Қоронғи режим
Image
Logo

Мукаммал ахлоқ соҳиби

Мукаммал ахлоқ соҳиби

Инсон хаётда доимо кимдандир ўрнак олиб, кимгадир тақлид қилиб яшайди. Кимдир кучли спротчига, кимдир машҳур олимга ва ҳоказо. Лекин ўйлаб кўрилса бу инсонлар маълум бир соҳадагина бизга ўрнак бўлиши мумкин холос. Чунки ҳаммада бир камчилик топилади. Дунёда мукаммал инсонни учратиш қийин. Инсоният яралгандан буён ҳар томонлама мукаммал, жисмонан, ақлан ва маънан етук, сахий, одобли, адолатли, шижоатли, меҳрибон, умуман, барча ижобий хислатларни ўзида мужассам этган шахс бу коинотда яшаганми? Агар яшаган бўлса, ким у? Биз у шахсни таниймизми? Агар танисак у зотнинг ҳаётидан ўрнак оляпмизми? Умуман, инсоният комолотга етиши учун кимдан ўрнак олиши керак? Мана шу саволларга жавоб изладим ва топдим. Ана шуларни сизлар билан баҳам кўрмоқчиман.

Сиз-у бизга мукаммал ўрнак була оладиган, ахлоқ чўққисининг энг юқори поғонасидан ўрин олган, дунёдаги барча ижобий хислатларни ўзида жамлаган, қандай ёмон сифатлар бўлса, уларнинг барчасидан холи бўлган зот бундан 1400 йил муқаддам, аниқроғи 570-632 йилларда арабистон ярим оролида яшаб ўтдилар. Ҳа, пайқаганингиздек у зот пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Қуръони Каримнинг “Қалам” сураси 4-оятда Аллоҳ таоло пайғамбаримизга қарата:

“Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз”, дея марҳамат қилган.

Мана шунинг ўзи юқоридаги фикримизнинг далилидир.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қийинчилик онларида бардошли, йўқчиликда сабрли, доимо  сахий, майдонда шердек жасур, оилада меҳрибон, раҳбар сифатида адолатли, жамият муомаласида жонкуяр ва инсонлар орасидаги энг ростгуйи эдилар. 

Росули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ташқи кўринишлари бениҳоя чиройли ва ҳушбичим эди. Абу Хурайра розияллоҳу анҳу:  Мен Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламдан чиройлироқ одамни кўрмадим. Қуёш гўё у зотнинг юзларида балқиб турарди. Кулганларида шуласи деворларга тушарди”, дея таърифлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам камтар ва мулойим эдилар. Кераксиз бирон гапни сўзламас эдилар. Қаҳ-қаҳ отиб кулмас эдилар. Кулишлари табассум эди. Ўзларини оддий одамдардек тутардилар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади : “Бир киши у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келди ва ҳайбатлари босиб гапиролмай қолди. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қўрқма, мен подшоҳ эмасман”,  дедилар”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонлар билан муомалада ҳам ажойиб ўрнак бўладилар. Биров билан кўришсалар у кичик ёшли бўлса ҳам аввал салом берардилар ва “Сизларнинг биринчи салом берганингиз Аллоҳга итоатлироғингиздир” дея, бошқаларни ҳам шунга тарғиб қилардилар. Овкатни кам ер ва ниҳоятда кам ухлар эдилар. “Одам боласи қорнидаги ёмон идишни тўлдиролгани йўқ. Унга туйиши учун бир неча луқма кифоя қилади. Шубҳасиз ошқозоннинг учдан бири таом, яна бири сув, яна бири нафас учундир”, деб таъкидлар эдилар. Ахлоқлари мукаммал эди. Ойиша розияллоҳу анҳудан у зот ҳақида сўралганда: “У кишининг хулқлари Қуръон эди. Қуръон рози булган нарсадан рози бўлар, ғазабланган нарсадан ғазабланар эдилар”, деб жавоб берганлар. У зотнинг дуолари шубҳасиз ижобат эди. Мушриклар у кишига мислсиз азиятлар берди. Мушрикларни дуойибат қилинг дейилганда: “Эй Аллоҳ, қавмимни ҳидоят қилги, чунки улар билишмайди”, дея Яратганга ёлборганлар. Бундайин ҳалимликни дунё кўрган эмас! Мушриклар росулуллоҳни  туғилган шаҳарлари Маккадан қувиб чиқаради. Вақти келиб катта бир куч-қудрат билан Маккага қайтдилар ва ўзларига азият берган, жабр-зулм қилган инсонларга қараб: “Биласизларми мен сизларни нима қиламан?” дедилар. Шунда мушриклар қўрқиб: “Сахий биродаримизнинг сахий ўғлисан”, дейишди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: “Озодсизлар!”, дедилар. Йиллар давомида чексиз ёмонликлар қилган душманларга қилган муомалалари у зотнинг ниҳоятда кечиримли эканликларини кўрсатади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оилавий ҳаётдаги муомалаларидан барчамиз ўрнак олишимиз зарур. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хатто меҳмонларга ўзлари хизмат қилардилар. Хабашистондан келган меҳмонларга хизматкорлар қўйинг дейишса ҳам ўзлари хизмат қилганликларини бир неча сахобалар ривоят қилишган. Ойиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ йўлидаги жангдан бошқа бирор кимсани чертмаганлар ҳам. Умрларида на хизматкорни ва на аёлларни урмаганлар.

Ўз юмушларини ўзлари бажарар, хатто, оёқ кийимларини ўзлари тикар эдилар. Ҳеч ким у зотни одамлар орасида оёқларини узатиб ўтирганларини кўрган эмас”, деганлар.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам нихоятда сахий эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Яхшиликка Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўллари жуда очиқ эди. Рамазон ойида янада сахий бўлиб кетардилар”, дея таърифлайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам болаларга ўзгача мехр кўрсатар эдилар. Хавла бинти Ҳаким Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) набираларидан бирини қучоқлаб: “Албатта сизлар одамни бахил қиласиз, албатта сиз одамни қўрқоқ қиласиз, албатта сизлар Аллоҳнинг райхонларидирсизлар”, дея эркалаганликларини эшитганини ривоят қилади. Шаъбий розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта эр киши боласининг бошини силашида ҳам ажр-савоб олади””,  дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни халқлари “Ал-Амин” яъни “ишончли”, “ростгўй” деб аташарди. Омонатга асло ҳиёнат қилмас эдилар. Хатто душманлари у зотга омонатини топширарди. У зотнинг ҳаё ва номуслари ҳам ўзгача эди. Хатто ҳаёлари юзлари қизариб кетишидан билинарди, деганлар баъзи сахобалар.  

У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида, у кишининг ахлоқлари ҳақида кўплаб асарлар, бир қанча китоблар ёзилган ва ёзилмоқда. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўрганиш жараёнида биламизки, у киши жуда камтар булганлар. Кибрдан энг узоқда эдилар. Камбағалларни холидан кўп хабар олардилар ва улар билан бирга кўп ўтирардилар. Одамлар орасида аҳдга вафо қилишда энг намуналиси эдилар. Қариндошларга яхшилик қилишда барчадан ўзар эдилар. Бировга ёмонлик қилмаган эдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб бермас эдилар. Одамларнинг энг шавқатлиги эдилар. Ҳеч кимга “уфф” демаганлар.  Ҳеч қачон ёлғон гапирмаганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини ўрганиш улкан савобдир.  Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламайтдилар: “Сизлардан бирингиз мени ота-онасдан, фарзандидан ва жамийки инсонлардан кўпроқ яхши кўрмагуча комил мусулмон бўлмайди”. Ҳамма ота-онасини, фарзандини яхши кўради. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни у киши талаб қилганларидек яхши кўра олмаслигимизнинг сабаби, биз у кишини танимаслигимиздадир. Биз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмай туриб нега севамиз? Чунки у зот бизни кўрмай туриб умматим дедилар, кўрмай туриб биз ҳақимизда қайғурдилпр.У зотнинг хаётларини ўргансак, у зотнинг биз умматларга, бутун инсониятга қилган хизматларини билсак, у кишига бўлган муҳаббатимиз мукаммал бўлади.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари Ҳадиси Шарифларда мукаммал тарзда ёритилган. Аждодларимиз саҳиҳ ҳадислар орқали У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламҳаётларини ўрганишган ва ундан ўрнак олишган. Дунё тан олган буюк муҳаддисларнинг бир нечтаси айнан бизнинг юртимиздан етишиб чиққани  Хадис илмига юртимизда  алоҳида эътибор берилганидан далолат беради.

Жамиятнинг ҳар бир аъзоси ҳадиси шарифларни урганиши ва у орқали Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқларидан ўрнак олиши лозим. Зеро, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз урнак олишимиз мумкин бўлган ягона инсондир. У кишининг ҳаётларини ўрганиб ўз ҳаётимизга тадбиқ этишимиз даркор. Фарзандлар тарбияасида ҳам Пайғамбаримизнинг ҳаётлари дастурул амал бўлмоғи лозим. Халқимиз тинчлиги, жамиятимиз равнақи ва давлатимиз ривожи йўлида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олмасдан иложимиз йуқ. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари биз учун мукаммал ўрнакдир.


Манбалар асосида тайерланди

Шамсиддин Эргашев,
Уйчи тумани “Ахмад Яссавий” жоме
масжиди имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг