмагунча хақийқий мўъмин бўла олмайди”, — дейилган. (Имом Бухорий ривояти).
“Бақара” сурасининг 29-оятида қуйидагича марҳамат қилинади:
“У шундай зотки, сизлар учун Ердаги барча нарсаларни яратди. Сўнгра само сари турдида уни етти осмондан иборат килиб куйди. У барча нарсаларни билувчи, доно зотдир”.
Модомики, коинотдаги барча нарсани Аллоҳ таоло бизлар учун яратган экан бизлар ҳам аввало Холиқимизни таниб, унинг махлуқотларига ва хусусан инсоният зотига у қандай иркда, миллатда, динда бўлишидан қатъий назар ўз ҳурматини ўрнига қўймоғимиз лозимдир.

Муҳибуллоҳ Ҳудойбердиев,
Тўрақўрғон тумани бош имом хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг