ИСЛОМ ВА ОЛАМ

Ислом уммати – буюк умматдир. Бу инкор қилиб бўлмас ҳақиқат. Аллоҳ ислом уммати энг яхши уммат эканини шундай марҳамат этган: «Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз (эй, мусулмонлар)» (Оли Имрон 110). Яратганнинг бу марҳамати мусулмонларга таскин бериб, қалбларида ишонч уйғотади, қанча замон ўтмасин, умматларнинг энг яхшиси эканлигига амин бўладилар.
Ғайридинлар бугунги ислом умматидан дунёвий илм борасида ўзиб кетиши мумкин, бунга Аллоҳнинг ушбу сўзи далил бўлади: «Биз шу (ғалаба) кунларни (кетма-кет) алмаштириб турамиз» (Оли Имрон 140). Бирорта уммат абадий энг кучли бўлиб қолмайди, балки улар навбати билан ерда етакчи бўлади. Ислом уммати ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмаслигини Аллоҳ ваъда қилган: «Оқибат (яхшиликлари) эса тақводорларга (тегишли)дир» (Аъроф 128). Яна бир ояти каримада эса: «Биз Зикрдан сўнг Забурда: “Албатта, (жаннатдек) ерга фақат менинг солиҳ бандаларим ворис бўлурлар”, деб ёзиб қўйгандирмиз» (Анбиё 105), дейилган.
Биз Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбаримизнинг суннатларида шаръий аҳкомларни, шунингдек, умматнинг аввали қандай азиз бўлганини билишимиз билан бир қаторда ўз тарихимиздан ташқари бошқаларнинг тажрибаларини ўрганиш хам мақсадга мувофиқдир. Баъзи диндошларимиз Ғарб тажрибасини ўрганишга қаршилар, сабаби улар таъсиридан ўзлигимиздан узоқлашиш хавотиридир. Албатта, бу ўринли. Лекин ўз қадриятларимиздан воз кечмаган ҳолда инсоният тажрибасини ўрганиш зиён қилмайди.
Фарз ва суннат, ўтмиш ва бугунни синчиклаб ўрганишдан маълум бўлдики, уммат ўзини тиклаш учун бир неча зарур омиллар бор. Уларнинг энг биринчиси илмдир. Илм олмоқ, эътиқодидан қатъий назар, ҳар-бир инсонга зарурдир. Бунга далиллар эса Китоб ва Суннатда беҳисоб келтирилган.
Мусулмонларга шаръий илмлар билан бир қаторда тиббиёт, жуғрофия, кимё, физика каби ҳаётий илмлар ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Чунки булар мусулмонларнинг ҳам турмуш тарзини яхшилайди, ҳаётини гўзаллаштиради.
Бугунги уммат илм масаласида мақтана олмаслиги сир эмас. Ваҳоланки, Қуръони Карим, пок Суннат, солиҳлару-авлиёлар илмни уммат азиз бўлишининг асосий омили эканини таъкидлайди. Мақоламизни мусулмон юрт вакили бўлмаган ғарблик мутафаккирларнинг сўзлари билан якунласак, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Француз шарқшуноси Жек Рислер: “700 – 1200 йилларда оламга ислом ҳазораси ва илми бошчилик қилди” (Жек Рислер. “Китабул ҳазоратил арабийя”).
Француз ёзувчиси Эрнест Ренан: “Исломий ақл яна тараққиётга қайтмайди, деб ким айта олади?! Ривожланиш ва ортда қолиш ҳамма миллатда бўлган, шу жумладан, такаббур Европада ҳам” (Анвар Жундий. “Муқаддиматул умм вал маноҳиж”).
Манбалар асосида тайёрланди
Жавлонбек Маҳкамов
Поп тумани “Саид Абдулқодир”
жоме масжидининг имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022