Қоронғи режим
Image
Logo

МИНГ ОЙДАН АФЗАЛ КЕЧА......

МИНГ ОЙДАН АФЗАЛ КЕЧА......

   Аллоҳга беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсинки, биз уммати муҳаммадияга Рамазон ойида фазилатли кечани ато этдики, аввалги умматларга берилмаган эди. Бу кечанинг номи Қадр кечаси дейилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримни Рамазон ойининг Қадр кечасида нозил қилган. Қуръони каримда шундай мараҳамат қилинади:

   «Албатта Биз уни (Қуръонни Лавҳул-маҳфуздан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад), Қадр кечаси нима эканини сизга не ҳам англатур? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Парвардигорларининг изни билан барча ишларни олиб (осмондан Ерга) тушарлар» (Қадр сураси, 1-5-оятлар).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам  “Ким Лайлатул-Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур” (Муслим, Бухорий, Термизий ривояти), дедилар.

    Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қадр кечаси Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидадир. Ким унда имон билан Аллоҳ розилиги учун ибодат қилса, албатта Аллоҳ аввалгию охирги гуноҳларини кечиради деганлар» (Имом Аҳмад ривояти). Демак, Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида тоат-ибодат қилишга қаттиқ киришиш ҳам лозим бўлади. Бу ҳақда жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар. Ойша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар:

   “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг охирги ўн кунлиги келса, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилишга уйғотар эдилар”.

    Қадр кечасида Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳар бир осмондан ва Сидратул-мунтаҳодан Ерга тушишади, тонг отгунича инсонларни дуо қилишади ва дуо қилганларга қўшилиб «омин» деб туришади. Кўпчилик муфассирларнинг фикрича, фаришталар бу кечада яна кейинги йил учун бўлажак Аллоҳ таолонинг қазои қадари билан ҳам ер юзига тушишади. Қадр кечаси тонг отгунига қадар турли офат-балолардан омонлик, хотиржамлик, барака кечасидир. Бу кечада шайтон ёмонлик қила олмайди. Қадр кечаси бошдан-охир фақат саломатлик, омонлик, яхшилик ва баракот билан тўладир, унда асло ёмонлик йўқдир. Қуёш ботганидан то тонг отгунга қадар бу ҳол давом этади. Тонг отгунича фаришталар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, раҳмат билан Ерга тушишади.

  Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлиши керак. Қадр кечанинг ва ундаги бедорлик, ибодат, намоз, Қуръон тиловати ҳамда илтижо, тазарруъ, дуолар фазлидан ўтган гуноҳларни кечиришидан умидвор бўлиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  шундай деганларини ривоят қилинади: “Қадр кечаси ойдин ва ёқимли бўлиб, на иссиқ, на совуқ бўлади. У кечанинг тонгида қуёш нурлари кўзни қамаштирмайдиган заиф ҳолда чиқади”. Шундай экан, бу муборак кечанинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб кўпроқ савоб ҳосил қилишга уринайлик. Аллоҳ таолодан яхши ниятларимизни амалга оширишни, дуоларимизни қабул этишини ҳаммамизни тақдиримизни олий мақом этиб таъйин қилишни сўраб илтижо қилайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизга ушбу кечани муборак айласин!

Жобирхон Халимхон ўғли,
Наманган шаҳар “Яҳёхон тўра” жоме
масжиди имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг