
МАЗҲАБСИЗЛИКНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ
«Мазҳаб» арабча «йўналиш» маъносини билдириб, истилоҳда эса «мужтаҳиднинг шаръий далиллардан шариат ҳукмларни чиқариб олишдаги ўзига хос йўлидир». Мазҳабларнинг ижтиҳод йўллари ва қоидаларида бир-биридан фарқ қилиши улар орасида жузъий ихтилофларга сабаб бўлган.
Мазҳабсизлик ғоясини илгари сурувчи кишилар ўзларини бир қанча турли номлар билан атайди: салафи солиҳларга эргашиш даъвоси билан «салафийлар», саҳиҳ ҳадисга эргашиш даъвоси билан «аҳли ҳадислар».
Мазҳабсизлик ғояси тарафдорларининг асосий мақсадлари Қуръон ва суннатни ўзларича маҳкам тутиш ва мазҳабларни йўқ қилиб, уларни илдизи билан қўпориб ташлашдан иборат. Уларнинг даъвосига кўра, гўё мусулмонларнинг ихтилофдан нажот топиши фақат Қуръон ва ҳадисни қаттиқ ушлаш билан бўлади, мазҳаблар, гуруҳлар ва фирқалар мавжуд бўлар экан, Қуръон ва ҳадисни маҳкам ушлаш амри маҳол, чунки ихтилофларнинг асл манбаи мана шу мазҳаб ва фирқалардир.
Бир тарафдан, бу қараш вакиллари мазҳаблар ва гуруҳларни залолат деб биладилар-у, лекин ўзлари ҳам сезмаган ҳолда шундай ҳолатга тушиб қолган. Зеро улар ўзлари бир йўналиш бўлиб, ўзларидан бошқаларни нотўғри йўлда деб билади. «Улар ислом уммати қадимдан ақида ва фиқҳ масалаларида эргашиб келаётган мазҳабларни инкор қилиш билан бирга, ўзлари янги мазҳаб пайдо қилишга ўтганлар».
Бошқа тарафдан эса, улар мазҳаблар орасидаги ихтилофларни қоралаган ҳолда, ҳаммани мазҳабларни ташлашга ҳамда Қуръон ва ҳадисларни ўрганиб, тушунганича уларга амал қилишга, бошқача қилиб айтганда, ҳаммани ўзи ижтиҳод қилишга чақиради. Бу эса, шубҳасиз, янада ихтилофлар ва қарама-қарши фикрларнинг кўпайишига олиб келади. Агар мазҳаблар орасидаги ихтилофлар маълум чегара билан чекланган бўлса, мазҳабсизликнинг бу даъвати эса чексиз ихтилофларга сабаб бўлади ва мусулмонлар ҳаётида даҳшатли фалокатларни келтириб чиқаради.
Мазҳабсизликка чорловчилар асрлар давомида ўтган минглаб олимларнинг қилган меҳнатларини йўққа чиқаради. Асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъана нотўғри, шунча мусулмон адашган экан деган хулоса келиб чиқади.
Рамазон ал-Бутий «Мазҳабсизлик – ислом динига таҳдид солиб турган энг катта бидъат» деб айтгани бежиз эмас. Ҳозирги кунимизда ҳали ҳам юртдошларимиз ичида билиб-билмай ушбу ғоянинг таъсирида юрган кишиларнинг мавжуд эканлиги бу ғоянинг илдизларини ўрганиб, унинг асл моҳиятини очиб бериш, уни одамларга, халқимизга тўғри тушунтириб бериш ва шу йўл билан мазҳабсизликка чек қўйиш бугунги кундаги муҳим ва долзарб вазифалардан бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга ислом дунёсида тан олинган мазҳабларнинг асл моҳияти, уларнинг бебаҳо қиймати, хусусан, халқимиз азалдан амал қилиб келаётган ҳанафий мазҳабини халқимизга, ёшларимизга тушунтириш зарур.
Ёсинхон Маҳмудов,
Норин тумани “Абу Исо ат-Термизий” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022