МИССИОНЕРЛИК ЖАМИЯТ ҲАЁТИГА ТАҲДИД..

Миссионер сўзи лотин тилидаги “missio “ сўзидан олинган бўлиб, “юбориш”, “вазифа топшириш”, миссионерлар эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Жумладан, ҳар йили қайта нашр этиладиган “ world Book” (жаҳон китоби) энциклопедиясида “Миссионерлар бирор диний гуруҳ томонидан бошқаларни ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган инсон”, -деган фикр қайд этилган. Демак, миссионерлик — бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади. Миссионерлик билан бир қаторда прозелетизм ҳам тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга қаратилган ҳаракатларни англатади. У ўз моҳиятига кўра миссионерликнинг таркибий қисми ҳисобланади.
Ўлкамиз мустақил бўлган кундан бошлаб чет эллардан турли хил диний оқим вакилларининг юртимизга ёпирилиб келиши кузатила бошланди. Айниқса, динни ўзига ниқоб қилиб олган “Ваҳҳбийлик”, “Акромий”, “Ҳизбут таҳрир” каби оқимларнинг ва миссионерларнинг ҳамласида катта хавф яшириниб ётибди. Улар мамлакатимиз фуқароларини ўз тузоқларига илинтириб , онгини заҳарлашга ҳаракат этмоқдалар.
Миссионерларнинг бу ишлардан кўзлаган мақсадлари нима? Уларнинг режаси азалдан мусулмон бўлиб келган, яъни мафкураси, урф-одати, бутун бошли маънавий тарихи бир хил бўлган, аслида мамлакатимизнинг куч-қудратини ташкил қиладиган бирдамликни, халқимизнинг юрагини парчалаш, заифлаштириш, пароканда қилиш ва турли – туман сиёсий ва иқтисодий босимлар билан ўз ҳолимизча яшашга йўл қўймасликдир. Миссионерлик фаолияти мафкурамиз учун ёт унсургина бўлиб қолмай, балки маънавиятимиз ривожи учун ҳам жиддий тўсиқдир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, юқоридаги каби қарашлар турли тушунчалар мазмунини атайлаб чалкаштириб, тарихий воқеликни бузиб талқин қилиш натижасидир. Чунки христианлик энди пайдо бўлган бир шароитда фаолият олиб борган «даъватчилар» (гарчанд уларга нисбатан ҳам «миссионер» сўзини қўллаш кенг тарқалган бўлса-да) билан бугунги «миссионерлар» орасида кескин фарқ борлигини ва уларни асло бир қаторга қўйиб бўлмаслигини унутмаслик лозим. Зеро, ўз даврида христианликнинг фаол тарафдорлари томонидан «даъватчилик» ишларининг олиб борилиши, ўз таълимотларини тарқатишга ҳаракат қилишлари табиий бир ҳол эди. Бугун дунёнинг диний манзараси ўзининг аниқ шаклу шамойилига, турли халқлар асрлар давомида шаклланган диний-миллий қадриятларига эга бўлган бир даврда илк «даъватчилик»дан фарқли равишда миссионерлик миллат, жамиятни диний асосда бўлиб юборишга қаратилган бузғунчиликнинг бир кўринишига айланиб қолганини алоҳида таъкидлаш зарур. Миссионерларнинг аҳолисининг 90 фоиздан ортиғини исломга эътиқод қиладиган Ўзбекистонда фаолият олиб боришга интилаётгани ҳам бундай бузғунчиликка ёрқин мисол бўла олади.
Демак, миссионерларнинг зарбаларидан чекинмаслик , уларга бефарқ қарамаслик, ватан равнақи ва ислом дини учун буюк хизматлар кўрсатган аждодларимизга муносиб фарзанд бўлишимиз зарур бўлади.
Хурматали Нортиллаев,
Чуст туман “Эшон сўфи бобо” жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022