Инсон саломатлиги ва ақлига зарар қиладиган гиёҳвандлик

Ислом дини мусулмонларнинг ақли; насли, жисми, дини, мол-мулки, шаъни каби энг муҳим асосларини муҳофаза қилишга буюрган. Булардан бирига қилинган тажовуз динимизда инсоннинг бутун борлиғига қилинган тажовузга тенглаштирилади.
Минг афсуски, ҳаёт гўзаллигини лаҳзалик роҳатга алмашаётган, кўр-кўрона бу иллат ботқоғига ботиб бораётганлар орамизда учраб турибди. Гиёҳвандлик ҳам ОИТС каби инсон ҳаётининг ашаддий кушандаси ҳисобланади. Гиёҳвандликка мубтало бўлиш, айниқса, вояга етмаган ёш фарзандларимизни борган сари заҳарламоқда. Бу бало оилаларнинг бузилиб кетишига сабаб бўлмоқда. Оқибатда кўплаб оғир жиноятлар, турли ҳил безориликлар, гуноҳлар ёшлар орасида учраяпти.
Маълумки, Жаҳон ССТ ва БМТ томонидан бу касалликни даволаш ва тартибга солиш ишлари олиб борилмоқда. Кейинги йилларда бу касаллик бўйича 150 та давлатда “Миллий ҳайъатлар” тузилди ва улар катта миқдорда маблағ билан таъминланди.
Ушбу ҳасталик ижтимоий касалликдир. Шунинг учун у кенг маънода нафақат иқтисодий, сиёсий зарар келтиради, шунингдек, оилавий, руҳий, маънавий, ахлоқий жиҳатдан салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Шундай экан, касалликнинг олдини олиш, даволаш, тарқалишини чеклаш ишларида ақл-заковат билан иш тутиш катта аҳамиятга эга. Шу сабабли руҳий тўсиқларни бартараф этиш керак. Бунинг учун ҳар қандай шароитда ҳам ахлоқ, одоб ва ўзаро ҳурмат руҳида яшаш, ҳир бир инсон ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билган ҳолда ўзи ва ўзгани ҳимоя қила олиши, маънавий жавобгарликни ўз бурчи деб билиши керак бўлади.
Жамиятимизда оз бўлса-да, учраб турган ОИТС ва гиёҳвандлик каби иллатлар хозирги кунда бутун жаҳонда ўта мураккаб муаммолардан бўлиб қолмоқда. Инсоният ва жамият учун балойи офат бўлган мазкур иллатларни таг-туги ва илдизи билан йўқ қилиш учун илмий асосланган, самарали усуллардан фойдаланишимиз керак. Доно халқимиз: “Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхшироқ”, - дейди. Аллоҳга шукрки, ибодатли мусулмонларимиз орасида ОИТС ва гиёҳвандлик балосига мубтало бўлганлар учрамайди. Аммо мусулмон кишининг зиммасида шундайин улуғ вазифа борки, у ўзи мўмин ва тақволи бўлиш билан бирга, жамиятдаги бошқа инсонларни ҳам шундай бўлишга чорлаши лозим.
Гиёҳванд руҳан носоғлом ҳолга келади, касб-ҳунаридан маҳрум бўлиб қолади, оқибатда жиноий ишларга қўл уради, ўзига ҳам, бошқаларга ҳам бахтсизлик келтириб чиқаради. Энг оғири, ҳам руҳан, ҳам жисмонан инсонийлик қиёфасини йўқотади. Шуни асло унутмаслигимиз лозимки, гиёҳванд моддани тажриба учун, унинг кайфини синаб кўриш мақсадида бир икки марта истеъмол қилиш, “ҳеч нарса бўлмайди”, - деб ҳавас қилиш, ўта хавфли ва ўта ақлсизлик, деб баралла айта оламиз. Зеро, хазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси муборакларида: “Ҳар бир кайф қилдирувчи нарса ҳамрдир, ҳар бир ҳамр ҳаромдир”, - деб огоҳлантирганлар. Ҳамрдан мурод ақл фаолиятини тўсувчи нарса.
Бугун ёшлар орасида айрим дори воситаларини кайф-у сафо илинжида истеъмол қилиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Масалан, “Тропикамид”, “Лирика”, “Регапен”, “Зардекс”. Бу билан ёшлар ўзларининг Аллоҳ таоло томонидан берилган энг қиммат бўлган саломатликларини асраш ўрнига зарар қилишмоқда.
Фарзандларининг гиёҳвандлик балосига йўлиқмасликларида ота-оналарнинг ўрни беқиёс. Бу, аввало, фарзанднинг қизиқиши, танишлари даврасидан мунтазам хабардор бўлиб, фарзандларини улфатлари ким? Нима иш қилади? Фарзандлар қандай тоифа тенгқурлар билан дўст, уларнинг бўш вақтларини назорат қилиш, фойдали ишларга йўналтириш орқали амалга оширилади. Айни пайтда ён-атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, гиёҳвандликка учраб ўзини, оиласини барбод қилганлар қисматлари ҳақида ибратли ҳикояларни айтиш, уқтириш ҳам фойдадан ҳоли эмас.
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022