Қоронғи режим
Image
Logo

Ислом динида таркидунёлик йўқ.

Ислом динида таркидунёлик йўқ.

      "Исломда инсонни хўрлайдиган, мажбурлайдиган, ҳаётини азобга айлантирадиган буйруқ, қоидалар йўқ. Аллоҳга ибодат ниятида таркидунё қилиш, ўз жисмига азият бериш, уйланмаслик, таом ва уйқудан воз кечиш кабиларни Пайғамбар (алайҳиссалом) ман этганлар. Зеро, ибодатлар машаққат, ташвиш эмас; ҳузур, ҳаловат бахш этиб, Аллоҳга яқинлаштиргувчи амал бўлгани муддатча маъно касб этади. Шунинг учун ҳам, “Динда зўрлаш йўқ” ("Бақара", 256). Ташқаридан қанчалик мукаммал кўринмасин, самимий ихлос билан қилинмаган амал Аллоҳ ҳузурида ҳеч қандай қийматга эга эмас.

      Ислом одамни азобламайди, шу билан бирга, ўзини ўзи азоблашига ҳам изн бермайди. Ояти каримада айтилади: «Айтинг: “Бандалари учун чиқарган Аллоҳнинг зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?» ("Аъроф", 32). Бундан биламизки, соғлом руҳиятдаги инсон истифода этиш мумкин бўлган барча моддий ва маънавий завқлар энг мукаммал кўринишда динимиз кўрсатган ҳалоллар доирасида мавжуддир. Энди, ҳаддидан ошиб, ҳаром йўллар ва нарслардан завқ ахтарадиганлар руҳияти бузуқ, йўлдан озган кимсалардир. Улар диний кўрсатмалар бўйича яшашни имконсиз деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, Ислом фитрат динидир, у инсоннинг табиий эҳтиёжларини ҳалоллик билан қондириш йўлларини кўрсатиб берган.

      Ибодатларнинг миқдори Аллоҳ таоло томонидан белгиланди ва Расули (алайҳиссалом) томонидан амалиётга татбиқ этилди. Аллоҳ таоло белгилаган ўлчовлар дахлсиз. Уларга аралашиш, орттириш ёки камайтириш айни ҳалокатдир. Чунки бу Аллоҳ таолога нуқсонлиликни нисбат бериш билан баробар бўлиб, ширкка олиб боради.

     Пайғамбар (алайҳиссалом) рўзадорнинг ифтор қилмасдан шом намози ўқишини маъқул кўрмаганлар. Зеро, Аллоҳнинг бир буйруғини адо этиш учун бутун кун нафсини тийган одамни оғиз очадиган пайтида иккинчи қийинчиликка солиш ўринсиздир. Имом Ғаззолий ибодатлар миқдорини дорилар қоришмасига ўхшатади. Шифо топиш учун бу миқдорга амал қилиш зарурлигини айтади. Баъзи уламолар бундай дейди: “Билиш керакки, Аллоҳ таолонинг розилиги ва муҳаббати ўзига ўзи бефойда азоб бериш, жонини машаққатга қўйишда эмас”. Шунга кўра, қиш кунларида иссиқ сув туриб, савоби кўп бўлсин дея совуқ сувда таҳорат қилиш, ёнида масжид туриб узоқдаги жомега бориш тўғри бўлмайди.

    Ислом енгиллик устига барпо қилинган. Лекин бу ҳамма нарса мумкин ва ўзбошимчаликка рухсат дегани эмас. Бу енгилликнинг ҳам чегараси бор. Қуръони Каримнинг қатор ўринларида қуйидагича огоҳлантиришга дуч келамиз: “Бу Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, демак, у ўзига зулм қилибди” ("Талоқ", 1).

      Киши ифротга ёки тафритга йўл қўйиши билан ўзига зулм қилади. Расулуллоҳ (саллоҳи алайҳивасаллам) ибодатларда ҳам мўътадилликка чақирганлар. У зот (алайҳиссалом) умматга фарз бўлиб қолишидан ва оғирлик қилишидан қўрқиб таровеҳ намозига уч ёки тўрт кундан кейин оралатиб чиққанлар. Хасталик ёки сафар асносида намоз, рўза каби ибодатларда берилган енгилликдан фойдаланмасликни, ўзини қийнаб нафл намоз ўқишни маъқул кўрмаганлар. Намозни чўзган имомни танқид қилганлар.

     Нафл ибодатларни ҳаддан ошмаслик шарти билан адо этиш мумкин. Бироқ бошқаларга уни қилиш буюрилмайди, фарздан муҳимроқ деб кўрсатилмайди. Акс ҳолда, дин қийинлаштирилган, мувозанатни йўқотиб, ифротга йўл қўйилган бўлади.

      Расулуллоҳ (саллоҳи алайҳивасаллам) ҳузурларига бир бадавий келиб, Ислом шартларини сўради. У зот (алайҳиссалом) шаҳодат калимаси, беш вақт намоз, рамазон рўзаси, нисобга етган молдан закот бериш ва умрда бир марта ҳаж, деб санаб ўтдилар. Бадавий: “Сизга икром этган Аллоҳга қасам, шу санаганларингиздан оширмайман ҳам, камайтирмайман ҳам”, деди ва кетди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) дедилар: “Агар айтганини қилса, нажот топади” (Муттафақун алайҳ)."

Абдулвоҳид Исақов,
Наманган шаҳар “Мирёқуббой Мирҳакибой” жоме
 масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг