
МАЗҲАБСИЗЛИК БИДЪАТДИР
Машҳур уламоларимиздан Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъатдир” номли китобларида ҳозирги мазҳабсизларнинг воқеълигини изоҳлаб шундай деганлар: “Шубҳасиз улар (яъни, мазҳабсизлар)нинг ҳаммалари бевосита Қуръон ва суннатдан ҳукм олишни даъво қиладилар. Улар ўзини ҳудди санад, далиллар ва ровийларнинг билимдони ва тадқиқотчисидек тутсада, аслида биз ана шу одамларнинг орасида бутунлай саводсизларининг кўп гувоҳи бўлдик”.
Мазҳабга эргашиш қанчалик зарур, нима, керакли масала юзасидан ҳар-ким ўзича Қуръон ва ҳадисдан ўрганиб, хулоса қилиб, амал қилиши мумкин эмасми, деган саволлар туғилади. Жавоб ўрнида уламоларнинг оддий мисол тариқасида келтирган сўзларини келтиришимиз ҳар-қандай ақлли инсон учун кифоядир. Бир инсоннинг бирон аъзоси оғриса, табиийки, ўзича, тўғридан-тўғри, фалон касал хуруж қилди, дея дорихонага бориб, дориларни олиб, ўзини муолажа қилишга кириша олмайди. Албатта шифокорга бориб, қайси жойида оғриқ бор, қайси аъзоси уни безовта қилади ва ҳоказо сабабларни айтади ва шифокорнинг тавсияси билан, муолажа учун ёзиб берган йўриқномани олиб, сўнг дорихонага боради ва керакли дориларни олиб, даволанишга киришади. Мазҳабга эргашиш ҳам шунга ўхшайди. Бир инсон қилаётган ибодатида бир масалага эҳтиёжи тушди. Ечим топиш мақсадида Қуръон ёки ҳадисдан ахтарди. Жавоб ҳам топди, дейлик. Хўш, у ўзича амал қилиб кетиши мумкинми? Албатта йўқ! У Қуръон ва ҳадисни тўғри талқин қила оладиган илмли инсоннинг ҳузурига боради ва бу бўйича керакли маслаҳатларни олади. Яъни, амал қилиш, қилмаслик ҳақида тушунчаларга эга бўлади. Чунки, Қуръон оятларининг носихи ва мансухи, ҳадисларнинг эса саҳиҳи, заифи ва мавзуси бор. Буларни ажратиш учун эса илм керак. Шунинг учун ҳам Қуръони каримда: “Бас, агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят), деб марҳамат қилинган. Яъни, биз бир шаръий масалада иккиланишга дуч келсак, уша амални бекаму кўст бажариш ва қалбимиз таскин топиши учун илм аҳлидан сўрашга муҳтожмиз. Мазҳаб ҳам айнан шунинг учун керак.
Хулоса ўрнида, юртимизнинг таниқли имомларидан Одилхон қори Юнусхон ўғлининг сўзидан иқтибос келтирамиз. У кишининг "Сўраб ўрганган олим" деган китобида шундай жумлалар бор. Сиздан мазҳабсизликка қандай қарайсиз, деб сўрасалар: «Мен мазҳабсизлик деганда, динсизликни тушунаман. Ахир мазҳаббошилар ижтимоий ҳаётдаги муаммоларни ечишда Қуръон ва ҳадислардан фойдаланиб, мусулмонларга муаммо қолдирмаган бўлсалар. Айнан саҳобаларга келсак, у зотларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва улардан кейин Хулафои рошидинлардан сўраш имкони бўлган. Саҳобалар ҳам ўзлари билмаган, тушунмаган нарсаларини сўраб, билиб олганлар. Мазҳаб изидан юришни ислом оламида муҳим деб қаралган. Исломда эса диний анъаналарга қарши чиқилмайди. Ҳар қандай диний анъанани бузишга интилиш, динда «янгилик» яратиш сифатида қораланади. Шу кунгача ўтган барча уламолар ҳам бир мазҳабни қаттиқ тутиб, шу мазҳаб доирасида китоблар ёзиб қолдирганлар», - деб жавоб беринг, дейилади. Мазҳабсизликка даъват қилувчилар шу сўзлардан ўзларига керакли хулосани олганларида эди, бугунги кундаги айрим давлатлардаги нохуш воқеаларнинг олди олинган бўлар эди.
Қодиржон Умурзаков,
Поп тумани "Муҳаммаджон қори" жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022