Қоронғи режим
Image
Logo
МОТУРИДИЯ ВА АШЪАРИЯ ОРАСИДАГИ ФАРҚЛАР

МОТУРИДИЯ ВА АШЪАРИЯ ОРАСИДАГИ ФАРҚЛАР

Аҳли суннат ва жамоат таълимотининг икки йирик қаноти мотуридия ва ашъария ўртасида бир оз фарқлар мавжуд. Ушбу фарқлар борасида бир нечта асарлар битилган. Тожиддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ, Абдурраҳим Шайхзода ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ, Ибн Камол пошшо раҳимаҳуллоҳ, Қозизода Муҳаммад ал-Исбарий раҳимаҳуллоҳ, Яҳё Навъий раҳимаҳуллоҳ, Нуриддин Муҳаммад Шерозий раҳимаҳуллоҳ сингари олимлар ушбу мавзуга мурожаат қилганлар. Шулар қатори XV асрнинг буюк олими, Самарқандда илмий фаолият олиб борган таниқли мутакаллим Саййид Шариф Журжоний (1340-1413) раҳматуллоҳи алайҳи ҳам:
“Рисола фи-л-масоил ал-мухталифа байн ал-мотуридия ва-л-ашъария” (“Ашъарийлар ва мотуридийлар орасидаги турли хил масалалар ҳақида рисола”) номли асар битган эканлар. Мазкур кичик ҳажмли рисолада ушбу икки йўналиш орасидаги бир-бирига фарқли масалаларнинг ўзи ортиқча изоҳларсиз қисқача зикр қилиб чиқилган.

Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийм.

Устоз, унинг сирини Азиз зот муқаддас қилсин, бундай деганлар:

Билгинки, Шайх Абу-л-Ҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ аҳли суннат ва жамоатнинг имоми ва пешқадамидирлар. Сўнгра Шайх Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳ худди шундайдирлар. Имом аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳ шогирдлари ва унга эргашганлар усулда (ақидада) Абу-л-Ҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳга, фуруъда (фиқҳда) Имом аш-Шофиъий раҳимаҳуллоҳга тобеъдирлар. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ шогирдлари эса усулда Шайх Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳга, фуруъда эса Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга тобеъдирлар. (Бу тақсимот аксарни эътиборга олиб айтилган). Айрим устозларимиз худди шундай деганлар. Аллоҳ руҳларини шодлантирсин. Бу икки шайх ва унга эргашганлар (яъни, мотуридийлар ва ашъарийлар) орасида низо йўқ, фақат ўн икки масалада фарқлар бор.


Биринчи масала.

Имом ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки, “таквин” (бўлдириш сифати) жами сифатлар каби Аллоҳ таолонинг зотидаги азалий сифатдир. У “мукавван” (бўлган нарса)дан бошқа. Оламдаги ва унинг бўлакларидаги бўлдирилган нарсалар вужудга келган вақтда “таквин”га боғлиқ бўлади. Чунончи, “ирода” ҳам Аллоҳ таолонинг азалий сифати бўлиб, вужудга келган вақтда ирода қилинган нарсаларга “ирода” боғлиқ бўлади. Шунингдек, Аллоҳнинг азалий қудрат сифати ҳам ўз қудрати ила яратилган нарсаларга тааллуқли бўлади.

Имом ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ “таквин”ни ҳодис (пайдо бўлувчи), у Аллоҳнинг зотида турмайди, дейдилар. Унинг фикрича, “таквин” Аллоҳ таолонинг феълий сифатлари жумласидандир, азалий сифатларидан эмасдир. Бўлдириш ва вужудга келтириш каби феълий сифатларнинг ҳаммаси ҳодис (пайдо бўлувчи)дир. У “Кун!” (“Бўл!”) хитоби вужудга келишига боғлиқ бўлади.


Иккинчи масала.

Имом ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки, Аллоҳ таолонинг каломи эшитилган эмас, балки унга далолат қиладиган нарса эшитилгандир. Имом ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ эса Мусо алайҳиссаломнинг ҳикоясидаги машҳур гапга ўхшаб уни эшитилган, дейдилар. Ибн Фаврак раҳимаҳуллоҳ қироат пайтида икки нарса эшитилади, деганлар. Қорининг овози ва Аллоҳ таолонинг каломи. Имом ал-Боқилоний раҳимаҳуллоҳ эса Аллоҳнинг каломи жорий бўлган одатларга бирорта восита бўлмаса одатда эшитилмайди, деганлар. Лекин, Аллоҳ таоло ўзи хоҳлаган кимсага одатга хилоф равишда, ҳарф ва овоз воситасисиз ҳам эшиттириши жоиз бўлади. Абу Исҳоқ ал-Исфароиний раҳимаҳуллоҳ ва унга эргашганлар ҳам Аллоҳ таолонинг каломини умуман эшитилиши мумкин эмас, дейдилар. Бу Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг ихтиёр қилган қарашидир. Мазкур масала “ал-Бидоя”да зикр қилинган.


Учинчи масала.

Имом ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки, оламнинг яратувчиси “ҳикмат” билан тавсиф қилингандир. (Яъни, Аллоҳ таолони ҳар бир ишни ҳикмат билан амалга оширувчи, деб сифатлаймиз). У хоҳ “илм” (билиш) маъносида бўлсин, хоҳ ҳукм қилиш маъносидан бўлсин, фарқи йўқ. Имом ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ эса агар ушбу ҳикмат илм маъноси билан бўлса, унда у Аллоҳ таолонинг зотида турувчи азалий сифат, агар ҳукм қилиш маъносида бўлса, “таквин” қабилидаги ҳодис (пайдо бўладиган) сифат, дейдилар. Унингча, Борий таоло ҳодис (пайдо бўладиган) сифат билан тавсиф қилинмайди.

Толибжон Шарипов,
Чортоқ тумани “Зайд ибн Ҳорис” жоме
масжид имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг