ИСЛОМДА АТРОФ МУҲИТ ПОКЛИГИ

Динимизда инсоннинг вужуди, кийими ва унга хос нарсалар поклиги билан бирга унинг атрофидаги барча нарсалар ҳам пок бўлишига катта аҳамият берилган. Турар жой, кўча-кўй, майдонлар, ишхоналар, таълим муассасалари, масжидлар, нақлиёт воситалари, дам олиш жойлари ҳамма-ҳаммаси пок бўлиши талаб қилинган.
عَنْ أَبِي مَالِكٍ الأَشْعَرِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الطُّهُورُ شَطْرُ الْإِيمَانِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир», дедилар». Муслим, Насаий ва Термизий ривоят қилганлар.
Поклик иймоннинг ярми дейилиши бежизга эмас. Иймонсиз ибодат асло қабул қилинмаслиги ва барча савоби беҳуда кетиши эътиборидан келиб чиқиб айтилмоқда ва поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилмоқда.
Исломда иймоннинг аҳамияти ва қадр-қиммати қанчалик юқори эканини яхши биламиз. Поклик иймоннинг ярмига тенглаштирилганидан ҳам Ислом дини озодалик, поклик ва тозаликка қанчалар эътибор берганини билиб олса бўлаверади.
عَنْ عَامِرِ بْنِ سَعْدٍ، عَنْ أَبِيهِ: قال رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ اللهَ طَيِّبٌ يُحِبُّ الطَّيِّبَ، نَظِيفٌ يُحِبُّ النَّظَافَةَ، كَرِيمٌ يُحِبُّ الْكَرَمَ، جَوَادٌ يُحِبُّ الْجُودَ، فَنَظِّفُوا أَفْنِيَتَكُمْ وَلَا تَشَبَّهُوا بِالْيَهُودِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Омир ибн Саъддан, у отасидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни суяди, озодадир – озодаликни суяди, карамлидир – карамни суяди, сахийдир – сахийликни суяди. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг! Яҳудийларга ўхшаманг!» дедилар» Термизий ривоят қилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни суяди», деганлари «Эй умматим, сизлар ҳам хушҳол бўлинглар» деганларидир. Шунингдек, Аллоҳ таоло «озодадир – озодаликни суяди». Бинобарин, мусулмон киши доимо озода бўлмоғи даркор. «Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг, яҳудийларга ўхшаманг!»
Ҳовли-жойларимиз, кўча-кўйларимиз, турар жой ва майдонларимиз, ҳамма жойимизни озода тутишимиз лозим. Токи кўрган одам ҳавас қилсин. Бошқалар озода жойни кўрса, бу жой мусулмонларнинг жойи экан, дейдиган бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْإِيمَانُ بِضْعٌ وَسَبْعُونَ أَوْ بِضْعٌ وَسِتُّونَ شُعْبَةً، فَأَفْضَلُهَا قَوْلُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَأَدْنَاهَا إِمَاطَةُ الْأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейиш ва энг кичиги – йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш». Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
Мусулмонларнинг озор берадиган нарсаларни йўлдан олиб ташлашини иймон шуъбаси даражасига кўтарган Ислом дини уларни атроф муҳитдаги барча нарсаларни пок тутишга, бунинг учун зарур бўлган барча чораларни кўришга ҳам чақирган.
“Гина, ҳасад, кибр, ғараз, ғазаб каби касалликлар билан иллатланган қалбда фаришталар қандай қўним топсинлар!”.
Шунингдек, поклик деганда инсон фақат ўзини поклаб юрса бўлди, дегани эмас. Аллоҳ таоло инсонни яратиб руҳ билан бирга ақлу идрок бахш этган. Ақлли, ҳушёр инсонлар зиммасига табиатни тоза ва покиза сақлаш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза этишдек катта масъулиятни юклаган. Аллоҳ таоло юклаган бу масъулиятни инсон азалдан бажо этиб келади. Табиатни муҳофаза этиш Ислом динининг асосий таълимотларидан бири ҳисобланишига ҳам шу илоҳий мажбурият сабаб бўлган.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир қора танли киши ёки қора танли аёл масжидни супуриб юрарди. У киши вафот этиб (кўринмай қолган эди) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни сўраб-суриштирдилар. Саҳобалар у аёлнинг вафот этганини айтишди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Менга шуни айтсангиз бўлмасмиди?”, дея (бироз ғазабланиб) менга унинг қабрини кўрсатинглар”, дедилар. Шундан кейин унинг қабри тепасига келиб, унга жаноза ўқидилар.
Ушбу воқеадан атроф-муҳит тозалигини сақлаш, хусусан, масжидни пок тутиш нечоғлик олийжаноб иш экани маълум бўлади.
Абу Мусо розияллоҳу анҳу Басрага келганларида басраликларга: “Мени сизнинг олдингизга Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Роббингизнинг Китоби, Пайғамбарингизнинг суннатини ўргатишим ва кўчаларингизни тоза тутишим учун юборди”, деб мурожаат қилган эканлар.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Учта лаънат келтирадиган ишлардан эҳтиёт бўлинг: сувларда, йўл ўртасида ва соя жойларда ҳожат чиқариш” (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).
Ислом дини барчамизга яшаётган жойларимиз озода бўлиши, ичимлик сувимиз тозалиги, танамиз эса покиза бўлишига буюради. Асрлар бўйлаб мусулмонлар ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни ўзларининг бурчи деб билиб келганлар. Ҳозирги пайтда айниқса озодалик ва покизалик қоидаларига риоя қилиш яна ҳам зарурроқ иш бўлиб қолди.Ҳавонинг чанг ва ифлосланишига инсотиятнинг шафқатсизлиги учун табиат ундан ўч олмоқда. Уй ва кўчаларга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиб парвариш қилишимиз ёқилғи ва чиқиндиларни белгиланган тартибга қатий амал қилишимиз атроф муҳитни муҳофаза қилишга ҳизмат қилган бўламиз.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи севган бандаларидан қилиб, танамиз ва руҳиятмиз пок бўлмоғини насиб айласин
«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди.
Абдулвоҳид Исақов,
Наманган шахар “Мирёқуббой Мирҳакимбой”
жоме масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022