ЖАННАТДА БИР ЭШИК БОР.....

#РАМАЗОН_МУБОРАК!
Ўлкамизга ойларнинг сарвари, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак Китоби Қуръони карим нозил бўлган ой, моҳи шарифи Рамазон ташриф буюрмоқда. Барчамиз ушбу орзиқиб кутилган муборак айёмга эсон-омон етганимиз учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналаримиз бўлсин! Бу ой Қуръон, тақво, барака, раҳмат, мағфират, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойидир. Шу боис бутун дунё мусулмонлари бу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи ҳақида шундай деганлар: “Кимки Рамазон ойи келишидан шодланса, Аллоҳ таоло унинг жисмини дўзах ўтига ҳаром қилади”.
Рамазон ойида ҳар бир киши қалбини поклаши, ўзаро хусумат ва гиналарни йўқотиш, қўни-қўшнилар ва қавму қариндошлар орасида ёрдамга мухтожларга мурувват кўрсатиш, қариндошларга силаи раҳм қилиш, беморларни зиёрат қилиш, етимлар бошини силаш, ёлғиз кексалар ва имконияти чекланган шахсларни (ногиронларни) ҳолидан хабар олиш каби савобли ишларга шошилиши ва бировнинг дилига озор етказиш, ҳаққига тажовуз қилиш каби барча гуноҳ ишлардан ўзини тийиши лозим бўлади” (Имом Насоий ривояти).
Рўза ибодати Жаннатдаги Райён эшигининг калитидир. Жаннатга киришнинг ўзи катта бир саодат. Аммо ўша жаннатга Парвардигори оламнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлиб, махсус тайёрлаб қўйилган эшикдан кириш яна бир ўзгача бахт ва шарафдир. Бу эшикдан эса фақат рўзадор бўлганлар кира оладилар. Бу ҳақда Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Жаннатда бир эшик бор, у Райён деб аталади. Қиёмат кунида ундан фақат рўзадорларгина кирадилар, улардан ўзга бирор киши ҳам (ўша эшикдан) улар билан бирга кирмайди. “Рўзадорлар қани?” дейилади. Улар ундан (ўша эшикдан) кирадилар, уларнинг охиргиси кириб бўлганда (эшик) беркитилади. Бошқа ҳеч ким ундан кирмайди” (Имом Муслим ривоят қилган).
Рамазон истиғфор ойидир. Яъни бу ойда фаришталар рўзадорлар учун Аллоҳдан мағфират талаб қилишади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
“Умматимга Рамазонда беш хислат берилди, улар олдинги бирор умматга берилмаган: рўзадорнинг оғзини ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкдан хушбўйдир; уларга фаришталар мағфират талаб қилишади; Аллоҳ ҳар куни жаннатни безаб, солиҳ бандаларим устиларидан меҳнат ва азиятлар улоқтирилиб, сенинг олдингга келишларига оз қолди, дейди; унда бебош шайтонлар кишанланади, натижада улар ундан бошқа пайтларда эришадиган нарсаларига эриша олмай қолишади; охирги кечада рўзадорлар мағфират қилинади” (Имом Аҳмад ривояти). Аллоҳ таоло Рамазон ойини барчаларимизга муборак айлаб, бу ойдан онадан янги туғулгандек гуноҳлардан фориғ бўлиб чиқишларимизни насиб айласин.
Жобирхон Халимхон ўғли ,
Наманган шаҳар “Яхёҳон тўра” жоме
масжиди имом ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022