Қоронғи режим
Image
Logo
КАРАНТИН ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ЭТАЙЛИК

КАРАНТИН ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ЭТАЙЛИК

Жаҳон оммавий ахборот воситалари тарқатаётган хабарларга кўра, қарийб бир ярим йилдан бери инсониятга синов, имтиҳон бўлиб келган вабо – коронавирус пандемияси учинчи, айрим мамлакатларда тўртинчи тўлқин тарзида намоён бўлмоқда. Аллоҳга шукрки, ўтган йили ҳукуматимиз амалга оширган қатор чора-тадбирлар сабаб ушбу касалликнинг оқибатлари бирмунча енгил кечди. Аммо бу йилги ёз чилласи кириб келиши билан вируснинг тарқалиши яна авж олди. Динимизда инсоннинг жони, эътиқоди, ақли, моли ва обрўсини сақлаш муҳим асослардан биридир. Уларга зарар етадиган ҳолатларда шариат ўз талабларини инсониятга енгиллатади.

         Мамлакатимизда касалликнинг кенг ёйилиб кетиши олдини олиш, унинг асоратларини енгиллатиш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жамоат жойларида тўпланмаслик, йирик тантана ва тадбирлар ўтказмаслик, ниқоб тақиш, ўзаро масофа сақлаш ва вакцина олиш бўйича чора-тадбирлар шулар жумласидандир.

         COVID-19 вабоси  асосан, ҳаво-томчи, қўл бериб сўрашиш каби ҳолатларда юқади. Шундай экан, жамоа бўлиб тўпланиш ҳолатлари ушбу хатарли вируснинг тарқалишига асосий сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:“Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг. Эҳсон қилинг, албатта Аллоҳ эҳсон қилувчиларни хуш кўрадир” (Бақара сураси, 195-оят).Бу оятда мўмин-мусулмонлар ҳалокатга сабаб бўладиган ишлардан тийилишга буюрилган.

Жумладан, буюк ватандошимиз Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар!” деганлар.

Мусулмон инсон бундай ҳолатда ўзининг эҳтиётини қилиши, имкон қадар хавфсиз жойда бўлишга интилиши лозим амаллардан ҳисобланади. Бундай жой эса албатта, уйимиздир.Биз бундай вазиятда уйимизда ўтирсак, қоидаларга риоя этсак иншааллоҳ ажр-савобга эга бўламиз. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қай бир кишига тоъун (пандемия) етса ва уйида сабр билан ва савоб умидида ўтирса ҳамда ўзига Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса етмаслигини билса, илло унга шаҳиднинг ажричалик савоб бўлади” (Имом Бухорий ривояти).

Уламоларимизбу ҳадисни шарҳлаб: “Бу ҳамма сабр қилган, савоб умид этган ва таваккул қилган кишиларга тааллуқлидир, улар вабодан хоҳ вафот этсин, хоҳ этмасин, дейишмоқда.

Ибн Ҳажар Асқалоний: “Ҳадиснинг мантуқи шуни тақозо қиладики, ким мазкур сифатлар билан тавсифланса, гарчи вабодан ўлмаса ҳам, унга шаҳиднинг ажри ҳосил бўлади” деганлар.

Демак, савоб нияти ва омонлик умидида уйимизда бўлсак, нафақат ўзимиз ва оила аъзомизни юқумли касалликдан асраган, балки улкан ажр савобга эга бўлар эканмиз.

Шундай экан, ҳозирги кунда карантин қоидаларига тўлиқ итоат этган ҳолда махсус ниқобларни тақиш, анисептик воситаларидан фойдаланиш – ҳам қонунан, ҳам шаръан вожиб амал ҳисобланади.

Аллоҳ таоло бу балони улуғ кунлар шарофати сабабли биздан аритишини, касаллик билан фаол курашаётган мутасаддилар ҳамда тиббиёт ходимларига куч-қувват, сиҳат-саломатлик беришини, халқимизга эса офият сӯраймиз. 

 

Шукруллоҳ Турсунов
Наманган шаҳар “Абу Ҳанифа” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг