МУБОРАК РАМАЗОН ШУКУҲИ

Юртимизда қалбларга мунавварлик улашгувчи, ойларнинг султони бўлган муборак Рамазон шукуҳи кириб келди. Рамазон ойига етиш мусулмонларнинг орзуларига айланган десак муболаға бўлмайди. Рамазон ойи Муҳаммад алайҳиссалом умматларининг ойи ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойни ўзгача интизорлик билан кутганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифга кўра Аллоҳ таолодан Рамазон ойига икки ой қолганда яъни Ражаб ойи кирганда “Аллоҳим, бизга Ражаб, Шаъбон ойини барокотли қил ва бизларни Рамазонга етказгин” деб дуо қилар эканлар.
Рамазон ойи кириб келганда Набий алайҳиссалом саҳобаларини муборакбод этар эканлар. Бу тўғрисида бир қанча ҳадиси шарифлар келган.
Жумладан, Убодатабни Сомит розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда “Сизларга Рамазон ойи ташриф буюрди. Бу ой барака ойидир. Аллоҳ таоло бу ойда сизларни қамраб олади. Сизларга раҳматини нозил қилади. Хатоларингизни ўчиради ва унда қилган дуоларингизни ижобат қилади. Аллоҳ таоло бу ойда сизларни яхши амалларда қилган мусобақаларингизга назар солади. Аллоҳ таоло бу ойда сизларни фаришталарига мақтайди. Шунинг учун бу ойда сизлар Аллоҳ таолога ўзларингиздан фақат яхшиликларингизни кўрсатинг. Ҳақиқий маҳрум одам мана шу ойда Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлган одамдир”, – дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу тарзда саҳобаи киромларни муборак Рамазон ойи билан табриклаганлар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан мусулмонларни Рамазон ойида амалга оширган хайрли ишларига барака киришини, зарра мисқолича қилган яхши амалларига зиёда-зиёда савоблар берилишини, раҳматини нозил қилишини, уларнинг қилган гуноҳлари кечирилишини, дуолари қабул бўлишини айтдилар. Шу сабабли бу ойда мўмин-мусулмонлар яхши амалларда бир-бирлари билан мусобақа қилмоқликлари чиройли амаллардандир.
Барча йиллардагидек бу йил ҳам муқаддас ойга диёримизда ўзгача тадорик кўрилди. Хусусан, халқимиз учун эзгулик, бирдамлик, олижаноблик ва шукроналик тимсоли бўлган қутлуғ Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди. Ушбу қарор юртдошларимиз томонидан қувонч билан кутиб олинди.
Бу қарорда мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор берилган
Диёримиз мусулмонлари ушбу муборак ойда эзгу амаллардан ҳисобланган бева-бечоралар, нуроний кексаларимиз, кўмакка муҳтож етим-есирлар, ногиронлар ҳолидан хабар олишга ҳар галдагидан-да ошиқишга, масжидларимизда адо этиладиган таровиҳларда юртимизнинг тинчлиги, фаровонлигини, истиқлолимизнинг янада бардавом бўлишини, жаннатмакон диёримизни паноҳида асрашини Яратгандан сўраб чин дилдан дуо қилмоқликлари муборак Рамазон ойининг зийнатларидан ҳисобланди.
Анвархон АКРАМОВ,
Наманган шаҳридаги “Мулла Бозор Охунд”
жоме масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022