ЖУМА КУНИ БИЛАН ТАБРИКЛАШ

Яқин йиллардан бери баъзилар томонидан: “Жума айёмингиз муборак бўлсин”, “Жума муборак” дейиш мумкин эмас, чунки, жума куни қиёмат куни бўлади, қачонки биз маҳшаргоҳдан ўтиб жаннатда йиғилганимиздагина “Жума муборак бўлсин”, деб айтамиз.
Жума билан табриклаш бидъат, чунки, Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалар бир-бирларини жума билан табрикламаган” деган ҳар хил гап-сўзлар тарқалиб қолди.
Бу гап-сўзларга қисқа жавоб шуки, мўмин-мусулмонлар ўзаро бир-бирларига соғлиқ-саломатлик тилаб, Жума куни билан табриклашлари мубоҳ (савоб ҳам, гуноҳ ҳам бўлмайдиган) амаллардандир.
Чунки жума куни билан табриклаб, муборакбод қилиш бир қанча ояти карима ва ҳадиси шарифлардан кўзланган мақсадга мувофиқ келади ҳамда умумий шариат қоидаларига тўғри келади.
Жума куни кунларнинг энг яхшиси экани ҳақида Пайғамбаримиз шундай деганлар:
“Қуёш чиққан кунларнинг энг яхшиси жумадир! У куни Одам яралган, у куни жаннатга киритилган, у куни жаннатдан чиқарилган, қиёмат ҳам жума кунидадир” (Имом Муслим ривоятлари).
Шунингдек, Жума куни мусулмонларнинг ҳафта ичидаги байрамлари ҳисобланади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:
“Албатта бу (жума куни) байрам кунидир. Аллоҳ уни мусулмонлар учун (байрам) қилган. Шундай экан, ким жумага етса, ғусл қилсин. Агар унда хушбўйлик бўлса, ундан сепиб олсин ва мисвокни лозим тутинглар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ҳам Жума кунини ҳафталик байрам экани ҳақида бундай деганлар: “Аллоҳга ҳамд бўлсинки, Жума ва Арафа кунлари биз мусулмонларга байрам қилиб берди” (Имом Табароний “Жомиъул баён” китобларида келтирганлар).
Байрам билан табриклаш ва муборакбод қилиш мумкинлиги ҳақида мўътабар уламоларимиз томонларидан бир қанча маълумотлар мавжуд бўлиб, жумладан, Имом Ибн Қудома раҳматуллоҳи алайҳ “Муғний” китобларида шундай деганлар: Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтдилар: “Байрам куни киши биродарига: “Аллоҳ сизу биздан қабул қилсин” дейишини ҳеч қандай зарари йўқ.
Имом Шиҳоб Аҳмад Моликий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан байрам куни киши биродарига: “Аллоҳ сизу биздан қабул қилсин ва гуноҳларимизни кечирсин!” дейиши ҳақида сўралганда у зот бундай жавоб бердилар: “Уни (далили борлигини) билмаймиз, лекин инкор ҳам қилмаймиз, чунки бу яхши сўздир”.
Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ “Усулул аманий би-ҳусулит таҳаний” китобларида бундай деганлар:
“Фарзанд кўрганда табриклашни ҳадисларда асоси бўлгани каби байрам ва ойлар билан табриклашни ҳам ҳадислардан асоси бор”.
Демак, байрамларда табриклаш мумкин бўлганидан кейин жума кунида ҳам табриклаш ва муборакбод этиш мумкин ва жоиздир.
Чунки юқоридаги ҳадислар билан жума кунини ҳам байрам экани очиқ-ойдин маълум бўлди.
Шунга биноан, бу кунни байрамона кайфиятда, хушбўйликларни сепиб, хурсадчилик билан, ибодатларни адо этиб, ўзаро бир-биримиздан ҳол-аҳвол сўраб, яхши тилакларни билдириб ўтказишимиз айни мудао бўлади.
Жума куни сизга барокатли, муборак бўлсин, дейиш ҳам, яхши тилаклар жумласидандир.
Хулоса қиладиган бўлсак, юқоридаги барча ояти карима, ҳадиси шариф, ривоят ва фиқҳий қоидалар ҳамда уламоларимизнинг фикрларидан маълум бўлмоқдаки, мусулмонлар бир-бирларини Жума куни билан табриклаб, ўзаро дуолар қилишларида ҳеч қандай шариатга зид жойи йўқ.
Аксинча, бу дуои хайр ва яхши тилаклар сабабли мусулмонлар орасида меҳр-муҳаббат, ўзаро хурсандчилик, оқибат зиёда бўлиб, биродарлик ришталари мустаҳкамланади.
Албатта, бу табриклаш ихтиёрий бўлиб, уни вожиб ёки суннат демаймиз.
Бу амални тарк қилган киши гуноҳкор ҳам бўлмайди. Валлоҳу аълам.
Манбалар асосида тайёрланди
Муродилла Аҳмедов,
Наманган тумани "Отавалихон" жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022