ИҚТИСОД БИЛАН ИШ ТУТИШ

Динимизнинг ўзига хос хусусиятларидан бири шуки, инсон ҳаётининг ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатини бир хилда эътиборга олади. Яъни, инсон ҳаётда яшар экан, руҳиятини юксалтириши учун ибодат қилишга, моддий эҳтиёжларини қондириш учун эса, иқтисодиёт билан машғул бўлишга муҳтож бўлади. Шариатимиз бу табиий жараёнга тўсқинлик қилмайди, балки тартибга солади ва тўғри йўлни кўрсатади.
“Иқтисод” арабча “қасд” сўзидан олинган бўлиб, “захира қилиш”, “тўғри ва адолатли йўл тутиш”, “аниқ ҳисоб-китоб билан сарфлаш” деган маънолари бор. “Қасд” – исроф ва бахиллик ўртасидаги йўл ва барча ишда ўртача йўл тутишдир. Истилоҳда эса “иқтисод” сўзининг маъноси – мол-мулк касб қилиш, уни сарфлаш ва кўпайтиришнинг тартиб-қоидалари.
Ушбу қоида Ислом динида иқтисодга оид улкан қоидалардан биридир. Дарҳақиқат, мол-давлат жамиятнинг ҳамма аъзолари орасида айланиб туриши керак. Фақат бойларнинг орасида айланадиган бўлса, мол бир гуруҳ одамлар қўлига ўтиб, жамиятнинг қолган аъзолари уларга қарам бўлиб қолади. Унда бойлар нимани хоҳласа қилаверадиган, қолганлар эса уларнинг хоҳишларига бўйсунишга мажбур бўладиган ҳолат юзага келади.
Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи ва саллам иқтисодий фаолият билан шуғулланиб, ўзи, аҳли аёлидан ташқари бева бечора ва етимларга моддий ёрдам берган кишиларни Аллоҳ таолонинг йўлида жон фидо қилганлар, кундузи рўзадор, кечаси ибодат билан бедор бўлганларга тенглаштирдилар:
“Бева ва мискинлар учун (ёрдам бериш мақсадида) ҳаракат қилувчи киши Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи ёки кундузи рўза тутувчи, кечаси бедор бўлувчи кабидир” (Имом Термизий ривояти).
Ҳадиси шарифларда иқтисод қилган камбағал бўлмаслиги ҳақида маълумотлар келган. Жумладан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
“(Нафақада) ўртача бўлган киши ҳеч ҳам камбағал бўлмайди” (Имом Табароний ва Имом Дорақутний ривояти).
Инсоннинг касбу кор қилиши ва тадбиркорлик билан шуғулланишидан асосий мақсади фақат мол-дунё тўплаш бўлмаслиги керак, балки касбу кор қилиш орқали халқи ва динига фойда етказиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш, ишсизларни иш билан таъминлаш бўлса, айни муддао бўлади. Бугунги кунда мана шундай фаол ва ҳалол тадбиркорларни Президентимиз бошчилигида давлатимиз ҳукумати ҳам қўллаб-қувватлаб турибди.
Аллоҳ таоло барчамизни рушду ҳидоятда собитқадам қилиб, ҳамма соҳада иқтисод билан иш тутишга муваффақ айласин. Парвардигор Ватанимизни ҳам маънавий, ҳам иқтисодий жиҳатдан фаровон айласин.
Баҳодир Ботиров,
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022