Қоронғи режим
Image
Logo

ИСЛОМ ТИНЧЛИК ДИНИ...

ИСЛОМ ТИНЧЛИК ДИНИ...

Ислом таълимотида аҳоли осуда ҳаёт кечириб турган жамиятда ҳаловат ва тинчликка рахна соладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир гуноҳ саналади: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир” (Анфол сураси, 25-оят).

Ислом уламолари Қуръони каримда тинчликка, одамларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига рахна солувчи амалларни қилмасликни буюрилганини таъкидлайдилар: “...Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара сураси, 205-оят). Мазкур суранинг 60-оятида: “...Аллоҳнинг ризқидан еб- ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!..” деб марҳамат қилинган.

Шунингдек, Ислом таълимоти одамларни миллати, дини, жинси ёки қарашларидан қатъи назар, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилади ҳамда уларга зулм қилишдан қайтаради. Қуръони каримда: “...бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин!..” (Моида сураси, 8-оят) дейилган.

Тинчликни сақлаш ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Бугунги таҳликали замон тинчликни таъминлаш фақат давлатнинг ваколатли идоралари вазифаси деган нотўғри тушунчалардан воз кечиш, Ватан тақдири учун астойдил қайғуриб яшашни тақозо этаётганига барчамиз гувоҳмиз.

Алоҳида қайд этиш лозимки, тинчликнинг шукронаси амалий бўлиши лозим. Яъни, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этиши, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланиши, келиб чиқиши мумкин бўлган нотинч­ликнинг олдини олишда ҳам фаол иштирок этишлари лозим.

Айниқса, ахборот манбалари, хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали тарихимизни, миллий қадриятларимиз ва Ислом дини моҳиятини сохталаштиришга, маънавият ва маърифатдан йироқлаштиришга қаратилган ғаразли уринишларга қатъий қарши туришимиз керак. Мазкур йўналишда жамиятнинг зиёли қатламлари, олим ва уламолар олдинги сафда бўлишлари шарт.

Ватанпарварлик ота-боболардан мерос қолган заминни севиш, халқ урф-одатларини, қадриятларини асраш ва ривожлантириш, ўз она Ватанини душманлардан, ёт ва бегона ғоялардан ҳимоя қилиш, унинг озодлиги ва мустақиллиги учун жонини ҳам аямасликни назарда тутади. Уламоларимиз ватанпарварлик оддий шиор ёки ҳис-туйғу эмаслиги, балки уни қуйидаги хайрли амал ва ибратли ишларда ифода этиш лозим эканини таъкидлайдилар:

– Ватан ҳаққига бор яхшиликларни тилаб дуо қилиш;

– жамиятда аҳилликни кучайтириш йўлида ҳаракат қилиш (силаи раҳм, қўшниларга яхшилик, ўзаро ёрдам, бир-бирларига яхшиликни соғиниш, салбий ахлоқ ва ижтимоий иллатлардан сақланиш ва ҳ.к.);

– Ватан салоҳиятини ошириш ва уни муҳофазаси учун жонкуярлик қилиш (Ватан мулкини авайлаб- асраш, унинг юксалиши учун ҳалол меҳнат қилиш, ўзини бағишлаш, бу йўлда тамани яқинлаштирмаслик ва ҳ.к.);

– Ватан эрки, ҳудуди ёки обрўсига қарши ғоявий ёки ҳарбий ҳужумга қарши мудофаада туриш.

Таъкидлаш жоизки, Ватан оиладан бошланади. Оилада тинчлик бўлса, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят ва ниҳоят мамлакатда осойишталик бўлади, юрт равнақ топади. Масаланинг эътиборли жиҳатларидан бири шуки, тинчликни улуғ неъмат дея эътироф этган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган.

Шу нуқтаи назардан фуқароларимиз юртимизда тинчлик-хотиржамликни авайлаб-асраш йўлида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни нафақат тўғри қабул қилишлари, балки эътиқодан қўллаб-қувватлашлари ҳамда бор имкониятлари билан ёрдам беришлари лозим. Таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган айнан мана шундай чора-тадбирлар ҳисобига юртимиз тинч, халқимиз фаровон яшаб, диндорларимиз ибодатларини хотиржам ва эмин-эркинликда адо этмоқдалар.

Қайд этилганлардан бугунги таҳликали замоннинг ўзи воқеликка ҳушёрлик, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, дунёда кучайиб бораётган хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқ олиб яшашни талаб этмоқда.

 

Манбалар асосида тайёрланди
Баходир Тўлакбоев,
 Учқўрғон тумани “Қосимқори” жоме
масжиди имом ҳатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг