Қоронғи режим
Image
Logo

Моҳи Рамазон муборак

Моҳи Рамазон муборак

Юртимизда қалбларга мунавварлик улашгувчи, ойларнинг султони бўлган Рамазон ойи давом этмоқда. Мазкур ойга бўлган интиқлик диёримиздаги барча мўъмин – мусулмонларни қалбларига беҳад сурур ва ҳушнудлик баҳш этмоқда. Рамазон ойига етиш мусулмонларнинг орзуларига айланган деса муболаға бўлмайди. Рамазон ойи Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларининг ойи ҳисобланади. Чунки пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу ойни ўзгача интизорлик билан кутганлар. Рамазон ойига икки ой қолганда Аллоҳ таъолодан дуо қилиб сўрар эканлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифга кўра Ражаб ойи кирганда дуо қилар эканлар, “Аллоҳим бизга Ражаб, Шаъбон ойини барокотли қил ва бизларни Рамазонга етказгин”.

Рамазон ойи кириб келганда пайғамбаримиз саҳобаларини муборакбод этар эканлар. Бу тўғрисида бир қанча ҳадиси шарифлар келган. Жумладан Убодатабни Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда, “Сизларга Рамазон ойи ташриф буюрди. Бу ой барака ойидир. Аллоҳ таъоло бу ойда сизларни қамраб олади. Сизларга раҳматини нозил қилади. Хатоларингизни ўчиради ва унда қилган дуоларингизни ижобат қилади. Аллоҳ таъоло бу ойда сизларни яхши амалларда қилган мусобақаларингизга назар солади. Аллоҳ таъоло бу ойда сизларни фаришталарига мақтайди. Шунинг учун бу ойда сизлар Аллоҳ таъолога ўзларингиздан фақат яхшиликларингизни кўрсатинг. Ҳақиқий маҳрум одам, ҳақиқий бахтсиз одам мана шу ойда Аллоҳ таъолонинг раҳматидан маҳрум бўлган одамдир”,- дедилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом мана шу тарзда саҳобаларини Рамазон ойи билан табриклаганлар. У зот бу билан мусулмонларни Рамазон ойида амалга оширган хайрли ишларига барака киришини, зарра мисқолича қилган яхши амалларига зиёда-зиёда савоблар берилишини, раҳматини нозил қилишини, уларни қилган гуноҳлари кечирилишини, қилган дуолари қабул бўлишини  айтдилар. Шу сабабли бу ойда мўъмин мусулмонлар яхши амалларда бир-бирлари билан мусобақа қилмоқликлари чиройли амаллардандир.

  Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: "Менинг умматимга олдинги умматларнинг бирортасига ато қилинмаган бешта хислат берилди: 1) рамазон ойининг аввалги кечасида Аллоҳ таоло уларга раҳмат назари билан қарайди. Аллоҳ қайси бандасига раҳмат назари билан қараган бўлса, абадий азоб қилмайди; 2) Аллоҳ малоикаларга Муҳаммад (алайҳиссалом) уммати учун истиғфор айтишни буюради; 3) рўзадор кишининг оғзидан чиққан ҳид Аллоҳ наздида мушки анбардан ҳам хушбўйроқдир; 4) Аллоҳ таоло жаннатга: "Зийнатлан", деб буюради ва сўнг: "Мўмин бандаларимга жаннат бўлсин, улар Менинг дўстларимдир", дейди; 5) Аллоҳ таоло уларни мағфират қилади". Шунинг учун ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ривоят қилган ҳадисда айтилганки: "Ким рамазон ойи рўзасини иймон ва ихлос билан тутса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади" .

  Барча йиллардагидек бу йил ҳам бу муқаддас ойга диёримизда ўзгача тадорик кўрилди. Жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларимизга уйғун ва мос холатда,  инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик ҳисси билан, динимиз арконларини эъзозлаб, бугунги тинч ва фаровон кунларимизни қадрига етиб, яхшилик килиб, савоб ишларни амалга оширишга шошилиб, эҳтиёжманд кишиларни қўллаб қуватлаб, оила ва маҳаллаларда меҳр оқибатни янада мустаҳкамлаш каби эзгу ишларга ҳамоҳанг ўтказиш муборак Рамазон ойини янада гўзаллаштиради.

Диёримиз мусулмонлари ушбу муборак ойда эзгу амаллардан ҳисобланган бева бечораларни, нуроний кексаларимизни, кўмакка муҳтож етим есирларни холидан хабар олишга хар галдагидан-да ошиқишга, масжидларимизда адо этиладиган таровеҳларда юртимизни тинчлигини, фаровонлигини, истиқлолимиз янада бардавом бўлишини, жаннатмакои диёримизни паноҳида асрашини яратганимиздан сўраб чин дилдан дуо қилмоқликлари муборак Рамазон ойини зийнатларидандир.

Азизлар! Аввалги ўн кунлиги раҳмат, иккинчи ўн кунлиги мағфират, учинчи ўн кунлиги оташи жаҳаннамдан озод этиладиган кун бўлган ойларнининг султони барчаларимизга муборак бўлсин.    

 

Муродшоев Абдулвоси,
Янгиқўрғон тумани “Қаюм ота” жоме
  масжиди имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг