Қоронғи режим
Image
Logo

ИСЛОМДА ВАТАНГА МУҲАББАТ.

ИСЛОМДА ВАТАНГА МУҲАББАТ.

    Исломда Ватанга муҳаббат бу – туғилиб ўсган юртини эъзозлаш, унинг равнақи учун бор имкониятини сарф қилишдир! Мусулмон киши Ватанини севади! Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, хурсанд бўлса – хурсанд, хафалик етса – қайғуради.

  Шунинг учун ҳам киши ўз юртидан узоқлашганда, уни қумсайди ва соғинади. Ислом тарихидан маълумки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ватанлари  Маккаи мукаррамани яхши кўрар эдилар.  У Зот ёлғиз Аллоҳга имон келтиришга даъват қила бошлаганларидан сўнг Макка мушрикларининг зулмлари ҳаддан ошиб, Расулуллоҳнинг жонларига қасд қилиш даражасига борганларидан сўнгина Аллоҳнинг буйруғига биноан, Маккадан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Чиқиш вақти келганида, кўзларига ёш олдилар, кўнгиллари бўшаб, Маккага қараб шундай дедилар:

   “(Эй Макка), сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим”  (Имом Термизий ривоятлари).

 Шундан кейин Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам хотиржам сафарларини давом эттирдилар.

  Инсоннинг ўз Ватани олдида бир неча вазифалари бўлиб, уларнинг энг муҳимлари учтадир:

   Ватаннинг ҳаққига дуо қилиш. Чунки пайғамбарлар ўз ватанлари ҳаққига дуо қилганлар.  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Мадинаи мунавварага борганларида, унинг ҳаққига қуйидагича дуо қилдилар:

 “Эй Аллоҳ! Мадинани бизга Маккани суйганимиздек ёки унданда зиёдароқ суюкли қилгин! Ва уни тошу тарозусига – соъу муддига баракот бергин!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Кўриниб турибдики, пайғамбар алайҳиссаломлар яшаб турган юртларига тинчлик ва ризқ сўрадилар. Зеро бу икки неъмат – Ватан фаровонлиги омилларидандир! У иккиси ёки бири топилмаса, бахт саодат йўқолади.

  Ватан ободлиги учун моддий ва маънавий ҳисса қўшиш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди: “У (Аллоҳ) сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этди” (Ҳуд сураси 61-оят). Демак, инсон ер юзини, хусусан яшаб турган юртини, ўз Ватанини обод қилиши – унинг бурчи ҳисобланади.

 

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар  “Қиёмат қоим бўлиб қолса-ю, бирингизнинг қўлида кўчат бўлса, у қоим бўлгунича экишга улгурса, экиб қўйсин” (Имом Бухорий ривоятлари). Ҳадиси шарифда инсон ўз ҳаётининг охирги лаҳзасини ҳам ғанимат билиб, яшаб турган жойини обод қилиш, уни гуллаб-яшнатишга тарғиб қилинмоқда.

  Ватанда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик. Ҳар бир шахс ўзи яшаб турган жойини ардоқлаб, уни ҳимоя қилиши – ўз жони, моли, ота-онаси ва фарзандларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Бу иш улкан савоб экани ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

    “Моли, жони, дини ва аҳли аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топади” (Имом Термизий ривоятлари).

  Киши Ватанига хиёнат қилиши, ундаги ота-онаси, фарзандлари ва халқининг қадрига етмаслиги, уларни ўйламасдан Ватанга қарши қурол кўтариши – исломдаги энг оғир гуноҳ ва жуда катта жиноятдир!

   Ватанни севишимизга бир қанча сабаблар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло тақдиримизни шу ерга битди. Шу Ватанда туғилиб ўсдик, тарбия топдик. Бу Ватанда энг севимли қариндошларимиз, яқинларимиз яшашади.                               Афсуски, айрим Ватан қадрига етмаган кимсалар, сохта даъволарни қилиб, оиласи бағрида тинч, осуда ҳаёт кечираётган мусулмонларни ўзга юртларга чиқиб кетишга даъват қилмоқда.

  Хусусан, улар илм-маърифатдан йироқ, жоҳил кимсаларни ўз атрофларига тўплашга интилиб, ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари бемалол ўқиладиган, хуллас, исломнинг беш арконлари эмин-эркин адо этилиб, мусулмончилик амалда бўлган ва ўзлари тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган ватанларини тарк этишга тарғиб қилмоқдалар.

  Бунинг оқибатлари эса ҳаммамизга аён. Шундай экан, ҳар биримиз Ватанимиз тинчлигини қадрига етиб, унинг ободлиги ва ривожланиши йўлида ўз ҳиссамизни қўшишимиз, кундан-кунга кўпайиб бораётган ислоҳот ва ютуқларига шукр қилиб, ҳар хил ёвуз ниятдаги кимсалардан уни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлашимиз, Ватан равнақи йўлида хизмат қилаётган раҳбар ва юртдошларимизнинг ҳақларига дуолар қилиб, ибодатларимизни ўз вақтида бажариб, умргузаронлик қилишимиз мақсадга мувофиқдир.

 

Жобирхон Ҳалимхон ўғли,
Мингбулоқ тумани “Мулла Тожи Ахмад” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг