МУСТАҚИЛЛИГИМИЗ АБАДИЙ БЎЛСИН!

Аллоҳ берган неъматлар ичида энг улуғи ва азизи бу- мустақиллигимиздир. Мустақиллик нафақат элу-юрт бошига балки, динимиз амаллари ва эътиқодимиз дурдоналарига хам манфаъатли, барокатлик бўлди. Халқимизни турмуш даражаси яхшиланиб, тўкис-фаровон бўлгани каби, диний қадриятларимиз қайта шаклланиб, масжид, мадрасалар барпо этилди. Ўз ўрнида таъкидлаш керакки Хаж масалалари мисли кўрилмаган даражага бориб етди. Бунинг бари мустақиллик шарофатидир.
Мустақиллик, Аллоҳ таолонинг бизга ато этган энг улуғ неъматидир. Неъмат бўлганда ҳам, ҳар куни, ҳар соат фикр юритиладиган, ҳар дам шукур қилинадиган қадри-шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай асраб- авайланадиган бебаҳо неъматдир.
Истиқлол туфайли жаннатмакон мамлакатимизда Ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилиб, эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Миллий ва диний қадриятлар тикланди, масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилганлиги Аллоҳ иноят этган ҳурлик неъматининг нишонасидир.
Ана шу имкониятлардан тўғри фойдаланиш ва бу буюк неъматларнинг шукронасини қилиб, қадрига етиб яшаш ҳамда мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Заминимиз узра ибодатларни эмин-эркин адо этиш неъматига доимий шукроналар айтишимиз лозим. Чунки, Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор: “…Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…”. (Иброхим сураси 7-оят) – деб таъкидлаганидек, Ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррардир. Муборак ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди”, - деб марҳамат қилганлар. (Имом Аҳмад ва Термизий ривояти).
Инсон қаерда дунёга келса, ўша ер унинг учун Ватандир. Киндик қони тўкилган жой унга ҳамма нарсадан қимматли. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилганларида Маккаи мукаррамани эслаб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, - деганлар. Демак, Ватанни севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.
Аллома Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг қуйидаги сўзлари Она Ватанни севган ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади: «Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордур. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб ўсган Она Ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини».
Ҳакимлар айтадилар: «Кишининг вафодорлиги унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади». Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидойилиги Ватанни ҳимоя қилиши, юрт тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда элнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиш билан ўлчанади. Аллоҳ таолога бўлган имонимиз ва ихлосимиз Истиқлол шарофати билан янада мустаҳкамланиб, зиёда бўлиб бормоқда.
Ватан соғинчи, мухаббати ундан йироққа кетганда билинади. Баъзида ватандан айрилган кишилар ўз соғинч ва мухаббатларини армон ва кўз ёшларида изхор этадилар. Аллоҳ бизларни хечқачон ватанимиздан айро қилмасин. Ватанимиз доимо гуллаб яшнайверсин. Мустақиллигимиз абадий бўлсин. Барча юртдошларимизга энг улуғ ва энг азиз байрам муборак бўлсин!
Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме
масжиди имом [атиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022