ИСЛОМДА ВАТАНГА МУҲАББАТ..

Бу туғилиб ўсган юртига нисбатан эъзоздан иборатдир! Мусулмон киши Ватанини севади! Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, хурсанд бўлса - хурсанд, хафалик етса - қайғуради. Инсон " Ватан менга нима берди?" деб эмас, балки "Мен Ватанимга нима қилдим?" деган олий туйғу билан яшамоғи лозим.
Шунинг учун ҳам киши ўз юртидан узоқлашганда, уни қўмсайди ва соғинади. Бу қўмсаш биз умматга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан меросдир. Ислом тарихидан маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккаи мукаррамада 53 ёшларигача яшадилар. Бу давр мобайнида Макка мушриклари томонидан у зотга бир қанча зулм, душманлик ва камситишлар бўлди. Шундай бўлса-да, ватанларини тарк қилиб, бошқа жойга кетмадилар. Аммо Макка мушрикларининг зулмлари ҳаддан ошиб, Расулуллоҳнинг жонларига қасд қилиш даражасига етганларидан кейин, Аллоҳнинг буйруғига биноан Маккадан чиқиб кетдилар. Чиқиш вақти келганида кўзга ёш олдилар, кўнгиллари бўшаб, Маккага қараб шундай дедилар:
Яъни:"( Эй Макка) сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим"( Имом Термизий ривояти).
Ислом таълимотида Ватанга хиёнат қаттиқ қораланади. Ҳадисда айтилади: " Ибн Умар розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар:" Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:" Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор учун бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади",деб айтганларини эшитдим"(Имом Бухорий).
Демак, она Ватан ҳеч қачон сотилмайди ва унга хиёнат қилинмайди!
Кишининг ўз юртига меҳр- муҳаббатли бўлишига тарғиб қилиб, Имом Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: " Инсон ўз туғулиб ўсган ерини ва ундаги нарсаларни, гарчи у ер одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам, яхши кўради. Ватанга бўлган муҳаббат - инсон қалбидаги туғма табиатдир. Бу нарса инсонни ватанида бўлганида хотиржам, мусофирликда соғинадиган, унга ҳужум қилинганда ҳимоя қиладиган, ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди".
Абу Амр ибн Ало раҳматуллоҳи алайҳ: " Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, яқинларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади", деганлар.
Шундай экан, ҳар биримиз ўз Ватанимизга бўлган муҳаббатимизни янада ошириб, тинчлигини қадрига етиб, унинг ободлиги ва ривожланиши йўлида ўз ҳиссамизни қўшиб, кундан - кунга ортиб бораётган ислоҳот ва ютиқларига шукр қилиб, ҳар хил ёвуз ниятдаги кимсалардан уни кўз қорачиғимиздек асраб - авайлаб, Ватан равнақи йўлида хизмат қилаётган шахсларнинг ҳаққига дуолар қилиб, ибодатларимизни ўз вақтида бажариб умргузаронлик қилишимиз мақсадга мувофиқдир.
Маъсумхон Турғунов,
Наманган шаҳар “Шайх Эшон” жоме
масжиди имом- хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022