Қоронғи режим
Image
Logo

ИСЛОМ САҲОВАТГА ЧОРЛАЙДИ.

ИСЛОМ САҲОВАТГА ЧОРЛАЙДИ.

 

لِيُنْفِقْ ذُو سَعَةٍ مِنْ سَعَتِهِ ۖ وَمَنْ قُدِرَ عَلَيْهِ رِزْقُهُ فَلْيُنْفِقْ مِمَّا آتَاهُ اللَّهُ ۚ لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا مَا آتَاهَا ۚ سَيَجْعَلُ اللَّهُ بَعْدَ عُسْرٍ يُسْرًا

7. Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳар бир нафсни Ўзи берганидан ортиқчага таклиф қилмас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берадир.

Абу Марсад ниҳоятда саховатли киши эди. Бир шоир унинг шу фазилатини мадҳ этиб шеър ёзди. У шоирга: «Худо ҳаққи, менинг сенга берадиган ҳеч вақоим йўқ. Лекин сен мени қозининг олдига олиб бор-да: «Унда ўн минг танга ҳаққим бор», деб даъво қил. Мен бунга иқрор бўламан. Кейин мени ҳибсга олдир. Қариндошларим мени маҳбус қилиб қўйишмас». Шоир унинг айтганини қилди. Ўша куни кеч кирмасиданоқ унга ўн минг дирҳам берилиб, Абу Марсад озодликка чиқди.

Шу китобда Лайс ибн Саъднинг сахийлиги ҳақида бир неча ривоятлар келтирилган: Бир куни халифа Ҳорун ар-Рашид атоқли олим Молик ибн Анасга беш юз динор ҳадя юборди. Бу воқеани эшитиб, Лайс ибн Саъд олимга минг динор совға юборди. Бундан хабар топган Ҳорун ар-Рашид ғазабланиб: «Мен беш юз динор берсам-у, сен менинг фуқароим бўла туриб, минг динор берасанми?» деди. У бундай жавоб берди: «Эй мўминлар амири, менинг кундалик киримим минг динордир. Шундай улуғ зотга бир кунлик фойдамдан ҳам озроқ ҳадя юборишга номус қилдим».

Ҳикоя қилинишича, Лайс ибн Саъднинг кундалик кирими минг динор бўлишига қарамай, унга ҳеч қачон закот вожиб бўлмаган экан. Чунки унинг қўлида ҳеч қачон бойлик тўпланиб қолмаган, тушган мол-дунёни ўша заҳоти муҳтожларга тарқатиб юбораверган. Яна ҳикоя қилинадики, бир хотин Лайс ибн Саъддан озроқ асал сўради. Лайс унга бир меш асал беришларини буюрди. Шунда одамлар: «Озроқ берсангиз ҳам бўларди-ку», дейишганида, бу зот: «Аёл эҳтиёжига яраша сўради, биз эса ҳолимизга яраша бердик», деди. Айтишларича, Лайс ибн Саъд ҳар куни уч юз олтмиш мискинга садақа қилмагунича биров билан гаплашмас экан.

Бир куни ҳазрати Алининг йиғлаб ўтирганини кўришди. Бунинг сабабини сўрашганида, у: «Етти кундирки, уйимга бирорта меҳмон келмади. Аллоҳнинг даргоҳида ҳурматим қолмадими, деб қўрқяпман», деб жавоб қилди.

Бир киши дўстининг ёнига келиб, тўрт юз дирҳам қарз бўлиб қолганини айтиб, ундан ёрдам сўради. Дўсти унга дарҳол айтилган миқдордаги пулни топиб жўнатди-ю, уйига қайтиб киргач, йиғлаб юборди. Хотини унга: «Бунчалар қийналар экансиз, нега бердингиз?» деди. «Пул берганимга эмас, унинг ҳолидан хабар олмай уйимга ёрдам сўраб келишгача мажбур қилганим учун азобланиб йиғлаяпман», деб жавоб берди эр.

Абдуллоҳ ибн Омир таниши Холид ибн Уқбадан бозор яқинидаги ҳовлисини етмиш минг дирҳамга сотиб олди. Тунда у Холиднинг аҳли-аёли йиғлаётганини эшитди ва яқинларидан нима бўлганини сўради. Улар: «Сотилиб кетган ҳовлиларига хафа бўлиб йиғлашяпти», деб жавоб беришди. Шунда у ходимига айтди: Уларнинг олдиларига бориб айтгинки, ҳовли ҳам, унинг пули ҳам уларга бўла қолсин».

Бахиллик, хасислик эса инсондаги энг ёмон, энг қораланган иллатлардандир. Ҳақиқатан ҳам, бир бандага кўп миқдорда мол-дунё бериб қўйилган бўлса, унда бева-бечора ва мискин-фақирларнинг ҳам ҳақи борлиги ҳақида огоҳлантириб қўйилган бўлсаю, у ана шу бойлигидан ҳеч кимга бермай, хасислик қилиб юрса, Парвардигорга исён қилган, Унинг амрларидан чекинган бўлмайдими?!

Бахилликнинг нақадар ёмон хулқ экани ҳақида бир неча хабарлар келган: «Мўминда икки хислат: бахиллик ва ёмон хулқ бирга жам бўлмайди»; «Хасислик ва иймон банда қалбида асло бирга жам бўлмайди»;

Пайғамбар алайҳиссалом дуоларида: «Аллоҳим, Сенинг номинг ила қўрқоқлик ва бахилликдан паноҳ тилайман», дея бахилликдан паноҳ сўрар эдилар.

 Муҳибуллоҳ Ҳудойбердиев,
Тўрақўрғон тумани бош имом хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг