Қоронғи режим
Image
Logo

ИСРОФ ҚИЛМАЙ, ИНСОФ ҚИЛАЙЛИК.

ИСРОФ ҚИЛМАЙ, ИНСОФ ҚИЛАЙЛИК.

Аллоҳ таоло мўминларни сифатлаб, бундай марҳамат қилган: “Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида-мўтадилдир”. (Фурқон сураси 67-оят)

Исроф дегани: арабча сўз бўлиб, тилимизда беҳуда йўқ қилиш, увол қилиш, неъматни қадирламаслик маъноларини англатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тежамкор одам камбағал бўлмайди” деганлар. (имом Аҳмад ривояти).

Аллоҳ таоло бизга ҳаёт, соғлиқ, оила, мол-мулк каби неъматлар инъом этган. Биз улардан қандай фойдаланганимиз, қаерга сарф қилганимиз ҳақида охиратда сўраламиз. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Сўнгра ана ўша Кунда, албатта, (сизларга ато этган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсизлар!” (Такосур сураси, 8-оят).

Муқаддас динимиз барқарор ҳаёт кечириш учун тежамкор бўлиш ва исрофдан сақланишга буюради. Бунга амал қилган ота-боболаримиз ҳар бир неъматни эъзозлашган, уни исроф қилишмаган, уволидан қўрқишган. Мана қиш мавсумларида газ, сув ҳақида ўйлаб қоламиз бироқ ёз кунлари табиий газ ва сувларни исроф қилишдан сақландикми.  Хонадонларимизда газ пиликлари беҳуда ёниб турмаяптими бундан ҳам ачинарлиси ичимлик суви жўмрак носозлиги ёки этиборсизлик боис муттасил оқиб турмаяптими. Уни Тузатишга шошилмасак чунки жўмракни тузатишга пул кетади десак, анашу арзимас ҳаражатдан қочиб, ҳар томчиси бебаҳо неъмат бўлган сувни увол қилиб қоймаяпмизмикин. Исрофдан, исроф қилишдан каттиқ сақланишимиз лозим чунки :

Аллоҳ таоло  Қуръони каримда бутун инсониятга қарата шундай марҳамат қилади:

“Сизлар ўзларингиз ичадиган сув ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдиргувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?” (Воқеа, 68-70).

Бир тафаккур қилиб корайлига ўтаётган ҳар бир кунимизни сувсиз тасаввур қила олмаймиз. Маълумотларга қараганда, Ер юзасининг 70 фоизидан кўпроқ қисми сув билан қопланган бўлса, унинг бор йўғи 3 фоизигина ичимлик (чучук) сув ҳисобланар экан. Инсон танасининг ҳам 3/2 қисми, яъни 60-70 фоизи сувдан иборат. Сув нафақат инсоният, балки бутун махлуқот, ҳайвонот олами, ўсимликларнинг  ҳаёти ва тириклик манбаидир.

Биз Аллоҳга суюкли халқлардан, Аллоҳга маҳбуб умматлардан бўлишни хоҳласак, исрофдан сақланайлик, Аллоҳ таоло берган ҳар бир неъматни катта-кичик демасдан қадрига етайлик. Шунда Аллоҳ таоло неъматларини янада зиёда қилиб беради.

Динимиз “Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!” (Исро сураси 26-оят) деб буюргани учун исрофдан қайтсак мақсадга эришамиз, ҳам савоб оламиз. Бу икки карра ютуқ бўлади. Айниқса, вақтни беҳуда ўтказиш исрофнинг энг каттаси ва ачинарлиси эканини ҳам эсдан чиқармайлик. Шуни ёдда тутайлик, ким қайси неъматни беҳуда совурса, кун келиб уволи тутгай!. Сийрат уламоларимиз айтадиларки - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳминан ярим литрдан сал кўпроқ сув билан таҳорат қилар эдилар. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирдилар ва тўсатдан кўзлари тўкилган ушоқларга тушди, уларни териб олиб, тозалаб едилар..! Ҳар қандай мўминни ҳушёр тортирадиган оят билан якунлаймиз. Аллоҳ таоло “...еб-ичинг, (лекин) исроф қилманг! Зеро, у исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф сураси 31-оят) деб исрофдан қайтарган.

Нуриддин Ҳамрақулов,
 Учқўрғон туман “Шархончек” жоме
масжиди имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг