КЕЧИРИМЛИЛИК - ЮКСАК ФАЗИЛАТ

Маълумки, инсондаги улуғ сифат ва фазилатлардан бири – бу кечиримли бўлишдир. Аллоҳ таоло инсонларнинг ташқи кўринишини гўзал қилиб яратган. Агар инсон сийрати ва ички дунёсини ҳам чиройли қилса, шунда у комиллик даражасига етиши мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида бандаларини бир-бирларининг хато камчиликлари ва айб-нуқсонларини кечиришга буюрган. Жумладан: Аллоҳ таоло жаннатий бандаларини сифатларини баён қилиб шундай деган:
(Улар) ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар” (Оли Имрон сураси 134-оят).
Дарҳақиқат, турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар эканмиз, албатта, улардан бир қанча озор-азиятлар кўришимиз мумкин. Агар ҳар бир шундай кўнгилсизлик бизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз, бутун ҳаётимиз азобга айланади. Шу боис имкон қадар ён-атрофимиздагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорларига сабр қилиб, кечиришга ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Шунда бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз зиёда бўлади.
Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзларида мужассам қилган Зот – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кечиримли бўлиш фазилатида бизларга ҳам энг гўзал намунадирлар.
Оиша разияллоҳу анҳо онамиздан Пайғамбаримизнинг хулқлари ҳақида сўралганда шундай жавоб берганлар:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Демак, кечиримли бўлиш ва ғазабини ютишда барчаларимиз Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишимиз керак бўлади.
Кечиримли бўлиш улкан савоб ва жаннатга кириш учун сабаб бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Қиёмат куни бўлганда бир жарчи нидо қилади: "Одамларга кечиримли бўлганлар қаерда? Парвардигорингизни ҳузурига келинглар ва савобингизни олинглар! Қайси бир мусулмон кечиримли бўлса, жаннатга киришликка ҳақлидир"” (Имом Ибн Мурдавайҳ ривоятлари).
Муқаддас ислом динимиз инсонларни кечиримли бўлишга тарғиб қилади. Чунки кечиримли бўлишда инсонлар учун кўп манфаатлар бор. Аввало, кечирган инсон ўзини енгил тортиб, Аллоҳдан бўладиган ажрга лойиқ бўлса, кечирилган инсон эса кечиргувчига нисбатан бўлган адовати кетиб, қалбида унга нисбатан илиқлик ва меҳр пайдо бўлади.
Жобирхон Рашидов,
Мингбулоқ тумани “Мулла Тожи Аҳмад” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022