Қоронғи режим
Image
Logo
ИЙДУЛ-ФИТР МУБОРАК БЎЛСИН!

ИЙДУЛ-ФИТР МУБОРАК БЎЛСИН!

Вилоятимизда Рамазони шариф ойи катта хурсандчилик билан, кўтаринки кайфиятда ўтди. Муҳтарам Юртбошимизнинг Муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш тўғрисидаги қарорлари бу табаррук ойнинг файзига файз қўшди.

Рамазони шариф ойининг кириб келиши Давлат раҳбарининг эътиборида бўлиши бу мўмин-мусулмонларга эътибор демакдир.

Рамазони шариф ойида бўлиб ўтган таровиҳ номозлари, хатми Қуръонлар халқимиз қалбига чексиз хуррамлик бахш этди. Хатми Қуръонларнинг Қадр кечасида бўлиши, бутун мамлакат бўйлаб мўмин-мусулмонлар дуолар қилишлари бу юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, фарзандларимиз камолга етишига сабаб бўлади.

Биз бу йилги Рамазони шариф ойини ўзгача файз билан ўтганлигини намозхонларнинг юзларидаги хурсандчилик ифодаларидан ҳам кўрдик. Рамазони шариф – эҳсон, хайру саховат, яхшиликлар ойи. Шуни назарда тутган ҳолда Рамазони шариф ойида муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан кам таъминланган оилаларга ифторлик дастурхонлари ёзилди.

Бу хайрли амал ҳам диниимиз кўрсатмаларига, ҳам халқимиз анъаналарига тўла мутаносиб десак муболаға эмас. Бу ифторлик дастурхонларида барча ҳудудлардаги имом-хатиблар қатнашдилар, ўксик қалбларнинг хурсандчилигига шерик бўлдилар. Ифторлик вақти дуолар ижобат бўладиган фурсатдир.

Ана шу фурсатларда ифторликдан баҳраманд бўлган аҳолимиз жойлардаги имом-хатиблар билан биргаликда Юртбошимиз ҳамда юрт, эл ҳаққига дуолар қилишди. Бу хайру саховатга бош-қош бўлган Давлатимиз Раҳбари ва бошқа мутасаддиларнинг ҳаққига энг яхши миннатдорлик дуоларини қилдилар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Рамазони шариф умматимнинг ойидир” мазмунидаги ҳадисларига мувофиқ бу йил мамлакатимизда ҳақиқий хурсандчилик бўлди. Кам таъмилланган 1400 нафар фуқароларимизнинг Юртбошимиз ташаббуслари билан умра зиёратига жўнатилиши нур устига нур бўлди.

Биз имом-хатиблар умра  зиёратини амалга ошириб келган фуқароларимизнинг зиёратларига борганимизда, улар кўзларида қувонч ёшлари билан Юртбошимиз ва барча мутасаддилар ҳаққига дуойи хайрлар қилдилар.

Дарҳақиқат, улар учун бу жуда катта имконият бўлди. Бу каби кўнгли ўксик, меҳрга муҳтож, саховатга эҳтиёжманд инсонлар бугун фақат мана шу имкониятдан фойдаланиб, тинимсиз дуода, яхши тилакларда бўлдилар. Қувончлари таналарига сиғмаяпти. Ушбу эзгу амал, хайрли ҳаракат мамлакатимизда инсон қадри ҳар нарсадан баландлиги ва ижтимоий адолатнинг яққол далилидир.    

Бу йилги Рамазон ҳайити арафасида ҳам анъанага мувофиқ  муҳтарам Юртбошимизнинг халқимизга йўллаган Рамазон ҳайити табриги мўмин-мусулмонларимизни беҳад хурсанд қилди. Биз бу табрик билан танишиб чиқиб, унинг мазмун-моҳиятини фуқароларимизга етказдик. Табрик замирида муқаддас динимизга эътибор, асрий анъаналаримизга ҳурмат тимсолини кўришимиз мумкин.

Азизлар, бу муборак кунни ҳамжиҳатлик билан бир-биримиз билан ўзаро аҳил-иноқликда, кўнгилларимизга хурсандчилик улашиб ўтказайлик.

Қадрли юртдошлар, барчангизга Рамазон ҳайити байрами муборак бўлсин, юртимиз тинчлик-хотиржамлигини бардавом бўлсин, халқимиз фаровонлигини янада зиёда  бўлсин!

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг