ИХЛОС ВА АМАЛ

Ихлос сўзини кундалик ҳаётимизда жуда кўп эшитамиз. Бугун ана шу атаманинг динимизда нечоғлик аҳамиятли экани ҳақида сўз юритсак.
Ихлос – амалларда ягона Аллоҳ таолонигина қасд қилишдир.
Баъзилар: «Тоатларда фақат Аллоҳ таолони қасд қилиш», дейдилар.
Фойда бериши учун инсонни амали тўғри бўлиши ва ихлос билан бажарилиши лозим бўлади.
Ихлос – қалб амалларидандир. Балки у қалб амалларининг ҳам бошида туради, чунки амаллар фақат ихлос бўлсагина, қабул бўлади.
Демак, ихлос – амал ила Аллоҳ таолонинг розилигини ирода қилишдир!
Бошқача айтганда амалга киришганда Аллоҳ ва охират учунгина киришиш керак бўлади.
Одам алайҳиссаломдан тортиб, то Қиёматгача келадиган барча одамлар сўз ва амалда ихлос қилишга буюрилгандир.
Ким ихлосни маҳкам ушласа – нажот топади.
Ким уни зое қилса – ҳалокатга юз тутади.
Зеро, амалнинг қабул бўлиш ёки бўлмаслиги, унга мукофот ёки жазо берилиши, ўша амалда ихлоснинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги эътибори билан бўлади.
Аллоҳ таоло муборак каломида: Ўзини Аллоҳга ихлос билан таслим қилган мўминнинг дини энг гўзал дин эканини таърифлаб, мана бундай дейди:
وَمَنْ أَحْسَنُ دِينًا مِمَّنْ أَسْلَمَ وَجْهَهُ لِلَّهِ وَهُوَ مُحْسِنٌ
яъни: “Муҳсин (мухлис) бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган кишидан ҳам кўра дини гўзалроқ ким бор?” (Нисо сураси 125-оят).
Аллоҳ таоло амалларни холислик билан қиладиган бандаларига – гарчи уларнинг амаллари четдан қараганда арзимас ва оз бўлиб кўринса ҳам – ажр-мукофотни катта қилиб беради.
Шунингдек, Аллоҳ уларнинг – гарчи хатолари зоҳиридан катта ва йирик бўлиб кўринса-да – гуноҳларини кечиради.
Бир ҳадиси шарифда йўлдан одамларга озор берувчи нарсани холис Аллоҳ учун олиб ташлаган ва шу туфайли гуноҳи кечирилган киши ҳақида баён қилинади.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
بَيْنَمَا رَجُلٌ يَمْشِى بِطَرِيقٍ وَجَدَ غُصْنَ شَوْكٍ فَأَخَذَهُ فَشَكَرَ اللَّهُ لَهُ فَغَفَرَ لَهُ
(رواه الإمام مسلم)
яъни: “Бир одам кетаётиб, йўлда ётган тиканли шох-шаббага кўзи тушди-да, уни четга олиб қўйди. Унинг бу хайрли иши Аллоҳ таолога хуш келиб, гуноҳларини мағфират этди” – дея марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривоятлари).
Худди шунга ўхшаш бошқа ҳадиси шарифда чанқоқ итни сувга қондириш ҳақидаги воқеа ҳам мавжуд.
Бу воқеа ҳам кўринишидан кичик, лекин ихлос билан қилинган амал сабабли гуноҳкор аёлнинг катта гуноҳлари кечирилганлиги хабар қилинган.
Уламоларимиз айтганларидек, бу аёл қалбида ихлос билан, соф имонни сақлаган ҳолда итни сувга қондирди, шунинг учун унинг гуноҳи кечирилди.
Муҳтарам азизлар! Юқоридагилардан кўриниб турибдики, бир амалнинг бошқа амалдан афзаллиги унинг катта ёки кичиклигига қараб эмас, балки амал соҳибининг қалбидаги имон ва ихлоснинг қай даражада эканига қараб белгиланар экан.
Зеро амал – суратдир, ихлос эса – унинг руҳидир.
Одамзот руҳи билан тирик саналганидек, амал ҳам ихлоси билан мақбулдир.
Аллоҳ таолодан бизларни мухлис бандаларидан қилишини сўраймиз.
Муродилла Ахмедов,
Наманган тумани "Отавалихон" жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022