Қоронғи режим
Image
Logo

КЕЧИРИМЛИЛИК – МЎМИНГА ХОС ФАЗИЛАТ!

КЕЧИРИМЛИЛИК – МЎМИНГА ХОС ФАЗИЛАТ!

Инсон ҳаётида ўзаро тушунмовчиликлар ва ҳафагарчиликлар рўй бериб туради ва бу ҳол табиийдир. Лекин ана шу юзага келган ҳолатда ўзимизни қандай тутишимиз кўп нарсани ҳал қилади. Орадаги муносабатлар яна ҳеч нарса бўлмагандек яхшиланиб кетиши мумкин, ёки аксинча, арзимаган нарса туфайли юзага келган вазият абадий душманчилик ва гина кудуратга сабаб бўлиши мумкин. Аслида кечиримли бўлиш Аллоҳнинг  сифатларидан бири бўлиши билан бир қаторда , муминга хос фазилатдир. Шу билан бирга ўзимизнинг ишларимиз ривожига ҳам, соғлигимизга ҳам нафи бордир.

Улуғларимиз кечиримлилик дунёдаги амалларнинг энг хайрлиси ва фазалатлисидир, дейдилар. Динимизда ёмонликка доимо яхшилик билан жавоб қайтариш фазилатли амаллардан саналади. Ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фақат сабр тоқатли, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўладиган кишиларнинг феълидир. Билиб билмай хато-камчиликларни қилган кишиларга бир имконият бериб, уларни кечиришимиз – инсоний бурчимиздир. Хусусан, жаҳл қилганга мулойим бўлиш, зулм қилганни авф қилиш, махрум қилганга инъом қилиш, алоқани узган билан алоқани тиклаш каби эзгу фазилатлар шулар жумласидандир.

 Кечиримлилик – инсон ўзга бир инсон учун амалга ошириши ўта лозим бўлган иш бўлиши билан бирга, инсонлар ўртасидаги муносабатнинг ажралмас қисми ҳам ҳисобланади. Бу ҳислат туфайли ҳиссиётларда  ижобий ўзгаришлар пайдо бўлади.   Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида бандаларини бир-бирларининг хато камчиликлари ва айб-нуқсонларини кечиришга буюрган.

Хусусан: Авфни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!  ( “Аъроф” сураси, 199-оят)

Аввало, кечирган инсон ўзини енгил тортиб, Аллоҳдан бўладиган ажрга лойиқ бўлса, кечирилган инсон эса кечиргувчига нисбатан бўлган адовати кетиб, қалбида унга нисбатан илиқлик ва меҳр пайдо бўлади.

Мамлакатимизда ҳам бу борада муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан кейинги уч йилда мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилмоқда. Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган минглаб  кишилар афв этилди. Энг аҳамиятлиси, Президентимиз топшириқларига биноан “Меҳр-1”, “Меҳр-2”, “Меҳр-3”, “Меҳр-4”, “Меҳр-5” инсонпарварлик операциялари амалга оширилди.  Можаролар  давом этаётган юртлардан ватандошларимиз соғ-саломат ўз уйларига қайтдилар. Албатта, давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар тахсинга лойиқ. Зеро, кечиримли бўлиш ҳамма вақт инсонлар ва жамиятга кўпдан-кўп манфаат ва муваффақиятлар келтирган.

Мана шундай хайрли кунларни ато қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин ва барчаларимизни доимо яхшиликда бардавом бўлишимизга мувофиқ қилсин!

 

Абдуғофур ФОЗИЛОВ,

Чортоқ тумани бош имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг