Қоронғи режим
Image
Logo

МАН ҚИЛИНГАН ИККИ АМАЛ.

МАН ҚИЛИНГАН ИККИ АМАЛ.

            Ибн Умар разияллоҳу анхумо ривоят қилади: “Набий саллалоҳу алайҳи васаллам: “Киши биродарининг савдоси устига савдо қилмасин. Ўз биродари совчилиги устига совчилик қилмасин. Илло, унга ўзи изн берса, зарари йўқ”. дедилар”. (Муттафақун алайҳ).

            “Киши ўз биродарининг савдоси устига савдо қилмасин”. Масалан, киши бирор буюмни ихтиёр шарти билан сотиб олган харидорга: “Савдоингни бузгин, мен сенга шу нарҳга ўз молимни сотаман ёки ундан арзонроққа сотаман”, деб таклиф қилиши ёки савдолашиб, нарҳига келишиб бўлган сотувчига: “У харидор билан савдоингни бузгин. Шу буюмингни қимматроққа сотиб оламан”, деб айтишдир.

            Бошқа бир ривоятда: “Мусулмон ўз биродаринг савдолашиши устига савдолашмасин”, дейилади. Савдо устига савдолашиш қуйдагича: сотувчи ва харидор ўзаро келишиб туришган бўлишча-ю, лекин савдо битими қилинмаган бўлса, ўзга одам келиб сотувчига: “Шу молни қимматроққа сотиб оламан”, деб таклиф қилса ёки харидорга: “Шу молга ўҳшаш молни яна ҳам арзонроққа бераман” деса, харом бўлади.

            “Ўз биродари совчилиги устига совчилик қилмасин. Илло унга ўзи изн берса, зарари йўқ”. Масалан, киши бир аёлга совчи қўйиб, икки тамон бир-бирига маъқул келса, бу воқеадан хабар топган бошқа шахс совчилик устига совчи қўйса, бу холат харом эканига уломолар иттифоқ қилишган.

            Ҳадисда совчилик устига совчилик қилиш фақат биринчи совчи воз кечганда ёки рухсат бергандагина жоиз экани таъкидланади. Биринчи совчига розилик берилганидан кейин, никоҳ ақди тузилмай, совчи воз кечди, деб хисобланадиган даражада кўп вақт ўтиб кетса ёки келин бўлмишга зарар етказадиган даражада узоқ вақт ғойиб бўлинса ё қиз тараф ўша биринчи совчига розилик берганидан кейин фикрларидан қайтиб қолса, бундай холатларнинг  барчаси биринчи совчининг воз кечгани ёки изн бергани хукмига ўтади.

           Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бировнинг савдоси устига савдо қилиш, ўзганинг совчилиги устига совчилик қилиш, бир сўз билан айтганда, бошқаларга қандай йўл билан бўлса ҳам озор-азият етказиш, улар орасини бузиш, адоват  ва нафратни келтириб чиқарадиган ҳаром ишдир.

 

Қўчқаров Назиржон

Наманган тумани “Умарбой хожи”

жоме масжид имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг