Қоронғи режим
Image
Logo

ИСЛОМ ДИНИДА ОИЛАГА МУНОСАБАТ

ИСЛОМ ДИНИДА ОИЛАГА МУНОСАБАТ

Динимиз ва миллийлигимиз таълимотларида оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Никоҳланиш нафақат ҳазрат Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) суннатлари экани, балки ўтган барча пайғамбарлар учун ҳам суннат бўлганини таъкидлаб Қуръони каримда: «Дарҳақиқат, Сиздан илгари ҳам (кўп) пайғамбарлар юборганмиз ва уларга хотинлар ва зурриётлар берганмиз. Ҳеч бир пайғамбар учун Аллоҳнинг изнисиз бирор мўъжиза келтириш мумкин эмас. Ҳар бир вақт учун (муносиб) битик (ҳукм) бордир», (Раъд, 38) дейилган. Аёл ва фарзандларни Аллоҳ таоло ато этиши баён қилинган. Айни шу хабарни бериб ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом): «Тўрт нарса мендан аввалги пайғамбарларнинг суннати. Улардан бири никоҳ ва оила», дедилар.

Демак, ҳаётда оиланинг бардавомлиги биринчи навбатда эр-хотиннинг ўзаро тотув яшаши, бир-бирининг яхши ва ёмон жиҳатларини кўтариши, айб ва камчиликларини кечириши, тинч-тотувликни барпо этиш лари билан таъминланади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган: «Эй имон келтирганлар! Сизларга хотинларни мажбурий равишда мерос қилиб олиш ҳалол эмасдир. Яна, уларга берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиб кетиш ниятида хотинла рингизга тазйиқ қилмангиз! Агар улар аниқ бузуқлик қилсалар (бу мустаснодир). Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин» (Нисо, 19).

Бу ояти каримадан ҳосил бўлаётган маъно-мазмунга таяниб, айтиш мумкинки, Ислом таълимоти оила аъзоларининг Аллоҳ таоло розилигини топишини, ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ахлоқлари билан зийнатланишини ва инсоният наслини пок йўл билан давом эттиришини талаб этади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро, оила – катта жамиятнинг кичик бир бўлаги. Жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг барча турларидан холи, тинч ва обод бўлиши, аввало, ушбу кичик жамият – оиланинг тинч-тотувлиги, аҳиллигига, покиза турмуш кечиришига боғлиқ. Оиладаги ҳар бир шахс ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилиб бажариши билан оила тинчлик-хотиржамлиги ва бахт-саодати таъминланади, барқарор ва мустаҳкам бўлади.

Ислом илк давриданоқ оилада аёлларнинг ҳақҳуқуқларини тиклаш, ҳурматини жойига қўйиш билан уларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтирган. Аёл кишига ҳурмат-эътиборда бўлишни тарғиб этган.

Абу Ҳурайра (розийаллоҳу анҳу) ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммаддан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганларингиздир. Мен ҳаммангиздан кўра аҳли аёлига яхшироқ муомала қилувчингизман», дейилади.

Толибжон Шарипов,

Чортоқ туман бош имом ҳатиби:

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг