ИСЛОМ ГЎЗАЛ АХЛОҚҚА ЧОРЛАЙДИ.

Кейинги пайтларда юртимизда “оммавий маданият” номи остида мусулмонларга хос бўлмаган ҳаёт тарзини тарғиб қилиш кўзга ташланмоқда. “Оммавий маданият” ёшларга ҳаёсиз, масъулятсиз бир ҳаёт тарзини безаб кўрсатмоқда. Яъни, хеч нарсада халол, харом деган чегара йўқ, бу дунёга бир марта келинади, ўйнаб кулиб қолиш керак, дунё лаззатларини тотиб қолиш керак, каби фикрларни ўртага ташламоқда.
Тўғри, худди мана шу ғоялар билан яшаганлар тарихда хам бўлган. Уларнинг ҳаммаси бало, офат ва Аллоҳнинг азобига дуч келиб, қирилиб кетдилар. Ўзига дин диёнат ва чиройли хулқни шиор қилиб олганларнинг эса ишлари, авлодлари, динлари ҳануз давом этмоқда. Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, ёш авлодга биз катталар ўрнак бўлишимиз керак. Айниқса, катта масъулият эркакларнинг зиммасига тушади. Агар фарзандлар тарбиясига беэътибор бўлсак, уларни “оммавий маданият” нинг қўлига топшириб қўйсак, динимиз, келажагимиз ва миллатимиз хавф остида қолади.
Гўзал ахлоқда ислом оламига намуна бўлган Пайғамбаримиз соллалоҳу алайхи васаллам ўз умматларини доимо ҳусни хулқга, хуш муомалага, ўзаро меҳр - оқибатга, катталарга иззат - ҳурмат, кичикларга эса раҳм - шафқатли бўлишга, Ўзгани айб - нуқсонларини ва саҳв - хатоларини кечиришга ва хоказо каби гўзал ахлоқлар билан зийнатланишларига чақирганлар. Айни пайтда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайхи васаллам биринчи даражадаги ахлоқи ҳамида соҳиби эканларига асло шубҳа йўқ. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда: " Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз !"( Қалам сураси, 4 - оят ) деб марҳамат қилган.
Ҳусни хулқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Чунки унинг эгасидан доимо яхшилик кутилади. Яна бир хадисда шундай келади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайхи васаллам инсонларни жаннатга киришларига кўпроқ сабаб бўладиган нарса хақида сўралдилар. Шунда У зот “Аллоҳга тақво қилиш ва хусни хулқли бўлиш” деб жавоб бердилар. ( Имом Термизий ривоят)
Инсон чиройли хулқи сабаб охиратда улуғ даражаларга эришиши хадиси шарифларда кўп зикр қилинади. Ибни Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи васаллам айтадилар: “Албатта, банда чиройли хулқи сабабли охиратда улуғ даражаларга эришади. Чиройли хулқ , худди сув музни эритгани каби, гуноҳларни йўқотади, ёмон хулқ эса, худди сирка асални бузгани каби, амални бузади”( Имом Табароний ривояти).
Киши имони қандайлигини билмоқчи бўлса, унинг тарозуси чиройли хулқдир. Айниқса, ўзидан заифлар ( хотин, бола ва қўл остидаги ходимлар) га чиройли муомалада бўлиш энг яхши мўъминлар қаторига кириш ҳисобланади.
Суюкли Пайғамбаримиз соллалоҳу алайхи васалламнинг гўзал хулқларидан баъзиларини қисқача баён қиламиз. Уламолар қуйидаги одобларга риоя қилиб, уларни ўзининг доимий одатига айлантириб олган киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайхи васалламнинг ҳулқлари билан хулқланган бўлади, дедилар:
Барча ёмон сўз ва ишлардан тийилиш;
Одамлар билан муомала қилишда овозни баландлатмаслик;
Кечиримли бўлиш;
Зиммадаги вазифани бажаришда сусткашлик қилмаслик;
Кўп кулишдан сақланиш;
Эҳтиёжмандларнинг ҳожатларини раво қилишни ортга сурмаслик;
Аҳли - оиласига уй ишларида кўмаклашиш;
Бировга азият бериши мумкин бўлган сўзларни ҳазиллашиб ҳам айтмаслик;
Ширин сўз бўлиш;
Фақат рост гапни гапириш;
Инсонларга ҳам, бошқа ҳайвонларга ҳам раҳм шафқатли бўлишдир.
Зуннун Мисрий қуддиса сирруҳудан: “Энг кўп ғам - ғусса чекадиган киши ким?”, деб сўрашганида у зот: “Энг ҳулқи ёмон кимса”, деб жавоб берганлар.
Юқоридаги хадиси шариф ва уламолар ўгитларидан хулоса қиладиган бўлсак, инсон чиройли ҳулқларга одатланиши ва ёмон хулқларни тарк этиши бу динимизнинг асоси ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи васалламнинг асосий ўгитларидир. Чиройли ҳулқлар инсонни дунё ва охиратдаги мартабасини баланд қилади, ризқини кенг қилади. Ёмон ҳулқ эса икки дунёда ҳам хорлик ва надоматга сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи васалламнинг ҳулқларини ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ қилиб яшаш бахтига муваффақ айласин.
Маъсумхон Турғунов,
Наманган шаҳар “Шайх Эшон” жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022