Қоронғи режим
Image
Logo

ИСЛОМ ОЛАМИНИ БИРЛАШТИРАДИГАН ШИОР.

ИСЛОМ ОЛАМИНИ БИРЛАШТИРАДИГАН ШИОР.

 Аллоҳ таоло "Оли Имрон" сурасида шундай деб мархамат қилади:

  "Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз" (103-оят).

   Ушбу ояти каримадаги "Аллоҳнинг арқони" дан мурод Қуръони Каримдир. Оловли жарга қулаш ховфидаги инсон арқонни маҳкам ушласа, қутулиб қолганидек дўзах тубига қуламасликнинг бирдан-бир чораси Қурьони Каримни маҳкам ушлаш, тафриқага тушмасликдир.

   Ушбу ояти карима мусулмон оламини бирлаштириш шиоридир. Ҳар қандай бирлашиш эса, тафриқани йўқотиш билан вужудга келади. Шунинг учун ҳам ояти каримада бирлашишга амрдан кейин бевосита "ва тафриқага тушманг" деган қайтариқ келмоқда.

   Олдин бирлашишга чақириб туриб, кейин тафриқага тушишдан қайтарилмоқда. Шундан ҳам бу иш қанчалик муҳим эканини билиб олиш мумкин.

   Муфассирларимиз ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида қуйидаги ривоятни келтирадилар:

   "Яҳудийлардан Шос ибн Қайс исмли одам Авс ва Хазраж қабилаларига мансуб араблар мажлис қуриб  ўтирган жойдан ўтиб кетаётган эди. Жоҳилият вақтида бир-бирига адовати кучли бўлган бу кишиларнинг улфат бўлиб ўтиришлари унинг ғашини келтирди ва "Булар бирлашсалар, биз улар билан бирга яшай олмаймиз" деб ўйлаб, бир яҳудий болани чақириб: "Арабларнинг ичига бориб ўтиргинда, уларга "Буос" номли кунни эслат ва у ҳақидаги шеърларни ўқиб бер", деб буюрибди.

   ("Буос" кунида Авс ва Ҳазраж қабилалари қаттиқ уришганди, унда Авс ғолиб чиққан эди.)

   Ҳалиги яҳудий бола Шоснинг айтганини қилди.

   Шунда ўтирганлар тортишиб, ихтилофга тушиб, киришиб кетишди.

   Бу можаро ҳақидаги хабар Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламга етиб борганда, у зот ҳузурларидаги муҳожир ва ансорийларни олиб, уларнинг олдиларига борадилар ва:

   "Эй мусулмонлар жамоаси! Аллоҳдан қўрқинглар! Мен ичингизда туриб, Аллоҳ сизларни Исломга ҳидоят қилиб, икром қилганидан, жоҳилият ишини кесганидан, у билан сизни куфрдан қутқарганидан ва орангизга улфатликни солгандан кейин ҳам жоҳилият даъвосини қиласизларми?!" - дедилар.

   Шундай, Ислом Аллоҳ таоло томонидан бандаларга берилган улуғ неъматдир. Шу илоҳий неъмат туфайли душманлар улфатга айланадилар. Бир-бирларига қарши нафратга тўлган қалбларни фақат Исломгина улфат қила олади, Аллоҳ Таолонинг арқони бўлмиш Исломни маҳкам тутибгина, ҳамма биродар бўла олади.

Фазлиддин Салимов,
Мингбулоқ тумани “Мулла Тожи Аҳмад” жоме
 масдили имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг