Қоронғи режим
Image
Logo

МИССИОНЕРЛАРНИНГ АСЛ ҚИЁФАСИ

МИССИОНЕРЛАРНИНГ АСЛ ҚИЁФАСИ

   Ҳозирда жаҳон мафкура майдонидаги кураш қизғин паллага кирди. Шу сабабли мустақил юртимизга четдан бегона ғоя ва мафкуралар кириб кела бошлаганлиги ҳеч кимга сир эмас. Улар орасида ғаразли мақсадларни кўзлаган миссионерлар ҳаракати алоҳида ажралиб туради. Миссионерлар аксарияти мусулмон бўлган халқимизни йўлдан уришга ҳаракат қилишяпти. Улар асосий қонунимизнинг виждон эркинлиги хусусидаги моддаларини рўкач қилиб, кимнинг қайси динга эътиқод қилиши унинг ўз ихтиёрида, деган иддаони илгари суришади.

Миссионерлик ҳаракатлари халқ ва миллат маънавиятига, эътиқодига энг катта салбий таъсир кўрсатаётган тахдидлар қаторига киради.

  Бугунги кунда миссионерларга алданиб, уларнинг тузоғига илинган кимсалар, аслида динимиз таълимотидан бехабар бўлган кишилардир. Акс ҳолда улар минг йиллар давомида ота-боболари асраб-авайлаб келаётган динини арзимас нарсага, дунё матосига сотмаган, бундай нодонлик ва жаҳолатга йўл қўймаган бўлар эдилар.

Ҳолбуки, Ислом динининг инсон ақлини қониқтирадиган таълимотидан озгина хабардор бўлган ақли расо киши ҳеч қачон уни тарк этмайди.

  Миссионерликдан кўзланган асосий мақсад ҳам динсиз бир миллатни динга киритиш эмас, балки айнан мусулмон фарзандларини, ҳақ динлари таълимотидан чиқаришдир. Уларга бизни христиан қилишдан ҳам кўра исломдан чиқариш, воз кечтириш, шу билан динимизга заррача бўлса-да, зиён етказиш муҳимроқ. Чунки даъват қилаётган "дин" (ёки мазҳаб-секта)лари ботил эканини, ислом билан ҳеч бир жиҳатдан беллаша олмаслигини ўзлари ҳам жуда яхши билишади.

  Миссионерлар аҳлоқни яхшилаш билан сира шуғулланишмайди. Аксинча, ҳулқни бузадиган ишларни ёйишади. Ҳар хил ўйинлар, "дискотека"лар ташкил қилиб, ресторанлар очиб, "тунги кўнгилхушлик"лар уюштиришади. Уларнинг бу тадбирлардан кўзлаган мақсадлари нима? Асосий масала айни шу нуқтада мужассам. Бу ишлардан кўзланган мақсад-ғоя фақат ва фақат сиёсийдир! Бугунгача шунчаки демократиянинг оддий бир тақозоси бўлиб кўринаётган ҳаракатларининг тагида, эртанги кунга мўлжалланган жуда катта сиёсий найранглар ётибди.

  Минг йиллардан буён аждодлари мусулмон бўлиб келган, бугунги авлоди ҳам бутун ҳаёти давомида шу эътиқодга ихлос қўйган, урф-одати, маънавий тарихи бир хил халқимизнинг юрагини парчалаш, заифлаштириш, пароканда қилиш ва турли-туман сиёсий ва иқтисодий босимлар билан хотиржам яшашга йўл қўймаслик. Мамлакатни доимий низо майдонига айлантириб, уни ҳал қилишда ўзларига муҳтож қилиб қўйиш. Мана, улар кўзлаган асл мақсад!

  Секта даъватчиларининг ортларида туриб, уларни мўмай маблағлар билан таъминлаётганлар, ахборот ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганлар бу диёрларни маданий ва маънавий истило қилиш ва бу ерларда ўзларини бегонасиратмасдан, мустаҳкам ўрнашиб олиш учун миссионерлар тузоғига илинганлардан фойдаланадилар.

 Миссионерларнинг хатти-ҳаракатларида баъзи ҳудудларга алоҳида аҳамият бериб, у ерларда ўзларига эргашганлар сонини кўпайтириш билан келажакда гўё уларнинг хоҳиш-иродаси ва кайфиятлари сифатида бўлзғинчилик (сепаратистик) ғалаёнларини чиқариш ва оқибатда, мамлакатни парчалаб ташлаш мақсади устивордир.

Миссионерлик ташкилотларининг мақсадлари асосан уч нуқгага қаратилган:

Биринчидан халқларни ўз динларига оғдириш. Шу орқали уларни иқтисодий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан ғарб давлатлари таъсир доирасига тушириш.

Иккинчидан халқлар ўртасида ўз эътиқодига шубҳа уйғотиш, ишонч ва эътиқоддан юз ўгириш ва ундан чиқишига олиб келиш.

Учинчидан ўзга динни қабул қилганларни ўз эътиқодида қаттиқ туришини таъминлаш ва шу орқали уларнинг сафини «янги диндорлар» билан тўлдириш.

 Бу мақсадларга эришиш учун улар ҳеч нимани аямайдилар ва доимо ўз услуб ва методларини такомиллаштириб борадилар, жумладан қуйидаги усуллардан ўзларининг миссионерлик ҳаракатларида фойдаланадилар:

—хайрия ёрдамини кўрсатиш, бунга биринчи навбатда моддий ёрдам киради, тиббий ёрдам ҳамда озиқ-овқат билан таъминлаш ҳам сабаб бўлади. Бундай ҳаракатлари билан улар ўзлари ҳақида ижобий хулоса чиқаришга эга бўладилар. Ҳамкорликни йўлга қўйишга муваффақ бўладилар;

—бепул ғайридинликни тарғиб қилувчи маҳаллий тилда чоп этилган, жуда сифатли, дидли, рангли ва чиройли манзаралар билан ишланган китоб ва журналларни тарқатиш;

—ғайридинликка чақирувчи видео-аудио кассеталарни тарқатиш;

—миссионерлик руҳидаги кутубхона, инглиз тили ва компьютер ўргатиш хоналарини ташкил этиш;

—ўз сафларига қўшилганларни моддий рағбатлантириш, уларни хорижий сафарларга юбориш ва иш билан таъминлаш.

         Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон заминида азал-азалдан диний бағрикенглик ҳукмрон бўлиб келган. Асрлар давомида бағрикенглик, тенгҳуқуқлилик асосида яшаб келган бир бутун Ўзбекистон халқига айланган инсонлар ўртасида парокандалик, ишончсизлик туғдиришга ҳаракат қилаётган миссионерларнинг қабиҳ ниятларидан огоҳ бўлайлик.

Маъсумхон Турғунов,
 Наманган шаҳар “Шайх эшон”  жоме
масжиди имом-хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг