КЎМАКЧИЛИК ХАЙРЛИ ИШ

Маълумки, хайру-саховатлар, эл-юртнинг корига камарбаста бўлишдек юксак фазилатни шариатимизда савоби неча юзлаб зиёда ҳолда қабул бўлишини таъкидлаб ўтилган.
Зеро, Қуръони Каримнинг “Воқеъа” сурасида Аллоҳ таоло пурҳикмат савол билан мурожаат қилади: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?”.
Бу савол билан инсонлар экаётган экинларига назар ташлашлари, униб-ўсиб етилган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиб олишларига тарғиб қилинмоқда. Пишиб-етилган ҳосилни исроф қилмасдан, ўз вақтида йиғиб олишлик Яратганнинг бизларга кўрсатмаси эканлигини англамоғимиз лозим. Бу йўлдаги кишиларга Аллоҳ таоло доимо Ўзи мадад беради ва бу ишларда ёрдам берган кишилар ҳам булар билан бирга тенг ўриндадирлар.
Шундан келиб чиқиб, бугун бободеҳқон қадрдонларимизнинг йил бўйи меҳнатининг эвази бўлмиш пахта ҳосилини йиғиб теришда уларга ёрдамлашсак, мўмин инсоннинг қалбига хурсандчилик улашганлардан бўламиз.
Ҳозирги кунда деҳқонларимиз режаларини бажариш учун меҳнат қилмоқдалар. Ана шундай фидокор пахтакорларимизга ёрдамимизни аямасак, меҳнат фаолиятимизни шунга йўналтирсак, барча пахтакорларимиз режаларини ошириб бажаришларига сабаб бўлар эди.
Ана шундан келиб чиқиб, амалий фаолиятимизни қуйидаги бир неча долзарб вазифаларга қаратсак.
- Аллоҳ таолонинг инояти билан халқимиз ризқининг асосий қисми деҳқончилик соҳаси билан боғлиқдир. Мана шу сабабли ҳосилларимиз яхши ва кутганимиздан ҳам зиёда бўлишлигига дуолар қилсак.
- Яратгандан бободеҳқонларнинг етказган ҳосилларини нест-нобуд бўлмасдан йиғиб олишларини осон қилишини сўрасак.
- Деҳқонларимизнинг асосий экини бўлмиш пахтани баракотли бўлишини, нест-нобуд бўлмасдан йиғиб олинишини тиласак.
- Эзгу дуоларимиз билан бир қаторда, бундай ғаниматли кунларда бободеҳқонларимиз ёнларида туриб, амалий ҳолда ҳам ёрдамлашсак.
Пайғамбар (саллаллоҳи алайхи васаллам): “Фарз амалдан кейинги маҳбуб амалларнинг энг афзали мўмин инсоннинг қалбига хурсандчилик келтириш”-деб марҳамат қиладилар.
Барчаларимизга маълумки, бу етиштирилаётган ҳосиллар сизу-бизнинг ризқимиздир. Бизлар ўз ризқимизга бефарқ бўлмаслигимиз лозим.
Бугун далаларимизда етиштирилган оқ олтинимизни нобуд қилмасдан йиғиштириб олсак юртимиз тараққиётини юксалишига ва келажакда фарзандларимизга янада обод, фаровон юртни қолдиришликка ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.
Ҳозир вақт далаларимизда бебаҳо неъмат пахта пишиб, ҳосил йиғиш учун муҳим ва қимматли вақтдир. Бу кунларни ғанимат билиб, ҳар бир хонадон, ҳар бир юрт аҳли меҳнат қилиши, бу йиғим-теримда фаол иштирок этишлари лозимдир.
Парвардигор бундай хайрли ишларимизга беҳисоб ажр-мукофотлар бериб, тезда, осонлик билан ҳосиллармизни йиғиб олишимизни насиб этсин. Ўзи бу ишларда куч-қувват ато этсин.
Илоҳим, дуоларимизни қабул қилиб, мақсадларимизга етказгин.
Баҳодир Шарипов,
ЎМИ Наманган вилояти
Чуст тумани вакили
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022