Мавлоно Лутфуллоҳ жоме масжиди

Чуст шаҳридаги масжидлар тўғрисида сўз кетар экан, 1917 йилги шўролар инқилобидан олдин Чуст шаҳрида кўплаб мадраса, маҳаллий ва жоме масжидар фаолият олиб борганлиги бу шаҳар аҳолисининг нақадар маърифатпарвар бўлганлигини кўрсатади.
Шўролар даврининг 80 йилларига келиб, дунё ва дин йўлларида енгилликлар бўлишни бошлади. Бу фурсатдан унумли фойдаланиш мақсадида, Чуст шаҳрининг маърифатпарвар нуронийлари бошчилигида янги жоме масжид очишлик ҳаракати бошланди.
Бу хайрли ишга Муродхонтўра Тошхонов бошчилик қилдилар. Бу вақтда у киши 80 ёшни қоралаб қолган эдилар. Муродхонтўранинг асли таваллуд топган жойи Чуст шаҳри Пансада маҳалласи Чармгарон кўчасида бўлган. У киши 1892 йил таваллуд топганлар.
Дастлабки илмни шу маҳалладаги “Кўнчилик” мадрасасида олиб кейинчалик Қўқон мадрасаларида ҳам таълим олганлар. 1937 йил Муродхонтўра вақтинча Чустни тарк этиб, Қўқоннинг Жав қишлоғига кўчиб бориб, у 1974 йилга қадар яъни, 37 йил истиқомат қиладилар.
Жав қишлоғида яшашликларининг сабаби Чустлик машҳур аллома Саъдуллохон Аъламнинг ўғиллари Маъруфхонтўра ҳам шу қишлоқда эдилар. Муродхонтўра бу ерда етук устоз Маъруфхонтўранинг таълим ва тарбияларидан баҳраманд бўлдилар.
Шундан сўнг, бу табаррук инсон 1974 йили Чуст шаҳрига қайтиб келиб, шу ерда умрларининг охирига қадар яшадилар. 1996 йили 104 ёшда вафот этдилар ва Хўжаобод қабристонига дафн қилиндилар.
Аллоҳнинг инояти билан Муродхон тщра саъйи-ҳаракатлари эвазига узоқ йиллардан буён Чустлик нуроний ва фаолларнинг орзуси бўлиб келган масжид барпо этиш мақсади рўёбга чиқа бошлади.
Масжидга жой танлашда Камарсада маҳалласи Мавлоно Лутфуллоҳ зиёратгоҳи яқинидаги қулай бир жой барча фаолларга маъқул деб топилди. Бу жой ҳам асли масжиднинг ўрни бўлган эди.
Мазкур танланган жойга масжид қуриш учун маҳаллий ҳукумат қарори ҳам олинди. Танланган жой барчага маъқул бўлганлигининг сабаби буюк олим Нақшбандий тариқатининг пири комили, ўз замонасининг яктоси, ҳазрат Мавлоно Лутфуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг мақбараларига жуда яқин жой бўлиб, мақбара қадимда мажмуа ҳолатида бўлган эди.
Мажмуада катта жоме масжид, мадраса, чиллахоналар бўлиб у жой ҳазрат Мавлоно Лутфуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг номлари билан аталар эди. Ташаббускорларнинг асл мақсадлари ҳам бу буюк зотни номларини тиклаш ҳам эди.
Муродхонтўра бу ишга муносиб меъморни Марғилон шаҳридан Абдусаттор устани таклиф қилиб олиб келдилар. Қурилиш учун лойиҳа ва барча тегишли ҳужжатлар тайёрланди ва кўтаринки руҳда ишлар бошланди.
Уста Абдусаттор масжиднинг жойини мустаҳкамлаб пойдеворини 50 метрга 30 метр қилиб белгилаб қозиқ қоқиб бердилар. Масжид биноси усталар ва ҳашарчилар жонбозлиги билан тезда қад кўтарди.
Эътиборлиси, масжид ҳонақосида бирорта ҳам устун йўқ. Масжид шифти ва уч томонидаги балконлари ёғоч ўймакорлиги ва сиркорликни ўзига мужассам этиб, масжидга шарқона файз берган. Меҳроби нозик ганжкорлик билан бағоят гўзал қилиб безак берилган. 1991 йилда масжиднинг асосий ҳонақоҳи қуриб битказилиб, ишга туширилди.
Масжиднинг биринчи ғиштини Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасининг муфтийси марҳум Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қўйиб берганлар ва Чуст халқига жума намозини ўқиб бердилар ҳамда мўмин-мусулмонларни бу улкан бахт билан муборакбод этганлар.
Марҳум шайх ҳазратларининг қайноталари Исмоил махдум раҳимаҳуллоҳнинг укалари Исҳоқ махдум ҳазратлари бу масжидга биринчи имом қилиб тайинландилар. Исҳоқ махдум ниҳоятда илмли, ҳалим, ҳофизи Қуръон, тақводор етук инсон эдилар. Чуст халқи ҳозиргача у кишини гўзал хулқлари ва ҳикматли панд-насиҳатларини эслаб ёш авлодга ўрнак қилишади. Масжидда ҳам у киши даврларида катта ободончилик ишлари олиб борилди.
Исҳоқ Махдум шу кезларда 80 ёшдан ошганликлари сабабли тез-тез бетоб бўлиб турар эдилар. Шу боис, ўзларини нафақага чиқишларини масжид ҳайъатидан сўрадилар. Масжид жамоаси бундай етук имомдан айрилгиси келмасада, у кишини саломатликларини инобатга олиб рози бўлишди. У кишидан кейин масжидга Мавлонхон қори даданинг укалари Абдуллахон қори домла бир неча йил имомлик қилдилар. У киши серғайрат, илм маърифатга тўла, олим эдилар. Чуст шаҳридаги кўплаб аҳли илмлар у кишининг шогирдлари ҳисобланади.
Абдуллохон қори домладан кейин Маъруфхон тўра даданинг ўғиллари Абдуллохон тўра домла ва Лутфуллоҳ махдум ўғиллари Ҳафизуллоҳ қори домлалар масжидга имомлик қилишди. Масжид жамоаси уларни ҳозиргача гўзал хотиралар билан эслайди. Масжидда маъмурий бинолар, мажлислар зали, кутубхона ва замонавий таҳоратхоналар мавжуд бўлиб, у намозхонлар ихтиёридадир.
Аллоҳ таоло ушбу масжидга хизмат қилган барча мутасаддилар ва фаолият олиб борган имом-домлаларни Аллоҳ раҳматига олсин! Бугунги кунда хизмат олиб бораётган ходимларнинг ишларига ривож ато айласин!
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022