ИСТИҚЛОЛ УЛУҒ НЕЪМАТ

Аллоҳ таоло инсонларни бу дунёда турли-туман неъматлари билан неъматлантирган. Ҳар бир неъматнинг ўзига яраша қадр қиймати бор, аммо булар ичида бебаҳо яна бир шундай бир неъмат борки, қолганлари шу неъмат сабабли вужудга келади. У тириклик, сиҳат-саломатлик, тинчлик неъматидир. Шу тинчлик неъмати сабаб, мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги арафасида турибмиз, Аллоҳ бу мустақиллик неъматини давомий қилсин.
Ҳар бир инсон ота-бобоси, аждодлари эришган улкан ютуқлар билан фахрланади, уларнинг хоки ётган она тупроғини кўзига тўтиё қилади. Ҳар бир халқ уни дунёга танитган машҳур ўғлонлари билан фахрланади, ҳар бир давлат унга асос солган буюк сиймолар хотирасини ёдда сақлайди. Шундай экан, ўзбек халқи ҳам, Ўзбекистон давлати ҳам бутун дунёга донғи кетган буюк ватандошларимизни, салаф солиҳларимизни, халқимизнинг мард ўғлонларини қадрлайди, уларнинг порлоқ хотирасини сақлашни ёш авлодга васият қилиб қолдиради. Ўзбек халқининг буюк фарзандларини, тарихда ўчмас из қолдирган, бугунги инсоният тамаддунига, илм-фанга, дину диёнатга улкан ҳисса қўшган улуғ зотларни санаймиз десак, қувваи ҳофизамиз ожизлик қилади. Аллоҳ таоло бу борада халқимизни ниҳоятда сийлаб, кўкларга кўтарган. Бизнинг диёр – Имом Бухорий, имом Термизий, Имом Мотуридий, Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Форобий, Ибн Сино, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Улуғбек Мирзо, Юсуф Хос Ҳожиб, Алишер Навоий, Бобур, Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоёр, Авлоний, Беҳбудий, Фитрат каби минглаб буюк зотларни етиштирган муборак заминдир.
Қўйингки, инсон ҳаётининг қайси бир жабҳасини олиб қарамайлик, ўша соҳада халқимизнинг вакиллари муносиб ўрин тутган, исми инсоният тарихининг зарварақларига зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилган бўлади.
Муҳтарам азизлар! Шуни ҳам таъкилаб ўтишимиз лозимки, кишининг оиласи олдидаги мажбурияти, ўзи яшаб турган давлатининг раҳбари, яъни “улул-амр”га итоат этиш мажбурияти, ватанини ҳимоя қилиш мажбурияти ҳам борки, динимизда буларни баён қилиб берилган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида шундай дедилар:
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким менга итоат этса демак, Аллоҳга итоат этибди ва ким менга итоатсизлик қилса, демак, Аллоҳга итоатсиз бўлибди. Ким раҳбарига итоат этса демак, менга итоат этибди ва ким раҳбарига итоатсиз бўлса демак, менга итоатсиз бўлибди”(Имом Бухорий ривояти).
Юқоридаги ҳадиснинг мазмунидан маълум бўладики, кишилик жамиятида қонунларнинг аҳамияти жуда ҳам катта. Дарҳақиқат, адолатли қонунлар ҳамма вақт халқ фаровонлиги ҳамда дунё ва охират ободлигининг асосидир
Хулоса қилиб айтганда, Юртбошимиз таъкидлаганидек, ўзбек халқининг “бошқаларга ҳеч ўхшамайдиган минг йиллар давомида шаклланган, нафақат ўзаро муомала, балки ҳаётимизнинг узвий бир қисми сифатида намоён бўладиган бир қатор ўзига хос хусусиятлари, бағрикенглиги, меҳр-оқибат, меҳр-муҳаббат, меҳр-шавқат каби фазилатлар билан йўғирилган дин-диёнати, маънавияти юксак даражада экан, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом бўлишига ҳеч қандай шубҳа йўқ”. ИншаАллоҳ...
Муҳибуллоҳ Ҳудойбердиев,
Тўрақўрғон туман бош имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022