Қоронғи режим
Image
Logo

КЎЗГУ СИРНИ ЖУДДА ҚАТТИҚ САҚЛАЙДИ

КЎЗГУ СИРНИ ЖУДДА ҚАТТИҚ САҚЛАЙДИ

Мўминнинг мўминда жуда кўп ҳақлари бор. Бугун ана ўша ҳақлар ичида энг аҳамиятли, энг катта ҳақлардан бири – насиҳат қилиш ҳаққини бир ҳадис шарҳи мисолида ўрганамиз. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин мўминнинг кўзгусидир”, – дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Ушбу ҳадис Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мўминнинг мўминга нисбатан мавқифини жуда гўзал ташбеҳ билан баён қилиб бердилар. Дунёда бундай гўзал, бундан чиройли ташбеҳ бўлмайди. Ҳадис атига уч сўздан иборат бўлсада, олам-олам маъноларни ифода қилади.

Ҳадиси муборакка эътибор қаратсак, бир ўзакдан олинган “мўмин” сўзи икки марта  қўлланганини кўрамиз. Мўмин сўзи эса омонлик маъносини англатади. Шунга кўра мўминлар бир-бирларига озор беришдан, ўзаро адовату ёмонлик қилишдан омонда бўлишлари лозим. Бу нарса қачонки мўминлар бир-бирларига ойна бўлганларидагина юзага чиқади.

Уламоларимиз “Мўмин мўминнинг кўзгуси” эканини яхши тушуниш учун аввало унинг марказида турган кўзгунинг хусусиятларини билиб олишимиз керак, дейдилар.

Кўзгунинг хусусиятларидан бири шундаки, у олдида турган кишининг фазилати ёки нуқсонини борича кўрсатади. Ошириб, бўрттирмайди, камайтирмай-ди ҳам. Демак мўмин бошқа мўминда бирор фазилат кўрса, хурсанд бўлиб, ҳавас қилиши лозим. Нуқсон ёки камчилик кўрса, уни ислоҳ қилиши керак. Мана шу мўминнинг вазифасидир. Мақтовда ҳаддан ошиш ёки айбни борича кўрсатмас-лик инсонни адаштиради. Камчиликни бўрттириб айтиш эса умидсизликка бош-лайди. Ҳар икки ҳам зарар келтиради.

Кўзгунинг яна бир хусусияти унинг ҳамиша ростгўй эканидадир. Худди шундай мўмин ҳам доимо сўзида ҳам, амалида ҳам ростгўй бўлиши лозим. Ҳеч қачон ёлғон ва алдовга йўл бермайди. Ҳадисларда: “Алдаган биздан эмас” дейилган.

Кўзгунинг яна бир хусусияти шундаки, у камчиликни олдида турган одамга айтади. Ундан бошқа ҳеч кимга айтмайди. Мўмин ҳам худди шундай бўлиши керак. Мўмин киши бошқа бир мўминнинг айбини кўрса, бу ҳақда унинг ўзигагина хабар берсин. Уни тузатишни мақсад қилсин. Бировнинг айбини бошқаларга ошкор этмасин. Акс ҳолда қилган иши ғийбат бўлиб қолади. Ғийбат эса Қуръонда ўлган ҳолдаги биродарнинг гўштини ейишга тенлаштирилади.

Кўзгунинг яна бир хусусияти шундаки, кўзгу сирни жудда қаттиқ сақлайди. У ихтиро қилинганидан бери ҳалигача ҳеч кимнинг сирини ошкор қилган эмас. Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:  “Ким биродарига сир ҳолда насиҳат қилса, унга насиҳат қилган бўлади. Ким ошкора насиҳат қилган бўлса, уни шарман-да ва бадном қилган бўлади”.

Кўзгунинг яна бир хусусияти шундаки, кўзгу ҳеч нарсани хотирасида сақламайди. У фақат қараган одамнинг жонли тасвирини кўрсатади. У кетиши билан тасвирни ҳам ўчиради.

Кўзгунинг яна бир хусусияти шундаки, қачонки инсон кўзгуга қараса, унда бировнинг эмас ўз аксини кўради. Худди шундай, мўмин кимда бирор айбни кўрса,   биродарини эса кўзгу вазифани бажарувчи деб билади. Луқмони Ҳакимдан: “Одобни қаердан ўргандингиз?” деб сўраганларида: “Беодобдан” деб жавоб берган эканлар.

Кўзгунинг кейинги хусусияти у фақат ташқи кўриниш-зоҳирни кўрсатади. Ботин билан иши йўқ. Худди шундай мўмин киши ҳам биродарининг зоҳирига қараб муомала қилади. Ботинни эса Аллоҳ таолога ҳавола қилади. Зеро зоҳирни қўйиб, ботинни тафтиш қилиш хаворижларнинг одатидир. Мўмин бу каби нарса-лардан эҳтиёт бўлади.

Кўзгунинг яна бир хусусияти шуки, айбни айбдорнинг ўзига кўрсатади. Бошқа ҳеч кимга кўрсатмайди. Худди шундай мўмин киши биродаридаги айбни унинг ёлғиз ўзига айтиб насиҳат қилади. Айбни ҳаммани олдида айтса, уни шарманда қилган бўлади. Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Мўмин (бировнинг айбини) яширади ва насиҳат қилади. Фожир эса (бировнинг айбини) очади ва шарманда қилади”.

Кўзгунинг навбатдаги хусусияти шундаки, ойнага қараган кишини айбини кўрсатади ва сукут қилади. Уриш ёки ҳақоратга ўтмайди. Худди шунингдек, мўмин киши ҳам биродарида камчилик кўрса, уни урмайди, сўкмайди, балки ислоҳ қилишга шошилади. Кейин сукут сақлайди. Ҳеч қачон айбдор инсонни уриб, ҳақо-рат қилиб ёки  унинг қилган ишини қайта-қайта гапириб ҳамманинг олдида шар-манда қилмайди.

Кўзгунинг кейинги хусусияти, у нафақат нуқсонларни, балки кишининг гўзаллигини ҳам намоён қилади.  Аллоҳ таолога шукроналик ҳиссини уйғотади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ойнага қараб: “Алҳамдулиллаҳ, эй, Аллоҳим! хилқатимни чиройли қилганинг каби хулқимни ҳам гўзал қил”, дердилар (Ибн Сунний Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

 

Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори”
жоме масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг